Жаҳон | 12:55 / 12.01.2026
1783
3 дақиқада ўқилади

Антивирус компанияси миллионлаб Instagram фойдаланувчиларининг маълумотлари сизиб чиқишини қайд этди. Instagram рад қилди

Паролни тиклаш бўйича сўровлар тўлқини ортидан Instagram аккаунтлар «хавфсиз» эканини айтиб, ҳакерлик ҳужумини рад қилди. Шунга қарамай киберхавфсизлик мутахассислари фойдаланувчиларга хавфсизлик бўйича маслаҳатлар берди.

Фото: Yahoo Finance

Антивирус дастурлари ишлаб чиқарувчи Malwarebytes компанияси бир неча кун олдин 17,5 миллион Instagram фойдаланувчисининг «махфий маълумотлари» сизиб чиқиши аниқланганини хабар қилди. Компанияга кўра, сизиб чиққан маълумотлар ичида Instagram фойдаланувчиларининг ID ва номлари, жисмоний манзиллар, телефон рақамлари, электрон почта манзиллари ва бошқа маълумотлар бор.

Компания бу сизиб чиқишни даркнетни мунтазам сканерлаш жараёнида аниқлаган. Маълумотлар сизиб чиқиши – 2024 йилда содир бўлган Instagram API'сига тааллуқли ҳодисага алоқадор бўлиши мумкин.

Malwarebytes бу ҳужумни «Solonik» номидан фойдаланган ҳакер билан боғлаган. Ҳисоботга кўра, маълумотлар 2026 йил 7 январда BreachForums'да жойлаштирилган ва шу орқали бошқа кибержиноятчилар учун ҳам очиқ бўлиб қолган.

Паролни тиклаш бўйича келган хат / Фото: Malwarebytes

Сизиб чиқиш натижасида кўплаб фойдаланувчилар Instagramʼдан паролни тиклаш бўйича бир нечта хат ола бошлаган. Мутахассисларга кўра, сизиб чиққан маълумотлар фишинг ҳужумлари ёки аккаунтларни эгаллаб олиш каби янада жиддий хуружларга олиб келиши мумкин.

Бироқ Meta компаниясига тегишли Instagram маълумотлар сизиб чиқмаганини ва фойдаланувчи аккаунтлари «хавфсиз» эканини айтди.

«Биз ташқи шахслар айрим одамлар номидан паролни тиклаш хатларини юборишга имкон берган муаммони тузатдик. Тизимларимиз бузилмади ва Instagram аккаунтларингиз хавфсиз», — дейилади Instagram раддиясида.

Instagram, шунингдек «бу хатларни эътиборсиз қолдириш мумкинлигини айтиб, юзага келган чалкашлик учун узр» сўраган.

Instagram бу ҳодисани маълумотлар сизиб чиқиши эмас, деб айтса-да, Meta илгари ҳам бир неча бор маълумотлар сизиб чиқиши билан боғлиқ можароларга дуч келган. Шу боис, киберхавфсизлик мутахассислари ижтимоий тармоқларда, хусусан Instagram’да ҳам икки босқичли аутентификацияни ёқиш ва паролни янгилаш ҳар доим фойдали эканини эслатган.

Фото: Instagram’нинг хавфсизлик созламалари

Шунингдек, фойдаланувчилар Meta’нинг Accounts Center бўлимидан аккаунтингизга қайси қурилмалар кирганини текшириб чиқиши ҳам мумкин.

*Даркнет (Darknet) — бу интернетнинг анонимлик юқори бўлган, назоратдан четда қолган муҳити. У оддий браузерлар орқали очилмайди ва махсус дастурлар орқали кирилади. Даркнет'ни «иккала томон» ҳам ишлатади: фаоллар цензура четлаб ўтиш учун, жиноятчилар эса ноқонуний савдо, маълумот сотиш ва ҳакерлик учун.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид