Жамият | 16:20 / 17.04.2019
37071
5 дақиқада ўқилади

Инсофсизликнинг юқори чўққиси. Хайрия уюштирилаётган Юлдузхон учун йиғилган пуллар ўғирланди

Инсонлар турфа хил. Кимдир тўғрилик йўлида юриб ҳалол кун кечиришни афзал кўради, яна кимдир қинғир сўқмоқлардан қадам ташлайди. Шу йилнинг 21 март куни таҳририятимизда оғир хасталиги сабаб халқдан кўмак илинжида Юлдузхон исмли қиз учун хайрия акциясини эълон қилгандик. Кимдир моддий кўмак бермоқда, кимдир оилани руҳан қўллаб-қувватламоқда. Бироқ минг таассуфки, баъзи шахсларнинг қилган ишларини кўриб-эшитиб лол қолади инсон. Мисқоллаб йиғилаётган халқ эҳсонига ҳам кўз олайтирадиган манфур кимсалар айнан сиз-у бизнинг орамизда яшаётганлиги маълум бўлди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Қизим яқин кунлар ичида Ҳиндистонга операцияга бориши лозим эди. Анча-мунча маблағ тушганди. Кетишимиз учун 40 миллион сўм етмай турганди. Бугун 12 апрель куни соат 12 яримларда пластик картамдан номаълум кимса томонидан пул ечилаётганлигини сезиб қолдим. Дарҳол яқин ҳудуддаги банк аппаратида картамни блокладим. Бироқ бу вақтгача 22 миллион сўмдан ортиқроқ сумма ечиб олинганди. Тезда банкка, яна бошқа ташкилотларга бордим. Улар ҳам қўлидан келганча ёрдам қилишларини айтишди. Пулни ечиб олган одамнинг инсофсизлиги мени ҳайрон қолдирди. Қаранг, шундай одамлар ҳам бор экан. Боламнинг аҳволини ҳамма кўриб турибди. Шу аҳволида ҳам пулимизни талаб ташлашди. Уларниям она туққан-ку. Уларнинг ҳам фарзанди, бола-чақаси бор-ку. Мен бу масалада ички ишлар ходимлари томонидан чора кўрилишини сўраб қоламан. Ўша одамга ҳам инсоф берсин. Хуфёна тарзда бўлса ҳам ўша пулни олиб келишини сўраб қоламан», – дейди чорасиз ҳолатда қолган Зироат Жайлабаева кўзларида ёш билан. Бу сўзлар бир вақтда ҳам ўкинч, ҳам нафрат тарзида янграгандек бўлди. 

Бу аёл қандай кунларни бошидан кечираётганига биз гувоҳмиз. Дард устига чипқон деганидек, энди бу нопок кимсанинг манфур қилмиши кам эдими бу аёлга?

Биз масала юзасидан тегишли тартибда ички ишлар органларига хабар беришни маъқул кўрдик. Оиланинг яшаш манзили бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани ИИБ бошлиғи майор Мирқодир Жалолов билан учрашдик. У киши бу иш шахсан ўз назоратида бўлишини қатъий таъкидлади.

«Иш бўйича зудлик билан чоралар кўрилади. Бу бизнинг вазифамиз, чора кўришимиз шарт. Устига-устак ногиронлиги бўлган шахс юзасидан экан. Амалий ёрдам берилади», деди Жалолов. Ички ишлар бўлими бошлиғи сўзларининг амалдаги ижросини ҳам кутиб қоламиз.  

Нопок кимсага бу қилмиши қонун олдида жиноят деб аталишини ва жазо муқаррар эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Сизнинг бу қилмишингиз бир жажжи қизалоқнинг ҳаётига зомин бўлиши ва ота-онанинг бир умрлик маҳзунлигига сабаб бўлиши мумкин. Ахир, сизда ҳам фарзанд бордир ёки фарзандли бўларсиз. Нопок луқма эртага фарзандингиз бўғзига тиқилишидан қўрқмайсизми? Охиратдаги азоб ва қонун олдидаги жавобгарликларни ўйлаб мулоҳаза юритиб кўринг, нафс қулига айланган кимсалар!

Баҳодир Аҳмедов.


Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзуга оид