Ўзбекистон | 21:20 / 03.07.2021
26522
6 дақиқада ўқилади

ХДП ва “Адолат” партиялари раҳбарлари плагиатда айбланмоқда

Олий Мажлиснинг икки мансабдор депутати – ХДП раиси Улуғбек Иноятов ва “Адолат” СДПнинг парламентдаги фракцияси раҳбари Зуҳра Ибрагимова журналист Шуҳрат Деҳқонов ёзган мақоладан кўчириб, уларни ўзиники деб эълон қилгани айтилмоқда. Айни пайтда мақолалар икки расмий сайтдан ўчирилган. Деҳқоновнинг айтишича, масалага “охирги нуқтани суд қўяди”.

Улуғбек Иноятов ва Зуҳра Ибрагимова

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директорининг маслаҳатчиси – Ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи, собиқ депутат Шуҳрат Деҳқонов Facebook'даги саҳифаси орқали ХДП ва “Адолат” партияларининг парламентдаги фракциялари раҳбарларига очиқ хат йўллади.

Kun.uz “Ўз фикрингиз йўқми, ҳурматли лидерлар?” номли очиқ хат муаллифи Шуҳрат Деҳқонов билан боғланди.

Шуҳрат Деҳқонов

“2021 йилнинг 30 июнь куни “Миллий тикланиш” газетасининг 22 (1124)-сонида менинг “Ёшлар – давлатнинг катта кучи, стратегик ресурси” номли мақолам эълон қилинди. Ушбу мақоламни янада кенгайтириб, факт ва рақамлар билан бойитиб, “Фаол ва ташаббускор авлод – Янги Ўзбекистон драйвери” номи билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига тақдим этдим ва бу мақола ҳам 30 июнь куни соат 16.49 да ЎзА сайтида қисқартириб эълон қилинди.

Анчагина изланганман, тер тўкканман, мия қотирганман, хуллас инжиқроқ одамман-да, кўнглим тўлмасдан бу мақолани тўлалигича ўзим ишлаётган “Тараққиёт стратегияси” марказининг сайтига ҳам бердим.

Эртасига, яъни 1 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий сайтида спикер ўринбосари, ЎзХДП раҳбари Улуғбек Иноятов “Ёшлар манфаатлари йўлида кучимизни аямаймиз” номли мақоласига кўзим тушиб, ҳайратдан ёқа ушладим. Чунки бу охирида хулоса сифатида битилган икки оғиз гапни айтмаганда, бошдан оёқ айнан менинг мақолам эди!

Боз устига, Улуғбек Илясович президентимизнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасига муносабат тарзида мазкур мақолани 1 июль куни ЎзА сайтида ҳам эълон қилиб юборибдилар.

Мақоламдан “ортиб қолган” жойини эса яна бир спикер ўринбосари, “Адолат” СДП раҳбари Зуҳра Ибрагимова ўзлаштирибдилар. Тўғри, у киши “инсоф” қилганлар чоғи, озроқ қисмини мендан кўчириб олганлар. Лекин барибир, у киши ҳам менинг муаллифлик ҳуқуқимни поймол қилганлар, деб ҳисоблайман.

Хуллас, Ўзбекистондаги иккита катта сиёсий партияни бошқариб келаётган, спикер ўринбосари деган олий мақомга муносиб кўрилган бу ҳурматли шахсларнинг хурмача қилиқлари мени нафақат таажжубга солди, балки ачиниш ҳисси ила чуқур ўйга ҳам толдирди. Ахир, уларнинг ортида неча юз минг кишилик катта армия турибди. Қолаверса, олий қонун чиқарувчи ва инсоннинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи парламентда раҳбар курсиларида ўтиришибди. Улар эса, қонунларга амал қилиш ўрнига аксинча иш тутиб, бировнинг ҳуқуқига дахл қилишаётгани қайси мантиққа тўғри келади?

Мен очиқ хатимда мазкур масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Одоб комиссияси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва бошқа муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилувчи идоралар эътиборига ҳавола этдим.

Агар улар муносабат билдиришмаса, ўзим охиригача бораман ва бу муаммога суд охирги нуқтани қўяди.

Тахминимча, катта эҳтимол билан ҳар икки спикер ўринбосари – икки сиёсий партия лидерларининг мендан кўчирилган мақолалари сайтлардан ўчирилади. Аммо, бу мени хавотирга солмайди, чунки ҳамма манбаларни ўзимга сақлаб қўйдим”, – дейди Шуҳрат Деҳқонов.

Чиндан ҳам, Қонунчилик палатаси ва ЎзА сайтларида Улуғбек Иноятов номидан эълон қилинган мақола ўчирилган. Аммо муаллифда ҳам, таҳририятда ҳам ўша мақоладан скриншотлар мавжуд.

Муаллифнинг билдиришича, на Улуғбек Иноятовнинг ўзи, на партия вакиллари муаллиф билан боғланишмаган ва бу борада изоҳ беришмаган.

“Адолат” СДП раҳбари Зуҳра Ибрагимова ва бу партия вакиллари ҳам ҳозирча сукут сақлашмоқда.

Kun.uz'нинг бир нечта манбаларига кўра, парламентда ҳам, фракцияларда ҳам қатор депутатларнинг ўзлари амалда ҳеч нарса ёзмасликлари, бунинг учун кимлардир тер тўкиши одатий ҳолга айланиб улгурган.

Бироқ бир эмас, икки сиёсий партия лидери томонидан кимнингдир мақоласини очиқдан очиқ кўчириш ҳолати шу пайтга қадар кузатилмаган эди.

Собиқ халқ таълими вазири, айни пайтда фракция лидери бўлса-да, Улуғбек Иноятов парламентнинг анча “сокин” депутатларидан бири ҳисобланади. У шу пайтгача шов-шув бўлган бирор ташаббуси билан тилга тушмаган. Лекин Улуғбек Иноятовнинг “Бир оилага бир ойга 2,5 млн сўм етади” деган жумласи қаттиқ муҳокамаларга сабаб бўлганди. Кейинчалик партия раҳбари “Мен фақат озиқ-овқат сарф-харажатларини назарда тутгандим” дея изоҳ берганди.

Айнан бугун, 3 июль куни ОАВ вакиллари билан учрашган Сенат раиси Танзила Норбоева парламент тарихида бирор марта сўзга чиқмаган, интервью бермаган депутатлар ҳам ишлаб кетгани, айрим вакиллар интервью бериш чоғида ҳатто қоғозга қараб ўқиб бераётганлари тарқалиб кетгани жуда уятли ҳол бўлганини билдирган эди.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид