Ўзбекистон | 22:11 / 15.12.2023
11201
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон болалар ташкилоти» тузилади

Шавкат Мирзиёев ёшлар сиёсатида амалга оширилган ишлар ва келгуси йилдаги устувор вазифалар бўйича ҳисобот билан танишди. Йиғилишда болаларнинг кўникмалари, қизиқишлари ва истеъдодини ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан шуғулланадиган «Ўзбекистон болалар ташкилоти»ни тузиш таклифи берилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев 15 декабр куни ёшлар сиёсатида амалга оширилган ишлар ва келгуси йилдаги устувор вазифалар бўйича ҳисобот билан танишди. 

Қайд қилинишича, бу борадаги чора-тадбирлар 7 та йўналишда амалга оширилган. Жумладан, давлатнинг алоҳида эътиборига муҳтож 396 минг нафар ёшлар мутасадди раҳбарларга бириктирилиб, улар билан индивидуал ишлаш орқали 331 мингининг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмак берилган. 94 минг нафарининг бандлиги таъминланган, 56 минги касб-ҳунарларга ўқитилган. 

«Ёшлар дафтари» орқали кўрсатиладиган ёрдам турлари сони 30 тага етказилган, мурожаатларни кўриб чиқиш муддати эса 30 кундан 5 кунгача қисқарган. 

Истеъдодларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида кечаю-кундуз фаолият юритадиган илк «Креатив парк» фойдаланишга топширилган. «Заковат» ва бошқа интеллектуал ўйинларга 2 миллион нафар ёшлар жалб қилинган. 

Президентга Навоий вилоятида барпо этилган Тўдакўл халқаро шахмат мактаби тўғрисида ҳам маълумот берилди. 

Замонавий инфратузилма билан таъминланган ушбу мактаб йил давомида 1 минг 700 нафар ўғил-қизни ўқитиш ва 7,5 минг нафар ёшни турли тадбирлар билан қамраб олиш имкониятига эга. У ерда жаҳон ва Осиё чемпионатлари, универсиада каби халқаро мусобақаларни ўтказиш учун барча шарт-шароит яратилгани айтилмоқда. 

Давлат раҳбари ушбу мактабга халқаро гроссмейстерларни олиб келиб, олис ҳудудлардаги иқтидорли болаларни ҳам жалб қилиш, улар учун шахмат бўйича қисқа муддатли оромгоҳлар ташкил қилиш ва тегишли сертификатлар беришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, у мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактаблари учун тажриба ва методика манбаи бўлиши кераклиги, шахмат дарсларини олиб бориш жараёнини рақамлаштириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. 

Йиғилишда ёшлар билан ишлаш борасида 2024 йилга мўлжалланган устувор вазифаларга ҳам эътибор қаратилди. 

Ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идоралар тизимида ёшлар билан ишлаш бўйича янгича ёндашув жорий этилади. Ёшлар етакчиси тавсияси билан бериладиган ёрдам турлари трансформация қилиниб, асосий эътибор уларни замонавий касб-ҳунарга ўргатишга қаратилади. 

Болаларнинг кўникмалари, қизиқишлари ва истеъдодини ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзбекистон болалар ташкилоти»ни тузиш таклифи билдирилди. Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш борасидаги илмий-тадқиқот ва таҳлилий ишларни такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. 

«Ибрат фарзандлари» лойиҳаси орқали хорижий тилларни ўрганаётган ёшлар сони 1 миллион нафарга, «Мутолаа» дастури орқали ёш китобхонлар сони 1,5 миллион нафарга етказиш чоралари кўрилади. Бунинг учун ҳудудларда қўшимча инфратузилма барпо этилиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва истеъдодини рўёбга чиқариш учун янада кенг шароитлар яратилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид