Жамият | 08:33
1260
2 дақиқада ўқилади

Наркосавдо ва ноқонуний дориларга қарши тезкор операциялар ўтказилди

“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар ва божхона органлари ҳамкорлигида мамлакат ҳудудларида гиёҳвандлик воситалари ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши қатор тезкор операциялар амалга оширилди.

Фото: ДХХ

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 1983 йилда туғилган шахс ушланиб, унинг ёнидан 5 грамм “опий” моддаси топилди. Шунингдек, у ижарага олган хонадондан 887 грамм “опий” ва 71 грамм “героин” гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинди. Мазкур шахс ушбу моддаларни қўшни давлатдан олиб келиб, кейинчалик сотиш орқали даромад топишни режалаштирган.

Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда эса 1991 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонидан муқаддам Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган, умумий баҳоси 140 миллион сўмлик 2800 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланиб, мусодара қилинди.

Шу каби ҳолат Тошкент вилоятида ҳам қайд этилди. Тошкент туманида яшовчи 1996 йилда туғилган шахс ва унинг 1994 йилда туғилган, Қозоғистон фуқароси бўлган шериги олдиндан келишган ҳолда, контрабанда йўли билан олиб келинган 300 мл “Тропикамид” дори воситасини харидорга 300 АҚШ доллари ва 600 минг сўмга сотаётган вақтда ушланди.

Уларнинг ёнидан бир неча дона “Прегабалин” капсулалари ҳамда “Тропикамид” суюқлиги бўлган флаконлар ашёвий далил сифатида олинди. Ноқонуний фаолият билан шуғулланган шахслар кучли таъсир қилувчи моддаларни турли номдаги дори воситалари идишларига жойлаштирган ҳолда мамлакатга олиб кирган.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқаролардан шубҳали ҳолатларга дуч келганда Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилиш сўралди. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид