Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Марказий Осиё бирлашса, у билан ҳисоблаша бошлашади” – иқтисодчилар таҳдидларга қандай жавоб бериш ҳақида
Дунё сиёсати кўча безорилигига ўхшади-қолди: қонун-у тартиблар ишламаяпти, кучли кучсизнинг “бурнини қонатяпти”, аввал янграмаган таҳдидлар бемалол айтиляпти. Бунақа шароитда бизга ўхшаган давлатлар нима қилиши керак? Савол кенг ва ҳар бир соҳа вакиллари ўз жавобларини беради. Бугун иқтисодчиларни эшитамиз.
Суҳбатдошларимиз – иқтисодчилар Аҳлиддин Маликов ва Шаҳзод Йўлдошбоев.
Аҳлиддин Маликов, иқтисодчи: Биринчи навбатда, ҳар қандай мамлакат тўлақонли сиёсий мустақилликка эришиш учун иқтисодий мустақил бўлиши керак. Бошқа давлатларга иқтисодий қарамликдан, боғлиқликдан воз кечиши керак деб ўйлайман.

Шаҳзод Йўлдошбоев, иқтисодчи: Ҳар бир ривожланаётган мамлакат ўз ҳимояси масаласида иккита жуда муҳим саволга жавоб бериши керак. Биринчиси – ўз ҳимоямизни қандай қилиб таъминлаймиз? Биз катта ва кучли ҳарбий ташкилотларга, ҳарбий блокларга аъзо бўлиш орқали ўзимизнинг ҳимоямизни таъминлаймизми ёки ҳеч қандай блокка қўшилмасдан ўз ҳимоямизга ўзимиз масъул бўламизми? Бу биринчи савол ва шу биринчи саволдан келиб чиқадиган иккинчи савол — ўз бюджетимизнинг қайси миқдорини ҳар йили ҳарбий харажатлар учун йўналтиришимиз керак? Яъни шу иккита савол ҳар доим ривожланаётган мамлакатлар учун актуал бўлиб келган ва ҳозир ҳам биламизки, бу саволлар ўзининг актуаллигини йўқотмаган.

Аҳлиддин Маликов: Дунёда бундай мисоллар кўп. Масалан, Жанубий Корея ёки Сингапур давлатларини оладиган бўлсак, улар аслида жуда ҳам катта мамлакатлар эмас, лекин уларнинг иқтисодий салоҳияти жуда ҳам кучли ва шунинг эвазига, масалан, Жанубий Корея икки триллионлик ялпи ички маҳсулотга эга ва дунёда бешинчи энг қудратли армияга эга. Сингапур масалан, 570 миллиард долларлик иқтисодиётга эга ва 29-ўринда туради дунёдаги энг кучли армиялар бўйича.
Шаҳзод Йўлдошбоев: Ўзбекистонга келадиган бўлсак, ривожланаётган мамлакатлар каби Ўзбекистон ҳам бу саволларга жавоб берган, биламизки, Ўзбекистоннинг ҳарбий доктринаси ҳеч қачон ҳарбий блокларга қўшилмаслик ва катта мамлакатларга қарам бўлмасликдан иборат. Бу, албатта, тўғри қарор ва бунга иккита бор: биринчиси, бу, албатта, ҳарбий масалаларда катта оғага қарам бўлишлик, бу ҳеч қачон яхши эмас. Бундай ташкилотлар, бундай келишувлар фақат ўша катта кучларга маъқул бўлиб, қулай бўлгандагина ишлайди ва уларга ноқулай бўлишни бошлаганда бундай ташкилотлар ишламай бошлайди. Буни биз кўп маротаба кўрдик. Масалан, ҳозирги Трамп билан Гренландия можароси, НАТО мамлакатлари орасидаги бўлаётган можаролар. Биламизки, ўша постсовет аренасида ҳам, постсовет ҳудудида ҳам бундай масалалар кўп бўлган. Шунинг учун бу, албатта, энг тўғри қарор.
Иккинчидан, нимага катта давлатларга қарам бўлмаслик керак? Чунки катта кучларнинг орасида кимнидир танлашга тўғри келади. “Душманимнинг дўсти — менинг душманим” деган гап бор. Биз эса янги душманларни ўзимизга орттириб олгимиз келмайди.
Аҳлиддин Маликов: Иқтисодий куч ҳарбий салоҳиятни кучайтиришга ёрдам беради ва бу ҳар қандай ташқаридан бўладиган таҳдидларга, сиёсий босимларга мамлакатнинг чидамлилигини оширади, ана шундай хавфларни бартараф этишга ёрдам беради. Юқори иқтисодий салоҳиятга эга бўлган мамлакатлар нафақат ўзининг ҳарбий кучи билан, балки иқтисодий муносабатларда ҳам ўзининг кучли позицияси билан бошқа кучлироқ бўлган мамлакатларни ўзларига нисбатан таҳдид қилишларига йўл қўймайди.
Шокир Шарипов, журналист: Яъни дейлик, бир муайян давлат бор, унинг иқтисодий кучи бор ва шунга яраша ҳарбий кучи бор. Унга нигоҳ бошқача бўлади, албатта, тўғрими? “Бу билан ҳазиллашиб бўлмайди. Тўғри, кичкина давлат, ҳаракат қилса, босиб олса ҳам бўлади, аммо...
Аҳлиддин Маликов: Оқибати ўзига ҳам зарар бўлади.
Шокир Шарипов: Ҳар бир агрессорда ҳам таҳлил бўлади. Тўғрими? “Мана шу мамлакатда мана шу-шу қудрат бор. Бизга муаммо туғдиради уни босиб олиш”.
Аҳлиддин Маликов: Шундай.
Шаҳзод Йўлдошбоев: Ўзбекистон қандай қилиб ўз ҳимоясини кучайтириши мумкин, деган саволга келадиган бўлсак, бунинг иккита осон йўли бор. Биринчиси, бу иқтисодий ривожланиш ва иқтисодий интеграция. Биз ҳар доим ташқи агрессорлар учун Ўзбекистонга қарши ҳаракатнинг нархини оширишимиз керак. Яъни Ўзбекистонга қараб ҳар битта агрессор ўйлаши керак: қандайдир қарши ҳаракатим менга қимматга тушиши мумкин. Ва бунинг энг осон йўли бу, албатта, иқтисодий ривожланиш. Қанчалик Ўзбекистон ҳар хил давлатлар билан иқтисодий савдо ҳажмини оширса, бизга кўпроқ мамлакатлар қандайдир маънода қарам бўлишни бошлашади ва бизга қарши ҳар қандай ҳаракатнинг харажати улар учун ошиб боради. Биламизки, ҳозир Ўзбекистон жуда жадал суръатларда ривожланиб боряпти. Бу, албатта, одамни хурсанд қилади. Ва ҳарбий маънода ҳам бизга бу яхши.
Иккинчи йўли бу, албатта, ўша ҳарбий харажатларга сармоя қилиш. Бу ялпи ички маҳсулотнинг каттароқ фоизини ҳарбий харажатларга йўналтириш билангина эмас, балки маблағни тўғри йўналтириш. Ҳозир биламизки, алтернатив қуроллар кўпайиб кетяпти ва янги технологиялар ривожланган сари ҳар бир доллар сармоянинг ҳарбий фойдаси ошиб боряпти. Масалан, дронлар. Дронлар жуда арзон, лекин уларнинг ҳарбий фойдаси жуда-жуда баланд. Шундай мантиқ билан ўйлаш, албатта, яхши ҳар бир давлат учун, айниқса ривожланаётган давлатлар учун. Ҳар бир долларнинг бизга олиб келадиган фойдасини, албатта, ўйлашимиз керак. Ва бу масалада, албатта, ҳарбий харажатларни ошириш ва тўғри йўналтириш каби масалаларни қараб чиқишимиз керак.
Аҳлиддин Маликов: Геосиёсий ноаниқликлар ўсиб бораётган, империализм кайфияти кўтарилиб бораётган пайтда Марказий Осиё мамлакатлари ўзларининг қатъий бир стратегияларини шакллантириши керак деб ўйлайман. Ва бу стратегиянинг энг асосий бандларидан бири бу Марказий Осиёнинг иқтисодий интеграцияси бўлиши керак. Иқтисодий бирлашув қандай содир бўлади?
Авваламбор, ҳар қандай иқтисодий интеграция остида эркин савдо ётади. Яъни эркин савдо дегани бир мамлакат иккинчи мамлакат билан бемалол тўсиқларсиз савдо қила олишини билдиради.
Лекин бизнинг ҳозирги ҳолатимизга қарайдиган бўлсак, биз ўзимизда бор потенциалимизга яраша савдо қила олмаяпмиз. Мамлакатлар ўртасидаги интеграцияни яхшилаш учун биз биринчи навбатда иқтисодиётимизни диверсификация қилишимиз керак. Масалан, ҳозирги ҳолатда Марказий Осиё мамлакатларини учта категорияга бўлиб юборсак бўлади. Биринчиси, ресурсга жуда ҳам бой бўлган мамлакатлар: Қозоғистон ва Туркманистон. Иккинчиси, ресурсга бой эмас ва иқтисодиётининг асосий қисми ташқи мигрантлардан келадиган пулга таянадиган мамлакатлар. Бу мамлакатларга асосан Қирғизистон билан Тожикистон киради.
Ўзбекистоннинг эса ялпи ички маҳсулотидаги табиий ресурсларнинг улуши Қозоғистон ва Туркманистондагидек баланд эмас ҳамда меҳнат муҳожирларидан келадиган пул Тожикистон ва Қирғизистон иқтисодиётидаги мигрантлар ўтказмалари улушидан камроқ.
Ўзбекистон жуда ҳам бир ноёб позицияда бу ҳолатда. Ўзбекистон интеграциядан энг кўп манфаат оладиган давлатдир. Биз денгизга чиқиш учун иккита мамлакатни босиб ўтишимизга тўғри келади ва биз географик жиҳатдан энг ўртада жойлашган мамлакатмиз.
Яна бир томони, Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро, масалан, тўлов тизимларини ҳам бирлаштирса, бу минтақадаги иқтисодий интеграцияни яна ҳам тезлаштирган бўларди. Uzkard деймизми ёки бошқа миллий тўлов тизимлари бор. Мана шу тўлов тизимларини қўшни мамлакатлар тўлов тизимлари билан бирлаштирган ҳолатда товар айирбошлашда фойда катта, бу билан мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажмини оширишимиз мумкин бўлади.
Шокир Шарипов: Бу энди хусусий секторнинг иши, тўғрими?
Аҳлиддин Маликов: Албатта, лекин бунга керакли ҳуқуқий асослар ва шарт-шароитлар яратиб берилиши керак. Давлатлар томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Интеграцияни иккита асосий қисмга бўладиган бўлсак, биринчиси савдо дедик. Савдо товарларни ўзаро бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга тўсиқсиз етиб бориши. Бунда ҳар икки мамлакат ҳам фойда кўради. Чунки ҳар икки мамлакатдаги истеъмолчилар арзон нархлардан, товарларнинг турлари кўплигидан манфаат олади ва товарларнинг сифати ҳам баланд бўлади, рақобат бўлса. Бу жуда ҳам ютуқли томони савдонинг.
Иккинчи томони эса инсонларни бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга тўсиқсиз кўчиб юра олиши. Бунда, масалан, Марказий Осиё мамлакатларини оладиган бўлсак, Ўзбекистондан бориб Қозоғистонда бемалол ишлай олиш ва Қозоғистоннинг меҳнат бозорида бемалол иш топа олиш ёки Қозоғистондан келиб Ўзбекистонда ишлай олиш. Бу икки томон учун ҳам манфаат келтириб чиқаради. Сабаби, баъзи бир меҳнат муҳожирларининг иқтисодиётнинг баъзи бир секторларда самарадорлиги юқорироқ бўлиши мумкин. Ишчилар алмашинуви туфайли бизнеслар бундан манфаат топади ва ишлаб чиқариш ривожланади, чунки баъзи ишчиларнинг салоҳияти бошқа мамлакатда бўлмаслиги мумкин.
100 миллиондан ортиқ катта аҳоли сонига эга бўлишимиз мумкин, агар бирлашадиган бўлсак. Дунёдаги салбий демографик ўзгаришлар фонида Марказий Осиёда туғилиш даражаси юқори.
Шокир Шарипов: Фойдаланиш керак.
Аҳлиддин Маликов: Ҳа. Бундан ўз манфаатимиз йўлида фойдаланишимиз керак. Яъни агар бирор-бир ташқаридан босим бўлса, хоҳ иқтисодий, хоҳ сиёсий, биз агар битта стол атрофида тўпланадиган бўлсак, биз билан ҳисоблашишга тўғри келади.
Нима учун иқтисодий интеграция Марказий Осиё минтақаси учун жуда ҳам муҳим деб айтяпман? Чунки иқтисодий интеграциядан биз бошқа катта кучларни тийиб туриш механизми сифатида ва коллектив бир иммунитет сифатида фойдалана олсак бўлади. Ҳар бир Марказий Осиё мамлакати бирор-бир регион ёки мамлакат билан алоҳида дипломатияга киришгандаги сўзининг ўрни бошқача, лекин бирлашиб, битта стол атрофида тўпланиб, интеграция бўлган ҳудуд сифатида улар билан иқтисодий дипломатияга кириши, у бутунлай бошқа нарса. Мисоллар кўп.
Мана, Европа ҳам Марказий Осиёга алоҳида бир минтақа, бирлашган минтақа сифатида қарашни бошлади, Америка ҳам ўзининг, масалан, учрашувларида фақат битта давлатни чақирмаяпти-да, бутун Марказий Осиё мамлакатларини чақиряпти.
Шокир Шарипов: Евроинтеграция мисол. Тўғрими?
Аҳлиддин Маликов: Албатта.
Шокир Шарипов: У ҳозир кучга айланди, интеграция эвазига. Дания, Финландия каби бўлаклар эмас, катта бир субъект сифатида қараляпти.
Аҳлиддин Маликов: Шундай. Жанубий Осиё мамлакатлари ўзининг АСЕАН деган иқтисодий ҳамжамиятига эга ва бу ҳамжамият орқали улар нафақат эркин савдо қила олади бир-бири билан, балки уларнинг аҳолиси, ишчилари бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга эркин ўтиб, у ердаги меҳнат бозорида иш топиши мумкин ва шу орқали улар ҳам хусусий секторда фойдага эришади, ҳам ўзларини бир ҳимояланган ҳудуд сифатида кўра олади.
Иккинчиси, мана, Кўрфаз мамлакатлари келишув консули бор. Бу мамлакатлар нефт-газ соҳасида кўпроқ ва тезроқ диверсификация қилиш учун ўрталаридаги иқтисодий, савдога алоқадор тўсиқларни олиб ташлашга ҳаракат қилган. Мана шу – интеграция жараёнининг бир кўриниши.
Интеграция жараёнини жонлантира оладиган бўлсак, 10 йилдан кейин, ўйлашимча, Марказий Осиёда жуда ҳам катта бир иқтисодий куч пайдо бўлади ва бу куч билан атрофимиздаги катта супер кучлар ҳисоблашишига тўғри келади, иқтисодий жиҳатдан камида.
Сабаби, бизнинг ўсиб бораётган демографик кўрсаткичларимизга қарайдиган бўлсак, ўша катта кучга эга бўлган мамлакатларга тенглашиб қоламиз.
Шокир Шарипов: Дейлик, Россияга.
Аҳлиддин Маликов: Ҳа. Ёш авлод катта инсон капитали бўлиб хизмат қилади ва бунда самарадорлик ошади, инновацияларда бошқалардан ўтиб кета олишимиз мумкин бўлади, чунки ёш авлод дегани бу ҳали ҳамма нарса олдинда дегани. Улар керакли билимга эга бўлса, ишлаб чиқаришда ҳам, инновацияларда ҳам бошқалардан ўтиб кетишимиз мумкин.
Мавзуга оид
10:35 / 03.04.2026
Россияда жазо ўтаётган 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қайтарилиши мумкин
09:04 / 03.04.2026
Россия бензин экспортини июл охиригача тўхтатди
18:59 / 02.04.2026
Қирғизистонда Россия қирувчи самолётларининг машғулотлари тўхтатилди
09:57 / 02.04.2026