Иқтисодиёт | 11:11 / 06.02.2025
3174
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалиги дронлари ишлаб чиқарилади

Meraque компанияси билан ҳамкорликда Янгийўл туманидаги Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш илмий-тадқиқот институти ҳудудида ақлли қишлоқ хўжалиги техникалари ва дронларни маҳаллийлаштирган ҳолда ишлаб чиқариш бўйича келишув имзоланди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида бир нечта йўналишда ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизими масъуллари, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда туман раҳбарлари ва кластерлардан иборат делегация Малайзияда хизмат сафарида бўлиб турибди.

Ташриф давомида ақлли қишлоқ хўжалиги технологиялари ва дронлар ишлаб чиқариш, шоличилик, балиқчилик, каучук етиштириш, мева-сабзавот ва ипак маҳсулотларини экспорт қилиш каби йўналишларда амалий ҳамкорлик ишларини бошлашга келишиб олинди.

Хусусан, Meraque компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш илмий-тадқиқот институти ҳудудида ақлли қишлоқ хўжалиги техникалари ва дронларни маҳаллийлаштирган ҳолда ишлаб чиқариш бўйича келишув имзоланди.

Бундан ташқари, Малайзия Қишлоқ хўжалиги тадқиқотларини ривожлантириш институти ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар маркази ўртасида имзоланган келишув асосида малайзиялик селекционер олимлар томонидан яратилган шўрга ва сувсизликка чидамли, қора, узун ҳамда ароматик шоли навларини Ўзбекистонда тажриба сифатида экиб кўпайтириш учун уруғлар олиб келинади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда етиштирилган «Девзира» шоли уруғлари Малайзияга жўнатилади.

Малайзия Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазирлигининг Балиқчилик департаменти ҳамда «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ҳамкорлигида Ўзбекистонда Малайзиянинг янги технологиялари асосида интенсив балиқчилик, биофлок ва криветка етиштириш лойиҳалари йўлга қўйилади.

Малайзия Қишлоқ хўжалиги маркетинг агентлиги билан ҳамкорликни ривожлантириш орқали Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавот ва ипак маҳсулотларини экспорт қилиш йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, Малайзиянинг Жаким ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонлик фермерлар ва тадбиркорлар учун Ҳалол сертификати олиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид