Жамият | 16:10 / 25.04.2022
34697
6 дақиқада ўқилади

Японияда мактаб таълими: Ўқитувчи обрўси, маоши ва намунали жиҳатлар

Японияда ўқитувчи бўлиш учун лицензия олиш керак, кўчада ўқитувчи эканингизни айтсангиз, сизга ҳавас билан қарашади. Энди ишга кирган ўқитувчиларнинг ойлиги 2,5 минг доллар, дейди япон давлат мактабида инглиз тилидан дарс бериб келаётган ватандошимиз Соҳибжон Абдуллаев.

Соҳибжон Абдуллаев – тажрибали педагог. Ҳамюртимиз 10 йилга яқин вақт давомида Япония давлат мактаби ва Фукуока педагогика университетида инглиз тилидан дарс беради.

Ватандошимиз Kun.uz мухбири билан суҳбатда япон умумтаълимининг ўзига хос хусусиятлари, ўқитувчиларга тўланадиган маош, уларнинг обрўси баландлигининг сабаблари ва кейинги ўқув йилидан Ўзбекистонда япон тажрибасидаги мактаб очмоқчи экани ҳақида сўзлаб берди.

Японияда болани 3 ойликдан боғчага бериш мумкин

Агар ота-онадан бири ишласа, улар болани 3 ойликдан боғчага бериши мумкин ва болалар ҳам асосий тарбияни боғчадан олади. Боғчанинг ўзига хос тартиблари бор: болалар унга қатнай бошлагандан мустақиллик ва жамоавийликка ўргатилади. Катталар болаларини боғчанинг ичкарисигача олиб кириши шарт эмас, кичкинтойларнинг ўзи ҳамма нарсаларини мустақил жойлаштириб боғча машғулотларига қўшилади, боғча ёшиданоқ навбатчилик йўлга қўйилади. Ва бу мактабда ҳам давом этади.

Менинг 5 нафар фарзандим бор: энг каттаси ўрта мактабга, 2 нафари бошланғич мактабга, яна 2 нафари эса боғчага боради. Улар боғча ва мактабдан уйга қайтишгач, ўзбекча тарбия беришга, маданиятимизни ўргатишга ҳам ҳаракат қиламиз.

Бир синфда 42 нафаргача ўқувчи бор

Японияда ўқув йили апрелдан бошланади. Шу ойгача 6 ёшга тўлган болалар мактабга қабул қилинади. Бошланғич мактаб – 1-6-синфлар, ўрта мактаб – 7-9-синфлар, ундан сўнг юқори мактаб – 10-12-синфлар ҳисобланади.

Ўқувчи бошланғич мактабни битиргач, ўз ҳудудидаги ўрта мактабга, уни тугатгач, юқори мактабга имтиҳон асосида олинади.

Мактабларда ҳар куни дарслар бошланиши ва тугашида йиғилиш бўлади, болалар синфхоналарни ўзлари тозалашади.

Мактабда болаларни китоб ўқишга ўргатувчи алоҳида кутубхона дарси бор. Бунда болалар кутубхонадан китоб олиш ва фойдаланиш, уни ўқиш қоидаларини ўрганади.

Бир синфда 42 нафаргача ўқувчи бўлиши мумкин. Болалар боғчадан ўз-ўзи билан ишлашга ўргатилгани учун кўп сонли ўқувчилар билан ишлаш қийин эмас. Масалан, инглиз тилидан янги нарса ўргатсам, ҳар бир ўқувчидан сўраб ўтирмайман, болаларнинг ўзлари гуруҳларга бўлиниб, бир-бири билан савол-жавоб қилади. Оралиқ ва якуний назорат орқали ўқитувчи уларни баҳолайди.

Японияда ўқитувчи обрўси нега баланд?

Япон мактабларида ҳам худди бизники каби ота-оналар кенгашлари бор. Фарқли тарафи: бу ерда кенгашларнинг обрўси жуда баланд, улар мактаб қабулига ҳам жалб қилинади.

Бундан ташқари, японлар кўп ишлашади. Шунинг учун фарзанди таълимини ўқитувчига ишониб топширишади. Ўқитувчилар эса бу ишончни оқлашган. Шунинг учун ўқитувчининг обрўси жуда баланд.

Жамоат орасида ўзимни таништирганимда “Ўўў” деб ҳавас қилишади ва кейинги сафар кўришиб қолганда “Устоз” деб чақиришади.

Ўқитувчи бўлиш учун лицензия олиш керак

Японияда ҳам ўқитувчилар тайёрлайдиган махсус педагогика университетлари бор. Бироқ бундай ОТМларни тугатиб бирданига ўқитувчи бўлиб ишлаш мумкин эмас. Ўқитувчи бўлиш учун лицензия талаб этилади. Талабгор хоҳ педагогикани, хоҳ бошқа йўналишни тугатган бўлсин, лицензия олгачгина мактабларда иш бошлаши мумкин.

Лицензия олиш осон эмас, бунинг учун махсус тайёрланиш керак. Лицензиянинг амал қилиш муддати – 10 йил, муддат тугагач, яна қайтадан имтиҳон топшириб, лицензиясини янгилайди.

Япон ўқитувчилари қанча ойлик олади?

Япон мактабларида маош тажрибага қараб белгиланади. Дастлаб иш бошлаганда ўқитувчи тахминан 2,5 минг доллар ойлик олиши мумкин. Тажрибага қараб ўқитувчининг ойлиги ошиб боради. Мактаб директорлари 4-5 минг долларгача маош олади.

Шунингдек, ўқитувчи ишлаётган мактабнинг шаҳардан четда, шаҳар марказида, олисроқ ҳудудда эканига қараб ҳам ойликлар фарқланади.

Лекин ўқитувчининг даромади харажатларини қоплашга бемалол етади. Деярли ҳамма ўқитувчининг ўз шахсий автомобили бор.

Мактаблардаги экологик таълим

Япон мактабларида ўқувчилар тозалаш ишларини ўзлари қилишади. Бу тарбия боғчадан бошлаб ўргатилади. Тозалаш санъат даражасига чиққан. Кейинчалик бу жараён иш жойларида ҳам давом этади. Шунинг учун тозалик вақти японлар учун одатий ҳол.

Японияда ишхоналарда фаррошлар ишламайди. Ҳатто паркларда чиқинди қутилари ҳам деярли йўқ. Одамлар ўз чиқиндиларини уйига олиб кетишади.

Бир мисол: энг катта ўғлим боғчага борадиган пайти бир йил муддатга Ўзбекистонга қайтганмиз. Танишимизнинг ўғлим тенги фарзандларига ширинликлар олиб боргандик, улар ширинлик қоғозларини ерга ташлаб юборишган. Ўғлимнинг ўша пайтда ўз тенгдошларининг чиқиндиларни ерга ташлашига реакцияси ҳеч ёдимдан чиқмайди. У тозаликка жуда ўрганиб қолганди.

Хорижлик ўқитувчи ишга кириши осонми?

Япониянинг давлат мактабида дарс бериш осон эмас. Айниқса, чет тилидан дарс ўтиш учун бу тил ўқитувчининг она тили бўлиши керак. Масалан, инглиз тили ўқитувчи бўлиш учун педагогнинг она тили инглиз тили бўлиши лозим.

Менда ижобий тавсияномалар борлиги сабабли дарс ўтиш имконига эга бўлганман.

Ўзбекистонда япон мактаби очамиз

Кейинги йил Ўзбекистонда япон таълимига асосланган мактаб очишни режалаштирганмиз. Бу мактабга Япониядан ўқитувчилар жалб қиламиз. Қолаверса, болаларимиз япон мактабида ўқиётгани учун уларнинг ҳам тизимдан хабари бор.

Мен Япониядан ўзбек таълими учун ўзлаштириш мумкин деб ҳисоблайдиган бир қанча жиҳатлар бор:

Биринчиси – тартиб.

Иккинчиси – кутубхона дарси. Ўқувчиларга китобни қандай ўқиш, китоблар билан қандай ишлашни ўргатиш ҳам керак деб ўйлайман.

Учинчиси – тозалик. Ўқувчилар мактабни ўзлари тозалашини жорий қилиш ва бу орқали экологияга яхши муносабатни шакллантириш мумкин.

Бундан ташқари, ўқувчиларни ўз-ўзини бошқаришга ўргатиш тажрибаси ҳам муҳим. Бу тартибларни келаси йилда Ўзбекистонда очишни режалаштирган япон мактабида амалиётда қўллашни режа қилганмиз.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди. 

Мавзуга оид