Ўзбекистон | 08:20 / 15.06.2024
3567
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон тарихига оид ноёб экспонатлар илк бор Британия музейларида намойиш этилади

Британия музейларида илк бор VII асрда яратилган олти метр узунликдаги монументал деворий сурат, шунингдек, VIII асрга оид фил суягидан ясалган дунёдаги энг қадимги шахмат доскаси каби Самарқанд музейлари коллекцияларидан намуналар намойиш этилади.

Фото: Дунё

Британиянинг нуфузли The Guardian газетасида "Аср кўргазмаси: Ўзбекистондан Лондонгача бўлган Ипак йўли" сарлавҳали мақола эълон қилинди.

"Дунё" хабарига кўра, нашрда Британия музейларида илк бор VII асрда яратилган олти метр узунликдаги монументал деворий сурат, шунингдек, VIII асрга оид фил суягидан ясалган дунёдаги энг қадимги шахмат доскаси каби Самарқанд музейлари коллекцияларидан намуналар намойиш этилиши таъкидлаган.

Маълум қилинишича, экспонатлар жорий йилнинг сентябр ойида очиладиган кўргазма учун қадимий Самарқанд шаҳридан Британияга етказилади. "Тарихда биринчи марта Ўзбекистон музейларидаги экспонатлар Британияга келтирилмоқда", дейилади мақолада.

Қайд этилишича, ушбу кўргазмада 300 дан ортиқ экспонатлар 29 та миллий ва халқаро муассасалар томонидан тақдим этилади.

"Туя, от ва фил минаётган одамлар тасвирланган олти метрли деворий сурат Самарқанддаги музейнинг "Элчилар зали"да жойлашган. 660 йилларга оид ва 1960 йилларда топилган ушбу қадимий сурат минтақада йирик савдогарлар бўлган қадимги суғдлар томонидан яратилган ноёб санъат намунасидир", – дея таъкидлаган The Guardian.

Мақолада, шунингдек, 2025 йилнинг февралига қадар давом этадиган ушбу кўргазма чипталари яқин кунларда сотувга чиқарилиши хабар қилинган.

Мавзуга оид