Жаҳон | 07:52
1138
3 дақиқада ўқилади

Пентагоннинг ички ҳужжати: Хитой АҚШ денгиз устунлигига қандай чақириқ ташламоқда?

Пентагон Хитой қуролли кучлари АҚШ Денгиз кучларининг ҳатто энг замонавий авиазарба гуруҳларига ҳам қандай тарзда таҳдид солиши мумкинлигини ёритиб берди. Бу ҳақда Overmatch Brief деб номланган, сизиб чиққан ички таҳлилий ёзмада айтилади.

Фото: Getty images

Турли можаро сценарийларини компютер моделлаштиришга асосланган ҳужжат хулосасига кўра, Хитой Халқ-озодлик армияси кўплаб шароитларда АҚШнинг “Жералд Р. Форд” туридаги энг янги авиаташувчиларни ишдан чиқариши, ҳатто чўктириши ҳам мумкин. Бунда Пекин ягона бир қурол ёки ягона усулга суянмаслиги, аксинча, АҚШ мудофаасини ҳаддан ташқари юклаб, “босиб ташлаш” учун ракета зарбалари, киберҳужумлар ва АҚШнинг космик тизимларига таъсир кўрсатувчи уйғунлаштирган кўп поғонали кампанияни ишга солиши таъкидланади.

Тадқиқотда марказий ўрин кибер- ва сунъий йўлдошга қарши операцияларига берилган. Баҳога кўра, Хитойнинг АҚШ разведка, алоқа ва навигация сунъий йўлдошларига қаратилган ҳужумлари АҚШ кучларининг нишонларни аниқлаши, манёврларни мувофиқлаштириши ва денгиздаги жанг ҳаракатларини бошқариш қобилиятини кескин пасайтиради. Ишончли космик қўллаб-қувватлашдан маҳрум бўлган авиаташувчи зарба гуруҳлари қуролларни йўналтириш, йўл-йўриқ белгилаш ва палуба авиацияси операцияларини ташкил этишда жиддий қийинчиликларга дуч келади — бу эса уларни кейинги зарбалар учун анча заиф қилиб қўяди.

Ёзмада, шунингдек, Хитойнинг кемаларга қарши воситалари арсенали — айниқса йирик сув усти кемаларини йўқ қилишга мўлжалланган баллистик ва гипертовушли ракеталар тез ўсиб бораётгани таъкидланади. Хусусан, қуруқликдан учириладиган кемаларга қарши баллистик ракеталар DF-21D ва DF-26, Хитой эсминецлари ва сувости кемаларига жойлаштирилаётган YJ-21 ракетаси, шунингдек H-6 бомбардимончилари орқали учирилиши мумкин бўлган бошқа баллистик ракета вариантлари тилга олинади.

Тадқиқот муаллифлари Хитой ракета кучларининг ўзаро тўлдирувчи хусусиятини қайд этади. Нисбатан арзон кемаларга қарши ракеталарни оммавий қўллаш орқали авиаташувчи гуруҳнинг ҳаво мудофааси тизимларини “тўйдириш” ва уларни “чарчатиш” мумкин. Шу билан бирга, анча илғор комплекслар айнан шу мудофаани ёриб ўтиб, ҳал қилувчи зарбаларни беришга мўлжалланган.

Таҳлилчилар баҳосига кўра, Хитой Халқ-озодлик армияси аллақачон 600 тагача гипертовушли ракетага эга бўлиши мумкин. Моделлаштиришга кўра, Хитой кучлари турли ракеталар ялпи учирилишини йўналтириш учун сунъий йўлдошлар, радиолокация станциялари ва учувчисиз учиш аппаратларидан олинадиган нишон кўрсатиш маълумотларини мувофиқлаштириб ишлатиши мумкин. Умумий ҳисобда, бу воситалар авиаташувчи зарба гуруҳи атрофида ўзаро “қоплашувчи” зарба зоналарини ҳосил қилади ва АҚШ кемалари вазифани бажаришга улгурмасидан туриб нейтраллаштирилиши эҳтимолини кескин оширади.

Пентагон ҳужжатнинг сизиб чиқиши бўйича расман изоҳ бермаган, бироқ ундаги хулосалар АҚШ мудофаа доираларида Хитойнинг Тинч океани минтақасида АҚШ денгиз устунлигига тобора чақириқ ташлаётгани ҳақидаги хавотирлар ошиб бораётганини кўрсатади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид