Ўзбекистон | 23:46 / 20.01.2022
9443
4 дақиқада ўқилади

Рақобат бор жойда солиқ юкининг ошиши нархларни оширмайди — МБ раиси

Рақобатга асосланган иқтисодиётда солиқ юкининг ўзгариши инфляцияга бевосита таъсир қилмайди, Ўзбекистонда эса ҳали рақобат муҳити тўла шаклланмаган, деди Мамаризо Нурмуродов.

Фото: Kun.uz

20 январ куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов Kun.uz мухбирининг солиқ юкининг ошиши инфляцияга қанчалик таъсир қилиши ҳақидаги саволига жавоб берди.

“Иқтисодчи сифатида шу нарсани айтишим керакки, солиқ юки ошиши ёки камайишининг бевосита инфляцияга таъсири йўқ, яъни унинг таъсири фақатгина маҳсулот ишлаб чиқарган бизнес субъектининг даромадига таъсир қилади. Чунки нарх-навони бозор белгилайди. Солиқ юки ошса, бевосита бу солиқлар орқали таннарх харажатлари ошиши мумкин. Ва, албатта, бу тадбиркор даромадларининг пасайишига таъсир қилади. Нарх-наво шаклланиши ва у орқали инфляцияга бунинг бевосита таъсири йўқ. Шу фикрдан келиб чиқиб, пул кредит сиёсатини шакллантирамиз”, – деди у.

Bankers.uz сайти журналисти солиқ юкининг ошиши маҳсулот таннархи ошишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб, бу инфляцион таргетлаш мақсадларига салбий таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида сўради.

Юқорида солиқ юкининг ошиши инфляцияга бевосита таъсир қилмаслигини айтган Марказий банк раиси ўзи билдирган фикрларга тузатиш киритди.

“Солиқ юкининг ошиши ижара тўловларига таъсирини ўтказади. Бевосита ишлаб чиқаришда эса даромадга таъсир қилади. Масалан, мана шу стаканнинг нархи 100 сўм, лекин эртага солиқ кўпайиб кетди, деб унинг нархини 110 сўм қилса, буни ҳеч ким олмайди. Фақат асосий нарса шуки, мен буни 100 сўмга сотиб, 30 сўм даромад олаётган бўлсам, энди менинг даромадим 10 сўмга камаяди.

[Солиқ юкининг ошиши] охир-оқибатда нархнинг ўсишига олиб келиши мумкин, қачонки буни ишлаб чиқариш менга зарарли бўлиб қолса. Зарарли бўлгандан кейин буни ишлаб чиқармайман, ишлаб чиқармасам бозорда таклиф камаяди, бу келгусида нархни оширади.

Бу – жуда узоқ жараён. Тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, бозор шароити, рақобат тўлиқ ривожланган иқтисодиётда солиқ юкининг ўзгариши бевосита инфляцияга таъсир қилмайди. Бизнинг шароитда эса бу савол жуда ўринли, чунки бизда ҳали рақобат муҳити тўлиқ шаклланмаган, айрим монопол ташкилотларимиз ёки айрим монопол йўналишда фаолият юритаётган субъектларимиз нарх-навога ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

Шу нуқтайи назардан саволингиз ўринли, мен бевосита рақобат муҳити шаклланган иқтисодиётдан келиб чиқиб айтяпман” – деди Мамаризо Нурмуродов.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январдан бошлаб юридик шахслар учун мулк солиғи 2 фоиздан 1,5 фоизга пасайтирилди, лекин бинолар учун солиқ базасининг минимал қиймати белгилаб қўйилди. Бу минимум қийматлар 1 кв.м. майдон учун қуйидагича:

  • Тошкентда – 2,5 млн сўм;
  • Нукус шаҳри ва вилоятлар марказлари –  1,5 млн сўм;
  • бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойлар – 1 млн сўм.

Давлат солиқ қўмитасининг прогнозига кўра, мазкур ўзгариш натижасида мулк солиғи тўловчи 69 мингта юридик шахсдан:

  • 21 мингдан ортиқроғи учун мулк солиғи ўтган йилгига қараганда камаяди;
  • 41 мингтасида мулк солиғи юки ошади;
  • 7 мингтасида мулк солиғи юки ўзгармай қолади.

Қўмита раиси Шерзод Қудбиев мулк солиғи ортиши нархларга таъсир қилмаслигини айтиб, буни умумий солиқлар доирасида мулк солиғининг улуши жуда кичиклиги билан изоҳлаганди.

Мавзуга оид