Ўзбекистон | 21:59 / 10.10.2019
94380
6 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров ЕОИИ ҳақида: «Бу номигагина иқтисодий, ортида эса сиёсий мақсадлар яширинган иттифоқ»

Бугун, 10 октябрь куни Олимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси томонидан Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш ҳамда уларга партиянинг аъзолик гувоҳномаларини топшириш тадбири ўтказилди.

Тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири партия раҳбари Алишер Қодировдан сўнгги вақтларда кўпгина муҳокамаларга сабаб бўлаётган – Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш ёки қўшилмаслик масаласи, бу ташкилотнинг биз учун ўзига хос «минус» ва «плюс»лари, шунингдек, партиянинг бу борадаги тутган позицияси ҳақида кичик интервью олди.

— Алишер ака, дастлаб Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳақида гаплашсак, бу ташкилот ўз аъзоларига нима беради?

— Бу ташкилот ўз номи билан Евросиё иқтисодий иттифоқи ва ташкилотда иқтисодий масалалар бирламчи бўлиши керак. Ташкилот ўзининг бош ташаббускори – Россия Федерацияси ва унинг атрофидаги мамлакатларнинг (собиқ иттифоқ мамлакатлари) иқтисодий манфаатларини мувозанатлаштириш мақсадида ташкил қилинган. Лекин негадир, иқтисодий таҳлилчилар ва сиёсатчилар мазкур иттифоқни иқтисодийдан кўра, кўпроқ узоқ муддатли сиёсий мақсадларни кўзлаган иттифоққа ўхшатишади.

Келинг, очиқча гаплашайлик, Евросиё иқтисодий иттифоқи – номи билан иқтисодий бўлган, аммо ортида яширин сиёсий мақсадларни ҳам кўзда тутган ташкилот. Буни бугун ҳеч кимдан яшириб бўлмайди. Бундай ҳолатларни тарихда ўзбек халқи кўп бора бошидан ўтказган ва етарлича хулосалар қилиб олган, деб ўйлайман. 

— Тўғри айтасиз. Айрим иқтисодчиларимиз «Бу ташкилот фақат иқтисодий иттифоқ ва унга қўшилишдан хавотирга тушиш керак эмас», дейишмоқда. Лекин ҳар қандай иқтисодий алоқа аслида сиёсий-ку.

— Албатта, сиёсатга бориб тақалади. Ўзбекистон шу пайтгача икки томонлама алоқалар орқали ўз манфаатларини ҳимоя қилган. Бу ерда яна бир нарсани тан олиш керак, шу пайтга қадар бизда иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилишда парламентнинг роли жуда заиф бўлиб келган. Жуда кўп давлатларда иқтисодий манфаатлар кучли парламентлар ва парламентлараро муносабатлар орқали ҳимоя қилинади. Биздаги парламент ушбу масалаларда жуда заиф ҳаракат қилган.

Ҳозир бунга ўхшаш тузилмани фақат Европа Иттифоқи мисолида кўряпмиз. Европа Иттифоқининг эса бугунги кунда давлатлараро масалалардаги ҳолатини шахсан мен ижобий баҳоламайман. Масалан, Венгрия ва Польша билан боғлиқ масалалар. Европа Иттифоқига аъзо давлатлар умумманфаатлар билан шахсий манфаатларни бир нуқтада кесиштира олишмаяпти. Демакки, номига иқтисодий ва туб моҳиятида сиёсий мақсадлар кўзланган иттифоқлар ўтаётган асримизда ўзини оқламади десак, менимча, хато бўлмайди.

— Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши мумкинлиги ва бу борада музокаралар бўлиб ўтаётгани борасидаги фикрлар ҳақида дастлаб россиялик сиёсатчи Валентина Матвиенко орқали хабардор бўлдик. Нега сиёсатчиларимиз, парламент вакиллари бу масала ҳақида аввалроқ гапиришмади ёки муносабат билдиришмади?

— Фикримча, бу масала ўз тасдиғини топмади. Валентина Матвиенконинг фикрларини шахсан таҳлил қилиб кўрдим. Ҳатто стенограммаларни бир неча марта қараб чиқдим. У ерда Матвиенконинг айнан айтган гаплари тасдиқланмади. Шу сабабли, биз бу шарҳни жиддий қабул қилмадик.

Ўзбекистон ўзига яраша ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий манфаатларини ҳимоя қила оладиган, ўз номидан бошқа давлат сиёсатчилари гапираверишига рухсат берадиган давлат эмас. У ўзига яраша сиёсий етук раҳбариятига эга. 

Бу давлат ҳар қандай иттифоққа кириш ёки кирмаслик масаласини мустақил ҳал қила олиш қобилиятига эга ва буни керакли жойда эълон ҳам қилади.

— Бу ташкилотга киришни номус масаласи деб қарайдиганлар ҳам бор. Сизнингча, Ўзбекистон ЕОИИга кирмаган тақдирда нималарни йўқотади?

— Бугунги кунда Россия Федерациясида кўп сонли ватандошларимиз ишлаши билан боғлиқ, инвестиция алмашиш билан боғлиқ, иқтисодий муносабатлар шаклланиши ва қолаверса, бизнинг атрофимиздаги жуда катта истеъмол бозоридан фойдаланиш борасида айрим муаммолар кузатилиши мумкин.

Лекин биз Миллий тикланиш демократик партияси аъзолари ҳар қандай иқтисодий манфаатлардан мамлакат озодлиги, унинг манфаатлари устуворлиги, озод жамияти билан эркин ривожланишини кўпроқ устувор деб ҳисоблаймиз.

— Одатда кучли ташкилотлар ўз таркибига янги аъзони қўшиб олишга «ўлиб-тирилмайди»...

— Биласизми, Евросиё иқтисодий иттифоқи – қисқа давр учун иқтисодий манфаатларга таянган ва узоқ давр учун эса сиёсий манфаатларга таянган иттифоқ. 

Яқин ойларда маълум бўлган ва жараёнлари анча вақтдан буён давом этаётган бу уринишлар Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг юраги, кўпгина давлатлар билан чегарадош ва геополитик мураккаб ўрнини ҳисобга олган ҳолатда бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг иттифоққа киришига ундалиши, уни аъзоликка тортишга нисбатан бўлаётган ҳаракатларда биринчи навбатда ўша аъзоларнинг манфаатлари турибди. Буни кескинроқ тарзда иккинчи СССР деса ҳам бўлади. 

Шу нарса аниқки, Ўзбекистон кимларнингдир манфаати учун хизмат қиладиган давлат эмас. Бу давлат ўз халқи ва давлат манфаатларини биринчи ўринга қўяди. Биз партиямиз депутатлари билан бу масалани кўп гаплашдик ва қайтариб айтаманки, масала жуда чуқур ўйланиши керак. 

Албатта, биз учун давлатимизнинг иқтисодий юксалиши, унинг бошқа давлатлар билан тенг ривожланиши биринчи ўринда, лекин шу билан бирга, мамлакатимиз манфаатларига зид бўлган, сиёсий эркинлиги ва суверенитетига таъсир қиладиган, давлат усти идораларига қайсидир маънода тобе бўлиш эҳтимоли мавжуд бўладиган ҳар қандай иттифоққа киришни ёқламаймиз.

Яъни биз иқтисодий кўринишдаги сиёсий мақсадларни кўзлаган иттифоққа киришга мутлақо қаршимиз.

Мавзуга оид