Сўнгги 50 йилда афғонлардай қийналган халқ бўлмаса керак. Бу муддатда уларнинг уйида бир кун ҳам тинчлик бўлмади. Аввалига совет армияси бостириб кириб, 10 йил жанг қилди. Кейин толиблар пайдо бўлди ва фуқаролар уруши бошланди. 2001 йилда Афғонистонга АҚШ ҳарбийлари киритилди. Америкаликлар толибларга қарши 20 йил жанг қилди ва охир-оқибат улар ҳам Афғонистонни тарк этди.

Афғонистон тарихига қаралса, бу юрт тарихда кўплаб саркардалар томонидан эгалланган, империялар таркибига кирган.

Жумладан, Ғазнавийлар, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Чингизийлар, Темурийлар давлатларининг бир қисми бўлган. Афғонистонга бир муддат Шайбонийлар ҳам эгалик қилган.

Шунингдек, ўз юртига сиғмаган Бобур 1504 йилда Афғонистонни эгаллаб, уни 20 йил бошқаради. Сўнг Ҳиндистонни эгаллайди. Ўшанда афғон қабилалари Бобурга ҳинд юртини забт этишда ёрдамлашади.

Бобурийлардан сўнг афғонлар юртини Сафавийлар давлати эгаллайди ва бир неча аср ҳукмронлик қилади. Ўз даврида юқорида номлари келтирилган империялар афғонларни қийинчилик билан бўйсундирган.

Масалан, мўғуллар қўшини ҳозирги Афғонистон ҳудудига етиб келганда Бомиён водийсида қаттиқ қаршиликка учрайди. Натижада Чингизхоннинг набираси ўлдирилади.

Бундан ғазабланган мўғуллар водий аҳолисини бутунлай қириб ташлайди ва уларнинг ўрнига ўз одамларини жойлаштиради. Бугун Афғонистонда яшовчи ҳазора миллати ўша мўғулларнинг авлодлари ҳисобланади.

Шунингдек, бир пайтлар Амир Темур ҳам афғонларни бўйсундиришда қийинчиликларга дуч келган. Ривоятларга кўра, афғонлар бир неча марта Амир Темур қолдирган қўмондонни ўлдиришган, қўшинни қириб ташлашган.

Афғонларнинг босқинчиларга қарши кураши минтақага Британия ҳарбийлари кириб келганидан сўнг янада авж олади. Афғонлар “ғайридинлар” қўл остида яшашни истамайди ва инглизлар босқинига муносиб қаршилик кўрсатади.

Кейинчалик, 20- ва 21-асрларда афғонлар яна иккита йирик давлат, СССР ва АҚШ босқинида ҳам мардона ҳимояланади.

Афғон давлатининг ташкил топиши

18-аср бошларида ҳозирги Афғонистон таркибига кирган ҳудудлар Сафавийлар давлати ва Бухоро хонлиги таркибида эди. Сафавийлар давлати заифлашгач Қандаҳор ва Ҳирот мустақил бўлади.