Жаҳон | 13:01 / 24.10.2025
5369
4 дақиқада ўқилади

«Исроил Ғарбий соҳилни аннексия қилса, АҚШдан келадиган барча ёрдамни йўқотади» – Трамп

АҚШ Исроил Ғарбий соҳилнинг бир қисмини аннексия қилишига рози эмас. «Бу амалга ошмайди, чунки мен араб мамлакатларига сўз берганман», деди Доналд Трамп. Вице-президент Ж. Д. Вэнс эса Исроил парламентидаги рамзий овоз беришни «жуда аҳмоқона сиёсий ҳийла» деб атади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

АҚШ президенти маъмурияти Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий соҳилнинг бир қисмининг аннексия қилинишига йўл қўймайди. Бу ҳақда президент Доналд Трамп Time журналига берган интервьюсида маълум қилди.

«Бу амалга ошмайди, чунки мен араб мамлакатларига сўз берганман», деди у Ғарбий соҳилни аннексия қилиш ҳақида. «Агар бу содир бўлса, Исроил Қўшма Штатлардан келадиган барча ёрдамини йўқотади».

Ушбу интервью эълон қилинишидан бир кун олдин, Исроил парламенти – Кнессет Фаластин давлатининг асосий ҳудуди бўлган Ғарбий Соҳилдаги ерларни аннексия қилишни ёқлаб рамзий овозларни қабул қилганди.

Пайшанба куни Исроилга икки кунлик ташрифини якунлаётган вице-президент ЖД Венc овоз беришдан ғазаблаганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, кимдир унга бу амалий аҳамиятга эга бўлмаган рамзий сиёсий ҳийла эканлигини айтган.

Фото: AFP

«Агар бу сиёсий ҳийла бўлса, бу жуда аҳмоқона сиёсий ҳийла эди ва мен шахсан бунга «ҳақорат» билан қарайман. Трамп маъмуриятининг сиёсати шундаки, Ғарбий Соҳил Исроил томонидан қўшиб олинмайди», деди у.

Шу кунларда Исроилга келаётган давлат котиби Марко Рубио ҳам аннексия – АҚШ маъмурияти «ҳозирда қўллаб-қувватламайдиган нарса» эканлигини айтди. Унинг огоҳлантиришича, бундай ҳаракатлар Ғазо сулҳ битимига хавф туғдириши мумкин.

Чоршанба куни овоз беришлар айнан АҚШ вице-президенти Исроилга келган куни бўлди. АҚШ расмийларининг кескин реакцияси эса Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳуни овоз бериш жараёнидан «узоқлашишга» мажбур қилди, деб ёзмоқда New York Times.

«Кнессетда аннексия бўйича овоз бериш вице-президент ЖД Венcнинг Исроилга ташрифи пайтида, низо қўзғаш учун мухолифат томонидан қасддан қилинган сиёсий провокация эди», деб баёнот берди Нетаняҳу.

Исроил парламентининг икки ўнг қанот аъзоси томонидан илгари сурилган таклифлар асосан рамзий маънога эга. Лойиҳа қонунга айланиши учун яна бир нечта овоз бериш жараёнлари ва кўплаб қўмита ишлари талаб этилади.

Исроил молия вазири Безалел Смотрич / Фото: Getty Images

Аммо сўнгги ҳафталарда Исроилда аннексия ҳақидаги гап-сўзлар тобора долзарблашиб бормоқда. Чунки Исроилнинг анъанавий яқин иттифоқчилари бўлган баъзи давлатлар Фаластин давлатини расман тан олишга қадам қўйишди.

Ушбу сиёсий ҳаракатлар Ғазо сулҳини мустаҳкамлаш учун кетма-кет Исроилга келаётган АҚШ расмийларининг ташрифлари вақтида амалга оширилди.

Бенямин Нетаняҳу Исроил тарихидаги энг ўнг қанот ва консерватив коалицияга раҳбарлик қилади. Унинг асосий элементлари Ғарбий Соҳилнинг катта қисмини аннексия қилишни хоҳлайди.

Дунёнинг аксарият қисми Ғарбий Соҳилдаги яҳудий аҳоли пунктларини халқаро ҳуқуқнинг бузилиши, деб ҳисоблайди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид