Ўзбекистон | 08:03 / 15.01.2019
13824
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Германия 4 млрд долларлик шартномалар имзолади

Фото: Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси

Ўзбекистон ва Германия умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ бўлган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича шартномалар имзолади, дея хабар бермоқда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Матбуот хизмати маълумотларига кўра, ҳужжатлар кеча, 14 январь куни, Ўзбекистон-Германия бизнес-форуми доирасида имзоланди.

Шартномалар қуйидаги лойиҳаларни биргаликда амалга оширишни назарда тутади:

- «ТиссенКрупп», «Линде», «Такраф», «Сименс» компаниялари билан нефть-газ, нефть-кимё ва энергетика соҳасида;

- «Опаско», «Аксо», «Фрезениус Медикал Кеар» билан соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида;

- қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида «ДиЭмКей Бэби», «Нью Технологиен» билан;

- «Кнауф» ва «Фальк Порше Техник» билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида;

- «Плаза Отель» ва «Римс Хотелс энд Резортс» компаниялари билан меҳмонхоналар қуриш бўйича.

Шунингдек, Германиянинг «Дойче банк», «Коммерцбанк», «Ландесбанк», «КфВ», «Ака банк» банклари билан Ўзбекистон Республикасида лойиҳаларни молиялаштириш учун республика тижорат банкларига кредитлар ажратиш тўғрисида келишувга эришилди.

Форум доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан умумий қиймати 516 млн доллар бўлган, энергетика соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш ва Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм вилоятида маиший чиқиндиларни қайта ишлашни назарда тутувчи келишувлар имзоланди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид