Ўзбекистон | 20:43 / 25.11.2022
55158
3 дақиқада ўқилади

Ҳудудларда Президент администрацияси раҳбарининг ёрдамчилари иш бошлайди

Президент администрацияси раҳбарининг ҳудудлардаги ёрдамчилари лавозимлари ташкил этилди. Сардор Умрзоқовнинг ёрдамчилари бевосита ўзлари бириктирилган ҳудудларда ишлайди ва администрациянинг ҳудудлар билан тўғридан тўғри алоқасини таъминлайди.

Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов / Фото: Kun.uz

Ҳудудлардаги Халқ қабулхоналари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун Президент администрацияси раҳбарининг ёрдамчилари лавозимлари ташкил этилмоқда.

Администрация раҳбарининг ёрдамчилари ўз фаолиятини бевосита ҳудудларда амалга оширади. Бу лавозимлар мавжуд штат бирликларини қисқартириш эвазига ташкил этилади.

ЎзА хабарига кўра, бу борада президент фармони қабул қилинган. Ҳужжатда мазкур ўзгариш “ҳудудлар билан тўғридан тўғри алоқаларни ўрнатиш ва жойлардаги вазиятдан келиб чиқиб, тезкор чоралар кўриб бориш мақсади” билан изоҳланган.

Расмий хабарга кўра, сўнгги пайтларда Халқ қабулхоналари фаолияти етарли самара бермаяпти, жойлардаги муаммоларни ҳал қилишда сусткашликка йўл қўйиб, асосан сансалорлик билан шуғулланяпти, бу эса аҳолининг ҳақли эътирозларини келтириб чиқаряпти. Шу сабабли Халқ қабулхоналари институтини кучайтириш юзасидан айрим вазифалар белгиланган.

Хусусан, ҳудудларда администрация ёрдамчилари фаолият бошлашидан ташқари, Халқ қабулхоналари ходимларига таъсирчан чора сифатида давлат органлари ва ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бўйича қонунбузилишлар юзасидан маъмурий баённомалар тузиш ва судга юбориш ҳуқуқи берилмоқда.

Фармон билан, шунингдек, президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси (бунга қадар Турсинхон Худайбергенов маслаҳатчи эди) ва президентнинг давлат хизмати масалалари бўйича маслаҳатчиси (бунгача вакант эди) лавозимлари тугатилиб, уларнинг негизида янги лавозим – президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилган.

Таъкидланишича, бундан мақсад – давлат ва фуқаролар ўртасида ҳамкорликнинг янги тизимини ташкил этиш, давлат органларида мурожаатларини кўриб чиқишнинг замонавий ёндашувларини жорий этиш ва жойларда муаммолар ҳал этилиши устидан таъсирчан назоратни ўрнатишдир.

Аввалроқ янги ташкил этилган лавозимга Ғофуржон Мирзаев тайинлангани маълум бўлганди. У бунгача Сирдарё вилояти ҳокими эди.

Мавзуга оид