Ўзбекистон | 18:20 / 22.01.2022
7370
2 дақиқада ўқилади

Масофавий таълим сифати инспекция томонидан мониторинг қилинади – Улуғбек Тошкенбоев

Ўзбекистонда барча давлат ва нодавлат таълим муассасаларида ўқиш бир ой муддатга онлайн шаклга ўтказилмоқда. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев бу муддатда олиб бориладиган масофавий таълим инспекция томонидан назорат қилиниши ҳақида Kun.uz’га маълумот берди.

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

“Халқаро ташкилотлар томонидан инсон капиталини баҳолашда таълим сифати билан биргаликда ёш авлод саломатлиги ҳам алоҳида эътиборга олинади. Зеро соғлом ёшлар келгусида юқори малакали кадрлар сифатида мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўша олади.

Мамлакатимизда бир ой мобайнида онлайн таълим олиб бориш тўғрисидаги қарор ҳам, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси вакиллари, амалиётчи педагоглар ва ота-оналар фикрини ўрганган ҳолда аввало болаларимиз саломатлигини ўйлаган ҳолда қабул қилинди”, деди инспекция раҳбари.

Улуғбек Тошкенбоевнинг қайд этишича, инспекция масофавий таълим сифатини доимий равишда мониторинг қилиб боради.

“ОТМлар муассасадаги таълим фаолияти: таълим олувчиларнинг эришган натижалари, улар томонидан фан дастурларининг ўзлаштириш ҳолати ва ўқув жараёни билан боғлиқ бошқа маълумотлар таълим ташкилотларининг электрон платформасидан фойдаланган ҳолда мониторинг қилиб борилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилди.

Давлат ва нодавлат мактаблар эса масофавий шаклда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун “Онлайн мактаб” телеканаллари ҳамда масофавий таълим платформаларидан унумли фойдаланишлари талаб этилади ва бу жараёнлар тизимли мониторинг қилинади”, деди Улуғбек Тошкенбоев.

Инспекция раҳбарининг қўшимча қилишича, таълим муассасаларида анъанавий таълимнинг қанчалик тез бошланиши аҳолининг санитария талабларига масъулият билан ёндашиши ва амал қилишига боғлиқ. 

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид