Ўзбекистон | 12:54 / 14.05.2026
2375
4 дақиқада ўқилади

“Ҳайвондан юқади, ташқи муҳитга чидамсиз” - ҳантавирус Ўзбекистонга қанчалик хавф солади?

СанЭпид қўмитага кўра, ҳантавируснинг Ўзбекистонга кириб келиш хавфи паст. Вирус 20 хил штаммга эга ва улардан бир хили ҳайвондан одамга юқади. Юқиш тезлиги ҳам коронавирус каби эмас, ҳаво-томчи йўли билан юқмайди. Kun.uz билан суҳбатлашган Эпидемиология ва иммунопрофилактика бўлими экспертига кўра, аҳолининг ваҳима кўтаришига ҳожат йўқ.

Дунё соғлиқни сақлаш тизимини яна бир хавфли вирус -ҳантавирус ташвишга солмоқда. Мутахассисларга кўра, ушбу вирус асосан кемирувчилар, уларнинг нажаси орқали юқади. Айниқса, сичқон ва каламушлар бор жойда эҳтиёт бўлиш талаб этилмоқда.

Атлантика океанидаги круиз лайнерида тарқаган ҳантавирусни юқтирганларга Испания портидан кеча ўз уйларига жавоб берилди. Аввалига вирус аниқланган кемани қабул қилишдан бош тортишган. Сўнгра Испания ҳукумати кемани Тенерифе порти орқали қабул қилган. У ерда жами тўққиз кишида вирус аниқланган. Уч киши вафот этгани тасдиқланган. Расмийларга кўра, уйига жавоб берилганларда ўтказилган тест натижалари ижобий чиқмоқда.

Буюк Британияда 20 киши ҳантавирус тахмини билан 72 соатлик карантинга олинган. Улар уйларига қайтганидан кейин ҳам 42 кун давомида изоляцияда бўлишлари талаб этилади.

АҚШдан бўлган 18 нафар йўловчи эса давлатига етиб боргач, кучли текширувдан ўтказилмоқда. Бироқ америкалик расмийлар вируснинг жамоатчилик учун хавфини паст баҳоламоқда.

Нидерландияда эса ҳантавирусга тахмин қилинганлар олти ҳафта давомида изоляция қилиниши белгиланди.

Круиз лайнерида бўлган 14 нафар Испания фуқаролари Мадриддаги ҳарбий госпиталда мажбурий карантинда сақланмоқда. Улардан биттасида аллақачон ҳантавирус аниқланган.

Францияда ҳам биринчи ҳолат аниқланди. Ушбу шахс билан эса 22 та контакт ҳолатлари аниқланган.

Германияда эса тўрт киши Франкфуртдаги касалхонада карантинда сақланмоқда. Федерал соғлиқни сақлаш вазирлиги улардаги аломатлар доимий кузатиб борилаётганини маълум қилган.

Хўш, ҳантавирус бўйича Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият қанчалик барқарор? Kun.uz билан суҳбатлашган Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Эпидемиология ва иммунопрофилактика бўлими эксперти Зулфия Ғиёсовага кўра, юртдошларимизнинг ваҳима кўтаришига ҳожат йўқ.

”Фақатгина Андес тури инсонларда камдан кам ҳолатларда, демак, касалликни келтириб чиқариши мумкин. Бунда ҳам асосий касаллик манбайи бўлиб кемирувчилар, яъни ўша кемирувчилар билан бевосита мулоқот вақтида, улардан ажралиб чиқаётган биологик ажралмалар, яъни булар ўша ҳайвонларнинг нажаси, пешоби ва сўлаги орқали, агар бевосита контактда бўладиган бўлса, ўша пайтда бу касалликни юқтириб олиш эҳтимоли мавжуд”, - дейди у.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, касаллик ҳаво-томчи йўли орқали юқмайди. Ҳантавирусдан COVID-19 дан қўрққандек ташвишга тушишга ҳожат йўқ.

“Бизда бу касаллик шу кунгача рўйхатга олинмаган. Ўзбекистон аҳолиси учун бу жуда катта хавф туғдирмайди. Шунинг учун энди мен ўша Америка давлатини мисол қилиб оладиган бўлсам, Америка ва Европа давлатларида кўпроқ рўйхатга олинади. Фақатгина шу Андес штамми ҳайвонлардан инсонларга юқиб, касаллик келтириб чиқаради”, - дейди Зулфия Ғиёсова.

Пандемиядан кейинги давр бўлгани боис одамларда яна карантин бўлишидан қўрқув ва хавотирлар бор, бу табиий. Вирусологга кўра, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ва СанЭпид қўмитаси потенциал хавфларга аллақачон тайёр бўлиб турибди.

”Бу вирус ташқи муҳитга чидамсиз. Яъни 60 градусли ҳароратда тезда нобуд бўлади. Бундан ташқари, ўша дезинфекцияловчи воситалар, хлорли воситалар, 70 фоизлик спирт эритмасида тезда йўқолиб кетади. Демак, бундан қўрқмай айтиб олишимиз мумкинки, агар инфекция ташқаридан келган тақдирда ҳам, бу ерда ҳеч қанақа эпидемик авж олишлар ёки пандемик ҳолатларни юзага келтирмайди”, дейди мутахассис.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид