Охирги 30 йилдан бери Тошкентнинг дренаж тизими қаровсиз қолдирилган, буни 1-2 йилда соз ҳолатга олиб келиш қийин, дейди Рақамли ривожланиш департаменти директор ўринбосари Камолиддин Файзуллаев. Унинг сўзларига кўра, бу борада туркиялик консултантлар билан ҳамкорликда 25 йилга мўлжалланган мастер режа ишлаб чиқилмоқда.
Ҳар ёмғирли кунларда пойтахтнинг айрим кўчалари кўлмакка айланиб, сув билан тўлади. Бундай ҳолат деярли ҳар йили кузатиляпти, айниқса охирги 3 йилда яққол кўзга ташланиб, ноқулайлик туғдирадиган вазиятга келди. Олдинда ўзбекистонликларни ёғингарчилик мавсуми кутмоқда.
Хўш, Тошкентни яна сув босадими? Бунинг олдини олиш учун нималар қилинади ёки қилиняпти? Kun.uz шу ҳақда маълумот олиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти директори ўринбосари Камолиддин Файзуллаев билан суҳбатлашди.
“25 йил давомида таъмирланмаган тизимни 1-2 йилда соз ҳолатга олиб келиш қийин”
Унинг айтишича, бу мавсумда ҳам Тошкентни сув босиши мумкин, балки, аниқ ҳамдир.
“Чунки шунча йиллар: 1995-2000 йиллар бошидан бери бу нарса қаровсиз қолдирилган. Тошкентда 5 млндан ошиқ одамлар яшаса, турар жой биноларида яшовчи одамларнинг турли инфратузилмалардан фойдаланиши бу каби тизимларнинг ишдан чиқишига сабаб бўлади. Сув тузилмалари орасида энг тез ишдан чиқиши мумкин бўлган тури ёмғир сувини олиб чиқиб кетадиган тизим ҳисобланади. Чунки ёмғир исталган ҳудудга ёғади. Уни кўчага олиб чиқиш учун ташкил қилиш мураккаб ҳисобланади ва бу тузилмаларни таъмирлаш ҳамда қуриш анча катта маблағни талаб қилади. 25 йил давомида таъмирланмаган тузилмаларни 1 ёки 2 йилда соз ҳолатга олиб келиш қийин.
Бу инфратузилмаларга бўлган талабнинг сусайишига сабаб ҳам бу масаланинг иккиламчи ўринга чиққани бўлса керак. Дренаж тизимларининг устига уйлар қурилмоқда ёки вақтида таъмирланмаяпти.
Шунингдек, уйга кўчиб бораётган хонадон эгаси биринчи уйдаги электр ва иситиш тизимларига эътибор беради. Ёмғир сувлари олиб чиқиб кетиладиган тузилмаларга кейинчалик эътибор қаратиши мумкин. Шунингдек, бу тизимлар хонадон эгаси ёки фуқарога йилига 15 кун ёки 1 ой керак бўлиши мумкинлиги учун ҳам бу масалага бўлган талаб пасайган бўлса керак.
Бу борада вазиятни [муаммони] минималлаштириш учун бир неча ишлар амалга оширилмоқда. 45 та хонадонга трубалар, лотоклар ўрнатилди ва шу пайтгача бўлган муаммоларга эътибор қаратилди. Лекин бу дегани барча муаммолар тўлиқлигича бартараф қилинди дегани эмас. Чунки кузда интенсив ёмғир ёғадиган бўлса, бу нарса сув тошқини содир бўлишига олиб келиши мумкин. Шу сабабдан бир томондан булар табиатга ҳам боғлиқ ҳисобланади. Булар сув тошқинини минимал даражада камайтириш учун олиб борилган ишлар ҳисобланади, тўлиқлигича сув тошқинларини бартараф этувчи эмас. Ҳозирда бизга боғлиқ бўлган инфратузилмаларни такомиллаштиришга алоқадор ишлар амалга оширилмоқда.














