Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўқон ва Фарғонада “опий” ва “гашиш”нинг катта партиялари мусодара қилинди
Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирларда Қўқон ва Фарғона шаҳарларида бир қатор наркожиноятлар фош этилди. Амалиётлар давомида “опий” ва “гашиш”нинг катта партиялари ашёвий далил сифатида олинди.
Фото: Видеодан кадр
ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда, Тожикистондан контрабанда қилинган гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи, 1984 йилда туғилган фуқаронинг Қўқон шаҳридаги яшаш хонадони кўздан кечирилди.
Натижада хонадон ошхонасидан 4 кг 572 гр “опий” ҳамда 1 кг 58 гр “гашиш” моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, унга тожикистонлик наркосавдогарлар WhatsApp мессенжери орқали юборган геолокация асосида, муқаддам Данғара тумани ҳудудига яшириб кетилган 9 кг 980 гр “опий” моддаси ҳам олинди.
Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситаларини қайта ишлаб, истеъмолга тайёр ҳолатга келтиришда ёрдам берган, Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи 1969 йилда туғилган шахс ўз яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил қилгани аниқланди. Унинг хонадонидан ҳам 7 кг 226 гр “опий” моддаси олинди.
Яна бир ҳолатда Қўқон шаҳри ҳудудида ҳаракатланаётган 1980 йилда туғилган маҳаллий фуқаро бошқарувидаги Lacetti русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унда муқаддам 34 минг АҚШ долларига сотиб олинган 5 кг 22 гр “опий” моддаси борлиги маълум бўлди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, унга наркотик моддани сотган 1985 йилда туғилган ҳамшаҳари ҳамда унинг жиноий шериги бўлган 1985 йилда туғилган Тожикистон фуқароси қўлга олинди. Шунингдек, тожикистонлик фуқаронинг Ўзбекистон туманидаги хонадонидан 2 кг 362 гр “опий” моддаси олинди.
Қўқон шаҳрида қайд этилган яна бир ҳолатда “Нексия” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Унда йўловчи сифатида кетаётган 1992 йилда туғилган фуқарога тегишли сумка ичида 982 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланди. Маълум бўлишича, у гиёҳвандлик воситасини муқаддам тожикистонлик наркокурерлар томонидан Қўқон шаҳри ҳудудига яшириб кетилган хуфия жойдан олган.
Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса 2000 йилда туғилган шахс Тожикистондан олиб келинган 989 гр “гашиш” моддасини харидорга 150 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
20:37 / 02.04.2026
Фарғонада банк ходими мижозни ўлдириб, жасадни каналга ташлаб юборди
08:15 / 02.04.2026
Героинни сварка аппарати ичига яширган шахс ушланди
08:33 / 30.03.2026
Наркосавдо ва ноқонуний дориларга қарши тезкор операциялар ўтказилди
12:29 / 26.03.2026