Ўзбекистон | 17:26 / 21.07.2022
17930
2 дақиқада ўқилади

Чуст тумани ҳокимлиги мансабдорлари «Абдумалик» масжидини тадбиркорга сотиб юборгани маълум бўлди

Наманган вилоятидаги «Абдумалик» масжиди 2018 йилда Чуст туман ҳокимининг қарори билан «қаровсиз ва эгаси аниқланмаган бино» деган важ билан ҳокимият балансига ўтказиб олинган ва сотиб юборилган.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, маданий мерос ёдгорлиги ҳисобланган Чуст туманининг Янгиҳаёт маҳалласида жойлашган «Абдумалик» масжиди ХХ аср бошига мансуб бўлиб, у 2018 йилда Чуст туман ҳокимининг қарори билан «ҳашар йўли билан қурилган, ҳозирда қаровсиз қолган, эгаси аниқланмаган бино» деган асоссиз важ билан Маданий мерос инспекцияси балансидан ҳокимият балансига ўтказилади.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Сўнг туман ҳокимлигининг ташаббуси билан ушбу масжид биноси аукцион савдолари орқали фуқаро Т.А.га 61 млн сўмга сотиб юборилган.

«Туман ҳокимининг 30.04.2019 йилдаги қарори билан ушбу маданий мерос объектини қайта қуришга ноқонуний равишда рухсат берилади. Оқибатда, фуқаро Т.А. томонидан «Абдумалик масжиди»нинг 61,1 кв метр шифт қисмининг қайтадан таъмирланиб, туси ўзгартирилгани натижасида унга 806,5 млн сўм жиддий зарар етказилган», — дейилади расмий баёнотда.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Ҳозирда Чуст туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид