Жаҳон | 11:09 / 26.04.2026
4204
5 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқда ядровий мувозанат | “Геосиёсат”

АҚШ–Эрон қарама-қаршилигининг асосий сабаби сифатида кўпинча Теҳроннинг ядро қуролига интилиши тилга олинади. Эрон буни ўз хавфсизлигининг кафолати деб кўради, лекин агар мамлакат ядровий салоҳиятга эга бўлишни уддаласа, Саудия Арабистони ҳам муқобил жавоб чораларини излай бошлайди.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар жонли эфирда томошабинлардан келиб тушган саволларга жавоб беришди

— Агар Эрон ядро қуролига эга бўлса, Қўшма Штатлар Саудия Арабистонига ўз ядро арсеналини жойлаштириши мумкинми?

Ойбек Сирожов: Бундай эҳтимол мавжуд, АҚШ ўз ядро қуролларини ҳудудга жойлаштириши ёки Саудия Арабистонига мустақил равишда ядро дастурини ривожлантириш учун шароит яратиб бериши мумкин. Бу эса мутлақо янги ва ўзига хос геосиёсий жараённи бошлаб беради. Бундай вазиятда Туркия ҳам бефарқ қолмайди.

Саудия Арабистони ва бошқа минтақа давлатлари ҳам пассив кузатувчи бўлиб қолмайди. Натижада Яқин Шарқда яна уч-тўртта янги ядро қуролига эга давлатлар шаклланиши эҳтимоли юзага келади. Бу ерда энг мураккаб масала шундан иборатки, ҳозирги кунда Форс кўрфази давлатлари хусусан, Қатар ва Саудия Арабистони Қўшма Штатлар билан муносабатларини айнан хавфсизлик кафолати сифатида мустаҳкамламоқда.

Агар улар хавфсизликни таъминлаш воситаси сифатида ядро қуролини ёки АҚШга муқобил кучни кўра бошласа, бу Қўшма Штатларнинг минтақадаги ролини сезиларли даражада сусайтириши мумкин. Иккинчидан, бундай шароитда Қўшма Штатлар Эронга ҳозиргидек босим ўтказиш имкониятидан маҳрум бўлади.

Шимолий Корея тажрибасига ўхшаш тарзда, Эрон ҳам шунга яқин стратегияни қўллаши мумкин. Яъни ташқи босим кучайтирилса ёки ҳудудига ҳаво зарбалари берилса, ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид қилиш орқали жавоб қайтаради. Бу эса АҚШни тийиб турувчи омилга айланиб, ҳатто унинг минтақадаги ҳарбий базаларини босқичма-босқич қисқартиришига олиб келиши мумкин.

Камолиддин Раббимов: Энди, халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан қарайдиган бўлсак, ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги халқаро конвенцияга кўра, бир давлатнинг ядро қуроллари бошқа давлат ҳудудида жойлаштирилиши, биринчидан, қатъиян чекланган. Иккинчидан, бундай ҳолатда ҳам ушбу қуролларни бошқариш ёки улардан фойдаланиш ҳуқуқи мезбон давлатга берилиши мумкин эмас.

Масалан, Европадаги айрим давлатларда АҚШнинг ядровий ракеталари ва каллаклари жойлаштирилган.

Жумладан, Италия ва Белгияда, шунингдек, совуқ уруш даврида Германия ҳамда Туркиядаги Инжирлиқ базасида ҳам шундай ҳолатлар кузатилган. Бугунги кунда Саудия Арабистонига “ядровий соябон” тақдим этиши мумкин бўлган асосий номзодлардан бири — Покистон. Бироқ Покистон ҳозирча бундай қадам ташлашга журъат қилмаяпти, чунки бу ядро қуролларининг тарқалишини янада кенгайтириши мумкин. Ҳуқуқий жиҳатдан бундай қуроллар Покистон тасарруфида қолади, аммо Саудия ҳудудида жойлаштирилиб, унинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилса, бу ядро тарқалишининг билвосита шаклига айланади. Одатда халқаро ҳуқуқ бундай механизмларга ҳам чеклов қўяди.

Шунингдек, Саудия Арабистони айнан АҚШдан бундай ёрдам сўраши мумкинми, деган савол ҳам мавжуд. Сўнгги йилларда Саудия АҚШ билан алоқаларни тўлиқ узмаган ҳолда, мувозанатли сиёсат юритмоқда, яъни масофани сақлаган ҳолда ҳамкорлик қилмоқда. Шу билан бирга, Россия ва Хитой билан ҳам ижобий муносабатларни ривожлантирмоқда.

Яна бир эътиборга молик жиҳат Туркия ички сиёсатида илгари сурилаётган янги геосиёсий ғоялардир. 2025 йилдан бошлаб президент Эрдўғаннинг иттифоқчиси Давлағ Баҳчели парламентда коалиция доирасида муҳим рол ўйнамоқда. Баҳчели томонидан илгари сурилаётган ғоялардан бирига кўра, дунёда янги давр бошланган, Совуқ уруш якунланган ва АҚШ энди асосий хавфсизлик кафолатчиси сифатида қаралмайди.

Унинг фикрича, келажакдаги асосий таҳдид Исроилдан келиши мумкин. АҚШ эса Исроилнинг асосий ҳомийси.

Шу нуқтайи назардан, у Туркия НАТО аъзоси бўлиб қолган ҳолда, бир вақтнинг ўзида Россия ва Хитой билан ҳам мудофаа ва ҳамкорлик бўйича янги пакт тузиши керак, деган ғояни илгари сурмоқда. Бу эса халқаро экспертлар орасида катта қизиқиш уйғотаётган, баҳсли ва мураккаб геосиёсий концепция ҳисобланади.

Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид