Ўзбекистон | 18:07 / 17.11.2025
4042
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 18 ноябр куни ҳарбийларнинг тантанали юриши бўлиб ўтади

Тадбир Давлат байроғи кунига бағишланади. Айрим кўчаларда соат 15:00 дан соат 17:00 гача транспорт воситалари ҳаракати чекланади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 34 йиллиги муносабати билан 18 ноябрь куни Тошкентнинг асосий кўчаларида Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия ҳарбий бўлинмаларининг тантанали юриши бўлиб ўтади.

Юриш “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида соат 15:00 да кўргазмали чиқишлар билан бошланади.

Ҳарбийлар “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси (Сағбон ва Зарқайнар кўчалари орқали) – Ўзбекистон давлат табиат музейи – “Чорсу” бозори – Тошкент цирки (Зарқайнар кўчаси) – “Халқлар дўстлиги” санъат саройи (Ўзбекситон шоҳ кўчаси ва Фурқат кўчаси) йўналиши бўйлаб ҳаракатланади.

“Халқлар дўстлиги” санъат саройи майдонида ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари, бўлинмаларнинг жанговар чақириғи, ҳарбий оркестрнинг дефиле намойиши ижро этилади.

Тантанали юриш сабабли 18 ноябрь куни айрим кўчаларда соат 15:00 дан соат 17:00 гача транспорт воситалари ҳаракати чекланади:

- Қорақамиш – Сағбон кўчалари чорраҳасидан, Сағбон кўчаси бўйлаб КХАЙ – Сағбон кўчалари кесишган чорраҳасигача;

- КХАЙ – Сағбон кўчалари чорраҳасидан, Сағбон кўчаси бўйлаб Нурафшон – Сағбон кўчалари кесишган чорраҳасигача;

- Нурафшон – Сағбон кўчалари чорраҳасидан, Сағбон кўчаси бўйлаб Фаробий – Сағбон кўчалари кесишган чорраҳасигача;

- Зарқайнар – Сағбон кўчалари айланма ҳаракатидан, Зарқайнар кўчаси бўйлаб Зарқайнар – Алишер Навоий кўчалари кесишган чорраҳасигача;

- Зарқайнар – Алишер Навоий кўчалари кесишган чорраҳасидан, Фурқат кўчаси бўйлаб Фурқат – Ислом Каримов кўчалари кесишган чорраҳасигача;

- Фурқат – Ислом Каримов кўчалари кесишган чорраҳасидан, Фурқат кўчаси бўйлаб Фурқат – Бешёғоч кўчалари кесишган чорраҳасигача.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид