Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“8,5 триллионнинг ҳаммаси дастур бўйича ишлатилади” – Қаҳрамон Қуронбоев
Президент 26 декабрь кунги йиллик мурожаатномасида маҳаллаларни ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув учун 8,5 трлн сўм ажратилишини эълон қилди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раисининг Kun.uz’га айтишича, бу катта миқдор бўлгани боис пул маҳаллабай тақсимланади. Қилинадиган дастурда йўл, сув, инфратузилма ва рақамлаштириш масалалари олдинги ўринда бўлади.
Шавкат Мирзиёев 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилди. Йиллик мурожаатномасида давлат раҳбари маҳалла тизимига бир неча марта тўхталди. Маълум бўлишича, келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилади. Ҳар бир вилоятда 2-3 тадан туманни танлаб, ҳамма маҳалладаги барча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қиладиган тизим яратилади. Уларда бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам ривожлантирилиши керак.
Президент бу мақсадлар учун жами 8,5 триллион сўм ажратилишини эълон қилди. Депутатларга эса ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм берилмоқда.
Мурожаатномада президент 2026 йил коррупцияга қарши курашиш бўйича ишлар жиддий олиб бориладиган давр бўлишини эслатди. Ҳаттоки янги йилда коррупция бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Шундай экан, маҳалла тизимига бериладиган 8,5 триллионнинг нималарга ишлатилиши – ўринли савол. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг Kun.uz’га айтишича, пул миқдори кўплиги боис маҳаллабай тақсимланади.
“Энди бир нарсани тўғри билишимиз керакки, 8,5 триллион сўм пул – ишлаб чиқилган дастур асосида ишлатилади. Ҳар битта маҳаллага қанча ажратилади, йўлига қанча-ю сувига қанча – ҳар биттаси дастур орқали. Президентимиз рақамлаштириш масаласига алоҳида эътибор бердилар. 2025 йилдаги рақамли маҳалла платформаси орқали пулнинг тўғри ишлатилиши назорат қилиб борилади”, - дейди Қаҳрамон Қуронбоев.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг октябрида президент 2026 йилдан бошлаб маҳаллалар бюджетига ҳар йили 200 млрд сўмдан берилишини маълум қилганди.
Мавзуга оид
12:30 / 17.10.2025
Касаба уюшмалари маҳаллалар билан ишлайдиган тизим йўлга қўйилади
16:32 / 14.02.2024
Маҳаллаларда мадҳия айтиш топшириғини Қаҳрамон Қуронбоев бергани маълум бўлди
11:53 / 17.01.2024
Қаҳрамон Қуронбоев президент администрациясидан кетди
23:38 / 19.10.2023