Жаҳон | 17:23 / 27.05.2026
3720
3 дақиқада ўқилади

Трампнинг «Тинчлик Кенгаши» тўрт ой ичида бирорта расмий бадал олмади

2026 йил февраль ойида бўлиб ўтган биринчи йиғилишда Трамп 17 миллиард долларлик бадал тўплангани ҳақида эълон қилган эди. Аслида вазият умуман бошқача экани таъкидланмоқда.

Фото: Markus Schreiber / AP

АҚШ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан ташкил этилган «Тинчлик Кенгаши» (Board of Peace, BoP) жамғармаси тўрт ой давомида ҳомийлардан бирорта расмий бадал олмади. Бу ҳақда Financial Times ўз манбаларига таяниб хабар берди.

«Тинчлик Кенгаши» 2026 йил январь ойида Трампнинг Ғазо сектори бўйича тинчлик режаси доирасида ташкил этилган. Ташкилот БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан тасдиқланган. Трамп унда доимий раис ҳисобланади.

2026 йил февраль ойида бўлиб ўтган биринчи йиғилишда Трамп 17 миллиард долларлик бадал тўплангани ҳақида эълон қилди. Шундан 10 миллиард доллари АҚШдан, 7 миллиард долларга яқини бошқа тўққизта давлатдан «келган».

Таъкидланишича, аслида, Жаҳон банки томонидан бошқариладиган молиявий фонд (Financial Intermediary Fund for Gaza Reconstruction and Development) «ноль доллар» олди.

«Тинчлик кенгаши» вакили баъзи бадаллар Жаҳон банкининг шаффоф механизмини четлаб ўтиб, тўғридан-тўғри JPMorgan ҳисобига тушаётганини айтди. Бироқ, бу ўтказмаларнинг аниқ суммалари ва тафсилотлари ноаниқлигича қолмоқда. Масалан, Марокашнинг 20 миллион доллар миқдоридаги кичик ҳиссаси тилга олинади.

Кечикиш сабаблари:

  • Сиёсий ва ҳуқуқий тўсиқлар;

  • Бажарилмаган шартлар, жумладан ҲАМАСни қуролсизлантириш;

  • Минтақадаги кескинлик, жумладан Эрон билан муносабатлар;

  • Европа иттифоқчилари ва БМТ анъанавий тузилмаларига муқобил ёки рақобатчи сифатида «Тинчлик Кенгаши»ни кўрадиган бир қатор мамлакатларнинг скептицизми.

Шов-шувли эълонларга қарамай, Ғазони тиклаш лойиҳалари тўсиб қўйилган. Бирорта шартнома имзоланмаган, «бирорта ғишт терилмаган».

«Тинчлик Кенгаши»да доимий аъзо мақомини олиш учун 1 миллиард доллар миқдорида бадал талаб этилади. Акс ҳолда, узайтириш имконияти билан уч йиллик муддат.

Ғазони тиклашнинг умумий баҳоси 70 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бироқ, ҳақиқий молиялаштириш йўқлиги сабабли, улкан режани амалга ошириш сўроқ остида қолмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид