Ўзбекистон | 19:31 / 14.06.2023
16791
2 дақиқада ўқилади

Йил охиригача «Тошкент-Андижон» пулли автомобиль йўлини қуриш ишлари бошланади 

Шавкат Мирзиёев сайловолди дастуридан ўрин олган режаларини эълон қилди. 

Фото: LiveJournal

Водий аҳолисининг узоғини яқин қилиш мақсадида «Андижон–Фарғона–Қўқон–Наманган–Андижон» темирйўл ҳалқаси бўйлаб 4 та электропоезд ҳаракати йўлга қўйилади. Натижада, кунига 8 та қатнов ташкил этилиб, 10 мингга яқин йўловчи ташилади. Бунга, 40 миллион доллар жалб қилинади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев андижонлик сайловчилар билан учрашувида эълон қилди. Унинг сўзларидан Kun.uz мухбири иқтибослар келтирди. 

«Шу йил охиригача Жаҳон банки билан бирга «Тошкент – Андижон» муқобил пулли автомобиль йўлини қуриш бўйича 2,5 миллиард долларлик мега лойиҳа бошланади. Лойиҳани амалга ошириш натижасида Андижондан Тошкент шаҳрига бориш вақти ҳозирги 5 соатдан 3 соатга қисқаради», деди Шавкат Мирзиёев. 

Андижон халқаро аэропорти ҳам замонавий стандартлар асосида тўлиқ таъмирланади ва бу ишларга 350 миллион доллар йўналтирилади. 

Шу билан бирга, 2030 йилга қадар 427 та маҳаллада 600 минг аҳоли марказлашган ичимлик сув билан таъминланади ҳамда 1 миллион аҳоли учун сув таъминоти яхшиланади. 

Андижон, Хонобод ва Қорасув шаҳарлари, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Андижон, Асака ва Олтинкўл туманларидаги 510 минг аҳолининг сув таъминотини яхшилаш учун, «Хонобод-Андижон» магистрал сув қувурининг иккинчи тармоғи қурилади. Бунга 35 миллион доллар инвестиция жалб қилинади.

«Умуман, вилоятда марказлашган ичимлик суви қамровини ҳозирги 87 фоиздан 97 фоизга етказамиз», деди номзод.

Мавзуга оид