Ўзбекистон | 12:13 / 17.04.2019
7973
16 дақиқада ўқилади

Хизмат чоғида жароҳат олган ҳарбийларга ёки ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оила аъзоларига нафақа тўлаш тартиби тасдиқланади

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ҳарбий хизматчиларга ёки ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ҳарбий хизматчиларга ёки ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига бир марталик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Ҳарбий хизматчи хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлганда (вафот этганда) уларнинг оила аъзоларига марҳумнинг асосий эгаллаган лавозими бўйича маоши (ҳарбий таълим муассасаси курсантининг ва тингловчисининг стипендияси) ва ҳарбий унвони маоши йиғиндисининг юз баробари миқдорида нафақа тайинланади.

Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ҳарбий хизматчига:

оғир тан жароҳати олганда – ҳарбий хизматчининг эгаллаб турган лавозими бўйича маоши (ҳарбий таълим муассасаси курсантининг ва тингловчисининг стипендияси) ва ҳарбий унвон маоши йиғиндисининг эллик баробари миқдорида;  

ўртача оғир тан жароҳати олганда – ҳарбий хизматчининг эгаллаб турган лавозими бўйича маоши (ҳарбий таълим муассасаси курсантининг ва тингловчисининг стипендияси) ва ҳарбий унвон маоши йиғиндисининг йигирма баробари миқдорида нафақа тайинланади.

Енгил тан жароҳати олган ҳарбий хизматчига нафақа тайинланмайди.

Ҳарбий хизматчи хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олганлиги ҳолати юз берганда (ҳалок бўлганда ёки вафот этганда) бевосита ҳарбий хизматчининг бошлиғи (командири) ёки унинг ўринбосари ташаббуси билан холислар (камида икки нафар вояга етган фуқаро) иштирокида дарҳол мувофиқ шаклда тан жароҳати олганлиги (ҳалок бўлганлиги, вафот этганлиги) бўйича далолатнома тузилади.

Далолатномани тузишда воқеа тафсилотлари аниқ ва холисона баён этилишига, шунингдек ҳарбий хизматчининг тан жароҳати олганлигининг (ҳалок бўлган ёхуд вафот этганлигининг) хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳолда юз берганлигига алоҳида эътибор қаратилади.

Далолатнома тан жароҳати олган (ҳалок бўлган, вафот этган) ҳарбий хизматчининг бошлиғи (командири) ёки унинг ўринбосари, воқеа гувоҳи бўлган ҳарбий хизматчилар ёки фуқаролар (холислар) томонидан, шунингдек воқеа содир бўлган ҳудуддаги Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмалар бошлиқлари (командирлари) томонидан имзоланади ва гербли муҳр билан тасдиқланади.

Ҳарбий хизматчи тан жароҳати олганлиги (ҳалок бўлганлиги, вафот этганлиги) воқеаси содир бўлган ҳудуддаги Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмалар бошлиқлари (командирлари) томонидан юз берган ҳолат юзасидан зудлик билан юқори турувчи қўмондонликка дастлабки ахборот берилади.

Ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлиши (вафот этиши) ёхуд унинг тан жароҳати олиши ҳолати ва сабабларини текшириш учун Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмалар бошлиқлари (командирлари)нинг ёзма кўрсатмасига асосан терговга қадар (хизмат) текшируви тайинланади.

Терговга қадар (хизмат) текширувни Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмалар бошлиқлари (командирлари) томонидан тайинланадиган терговга қадар (хизмат) текширувини ўтказиш комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) ўтказади. Зарур ҳолларда вазиятга аниқлик киритиш мақсадида комиссия ишига бошқа вазирлик ва идораларнинг тегишли соҳа мутахассислари жалб этилади.

Комиссия ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлиши (вафот этиши) ёки унинг тан жароҳати олиши унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқлигига алоҳида эътибор қаратиши шарт.

Комиссия ёхуд Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмалар бошлиқлари (командирлари) томонидан ҳарбий хизматчи олган тан жароҳатининг даражасини (ҳалок бўлиш ёхуд вафот этиш сабабини) аниқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги (ёки Соғлиқни сақлаш вазирлиги) суд-тиббий экспертизаси муассасаларида экспертизани тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинади.

Экспертизани тайинлаш ва ўтказиш жиноят-процессуал қонунчилигига асосан амалга оширилади.

Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг хатти-ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик, хизмат интизомини бузиш ҳолатлари ёки ҳарбий хизматчидан олинадиган қон намунаси таркибида спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик ёки психотроп моддалар мавжудлиги аниқланган тақдирда, нафақа тайинлашни рад этиш масаласи кўриб чиқилади.

Терговга қадар (хизмат) текшируви натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрик ўтказиш тўғрисида низомга мувофиқ, Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмалар бошлиқлари (командирлари) уч кунлик муддат ичида ҳарбий-даволаш муассасасига тан жароҳати олинган (яраланган, шикастланган, майиб ва контузия бўлган) вазият ҳақидаги маълумотномани тегишли шаклга мувофиқ тақдим этади.

Маълумотнома Қуролли Кучлардаги тиббиёт бўлим (бўлинма, хизмат)ларида рўйхатга олинади ва асл нусхаси тегишли йиғма жилдларда доимий муддатга сақланади.

Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмалар бошлиқлари (командирлари) ҳамда Комиссия маълумотномада баён этилган маълумотлар ишончли бўлиши учун шахсан жавоб беради.

Терговга қадар (хизмат) текшируви давомида ҳарбий хизматчи хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олган тан жароҳати даражаси – суд-тиббий экспертиза муассасаси хулосасига кўра Ҳарбий-тиббий комиссияси қарори билан белгиланади.

Комиссияга ҳарбий хизматчи хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳар бир ҳалок бўлиши ёҳуд вафот этиши ҳолати юзасидан тиббий ёки суд-тиббий экспертиза муассасасининг ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномасининг нусхаси тақдим этилади.

Комиссия томонидан барча ҳужжатлар умумлаштирилган ҳолда терговга қадар (хизмат) текшируви натижасига доир хулоса чиқарилади. Мазкур хулоса терговга қадар (хизмат) текширувини тайинлаган Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмалар бошлиқлари (командирлари) томонидан тасдиқланади.        

Терговга қадар (хизмат) текшируви натижасига доир хулосага асосан ҳарбий хизматчи тан жароҳати олиши хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ деб топилса, терговга қадар (хизмат) текширувини ўтказган Комиссия томонидан содир этилган воқеа юзасидан ҳужжатлар тўпланади.    

Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмаларда тузиладиган жароҳатланиш ва бошқа бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича комиссияларга (Жароҳатланиш ва бошқа бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича комиссия) қуйидаги тўпланган ҳужжатлар тақдим этилади:        

а) тан жароҳати олган ҳарбий хизматчи тўғрисида маълумот;        

б) ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчининг яқин қариндошлари тўғрисида маълумот;

в) тан жароҳати олганлиги (ҳалок бўлганлиги ёхуд вафот этганлиги) тўғрисида далолатнома;

г) Ҳарбий-тиббий комиссия томонидан берилган маълумотнома;           

д) тан жароҳати олишнинг (ҳалок бўлиш ёхуд вафот этишнинг) сабаблари ва ҳолати юзасидан ўтказилган терговга қадар (хизмат) текшируви ҳужжатлари тўплами;           

е) суд-тиббий экспертиза муассасасининг хулосаси нусхаси;           

ж) тан жароҳати олинган (яраланган, шикастланган, майиб ва контузия бўлган) вазият ҳақидаги маълумотнома.        

Агар юз берган ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига мувофиқ жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ва жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор мавжуд бўлса, тўпланган ҳужжатлар бўйича ушбу якуний қарор нусхаси ҳам тегишли ҳужжатларга илова қилинади.          

Ҳарбий хизматчи хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган (вафот этган) бўлса, Комиссия томонидан ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар ҳам тўпланади:       

а) ҳарбий хизматчининг ўлими ҳақидаги гувоҳнома нусхаси;

б) меросхўрнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда унинг мерос олишга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган маълумотнома нусхаси;

в) тегишли Қуролли Кучлар таркибидаги бўлинмалар бошлиқларининг (командирларининг) ҳарбий хизматчини шахсий таркиб рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги буйруғидан кўчирма.

Жароҳатланиш ва бошқа бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича комиссия ўз йиғилишида тўпланган ҳужжатларнинг асослилигини ўрганиб чиқади ҳамда тан жароҳатининг оғирлик даражаси ва меҳнат қобилияти йўқотилган вақтга қараб бериладиган нафақа миқдори тўғрисида қарор қабул қилади.

Жароҳатланиш ва бошқа бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича комиссия қарори баённома билан расмийлаштирилади.

Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмалар бошлиқлари (командирлари) нафақа тўлаш масаласи юзасидан якуний қарор чиқарилиши учун беш кун ичида кўрсатилган ҳужжатларни белгиланган тартибда Қуролли Кучлар тегишли вазирлик ва идоралари Марказий девонининг доимий фаолият юритувчи комиссияларига тақдим қилади.

Доимий фаолият юритувчи комиссиянинг таркиби Қуролли Кучлар тегишли вазирлик ва идораларининг биринчи раҳбарлари буйруғи билан белгиланади.

Нафақани расмийлаштириш учун юборилган ҳужжатлар Доимий фаолият юритувчи комиссия томонидан ўрганиб чиқилади ва нафақа миқдорини аниқ белгилаб бериш учун Қуролли Кучлар тегишли вазирлик ва идораларининг биринчи раҳбарларига бир марталик нафақа бўйича тақдимнома киритилади.

Қуролли Кучлар тегишли вазирлик ва идораларининг биринчи раҳбарлари томонидан нафақа миқдори аниқ белгиланган ҳолда тасдиқланган Тақдимноманинг асл нусхаси Қуролли Кучлар тегишли вазирлик ва идораларидаги масъул бошқарма томонидан ижро учун ҳарбий хизматчининг сўнгги хизмат ёки ўқиш жойига, нусхалари эса маълумот ва ижро учун Қуролли Кучлар тегишли вазирлик ва идоралари Тиббиёт ҳамда Молия-иқтисод бошқармаларига юборилади.

Тақдимнома Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмаларга келиб тушгач, марҳумнинг оила аъзоларига мерос ҳуқуқини тасдиқловчи нотариал идоранинг гувоҳномасини олиш учун мувофиқ шаклдаги маълумотнома берилади.

Доимий фаолият юритувчи комиссия тўпланган ҳужжатларни қайта расмийлаштириш учун қайтаришга, қуйи турувчи Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмалар комиссияларининг нафақа миқдори юзасидан чиқарган қарорларини бекор қилишга ҳақлидир.

Агар юз берган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлса, тўпланган ҳужжатлар ушбу жиноят иши якуни бўйича чиқарилган ҳукм, ажрим ва қарорлар қонуний кучга кирганидан сўнг белгиланган тартибда Қуролли Кучлар тегишли вазирлик ва идораларининг масъул бошқармаларига юборилади.

Муддатли ҳарбий хизматчиларга хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олган тан жароҳати учун нафақа, муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганидан сўнг берилади.

Меросхўр вояга етмаган бўлса, нафақа пули унинг васий ёки ҳомийсига берилади.

Ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлиши (вафот этиши) ёҳуд тан жароҳати олиши қуйидаги ҳолларда хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ деб ҳисобланади:

жанговар ҳаракатда иштирок этганда, хизмат мажбуриятини ижро этиш вақтида;

жанговар навбатчиликни (жанговар хизматни) ўташ вақтида;

хизмат сафари ёки даволанишда бўлганида; 

кун тартибида белгиланган хизмат вақти давомида ёки хизмат зарурати туфайли ҳарбий қисм (муассаса) ҳудудида бўлганида;

хизмат, даволаниш жойига бориш ёки улардан қайтиш вақтида;

йиғинларда (ҳарбий йиғинларда) иштирок этганда;

асирга тушган (ўз ихтиёри билан асирга тушиш ҳоллари бундан мустасно), гаровга олинган, ушлаб қуролсизлантирилган аҳволда бўлганида;

ҳарбий хизматчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилгунига ёки вафот этган деб эълон қилингунига қадар содир. бўлганида;

шахснинг ҳаёти, соғлиги, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга доир ҳаракатлар вақтида содир бўлганда;

қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда (жамоат тартибини сақлашда) бошқа шахсларга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёрдам кўрсатиш вақтида;

суд томонидан ҳарбий хизматчининг ҳаракати шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб содир этилган ҳаракат деб топилганда;

ҳарбий хизматчининг ҳаётига унинг хизмат мавқеи туфайли суиқасд қилинганда.

Қуйидаги ҳолларда ҳарбий хизматчилар хизмат мажбуриятини бажараётган деб эътироф этилмайдилар:

ўзини кўнгилли равишда гиёҳванд, спиртли ёки заҳарли моддалардан маст ҳолатга келтирган бўлса;

жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўзда тутилган жамият учун хавфли хатти-ҳаракатларни содир этган бўлса;

ўз-ўзини ўлдирган ёхуд ўз-ўзини ўлдиришга суиқасд қилган бўлса, агар бундай ҳаракатлар касаллик ҳолати ёхуд ўз-ўзини ўлдириш даражасига етказиш туфайли содир этилган бўлмаса;

ҳарбий қисм ҳудудидан ташқарида дам олишда, жавоб (рухсат) беришда ёхуд таътилда юрганда, шунингдек ўзбошимчалик билан Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмалар қароргоҳидан ташқарида ёхуд Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлинмалар ҳудудидан ташқарида, белгиланган хизмат жойларидан ташқарида юрганда, бундан асирда бўлган, гаровга олинган ҳолларда, суд томонидан жамият ва давлат манфаатлари йўлида содир этилган, деб топилган бошқа хатти-ҳаракатлар мустасно.

Агар ҳарбий хизматчи хизмат мажбуриятини бажараётган деб эътироф этилмаган вазиятда тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлган (вафот этган) бўлса, ҳарбий хизматчига ёки унинг оила аъзоларига нафақа тўланмайди.

Нафақа ҳарбий хизматчининг сўнгги хизмат (ўқиш) жойидаги молия бўлим (бўлинма)лари томонидан тан жароҳати олган ҳарбий хизматчига ёки ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчининг оила аъзосига (қонуний вакилига) тўланади.      

Нафақа миқдори ҳарбий хизматчилар тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлган (вафот этган) кундаги ҳарбий хизматчиларнинг маоши миқдоридан, жумладан:           

шартнома бўйича офицерлар, сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларга – уларнинг асосий эгаллаб турган (эгаллаган) лавозими бўйича маоши ва ҳарбий унвон маоши йиғиндисидан;        

муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга – лавозим маошидан;          

олий ҳарбий-таълим муассасалари курсант ва тингловчиларига – уларга белгиланган маоши (стипендияси) ва ҳарбий унвон маоши йиғиндисидан;         

сафарбарлик чақируви резерви хизматчиларига – энг кам ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Тан жароҳатининг ҳарбий хизматчиларнинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бўлган сабабий боғланиши Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрик ўтказиш тўғрисида низомга мувофиқ, Ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан аниқланади.      

Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳарбий хизматчи оғир ёки ўта оғир тан жароҳати олганлиги туфайли хизматдан бўшатилгандан сўнг, олган тан жароҳати туфайли бир йил ичида вафот этган бўлса, унинг оила аъзоларига Қуролли Кучлар таркибидаги тегишли бўлим (бўлинма) томонидан белгиланган миқдорда аввалги тўланган нафақа билан хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлганда (вафот этганда) бериладиган нафақа миқдори орасидаги фарқ тўланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид