Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин чет эллик ҳарбийлар бўйича янги қонунни имзолади
Путин имзолаган қонунга кўра, агар чет элликлар Россия армиясида хизмат қилган ва Россиянинг жанговар ҳаракатларида қатнашган бўлса, улар жиноий таъқиб ёки ҳукмни ижро этиш учун бошқа давлатга топширилмайди.
Россия Федерацияси президенти Владимир Путин имзолаган қонунга кўра, Россия қуролли кучларида ёки бошқа тузилмаларда ҳарбий хизматни ўтаётган ёки ўтаган ҳамда жанговар ҳаракатларда иштирок этган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни жиноий таъқиб қилиш ёки ҳукмни ижро этиш учун хорижий давлатларга топшириш тақиқланади.
Тегишли ҳужжат 8 март, якшанба куни ҳуқуқий ҳужжатлар порталида жойлаштирилди.
Ўзгартишлар Россия Федерацияси Жиноят-процессуал кодексининг 464-моддаси биринчи қисмига киритилди. Ушбу модда шахсларни сўров асосида топширишни рад этиш масаласига тааллуқли.
Бундан аввал, 2025 йил 10 ноябр куни, РБК, “Интерфакс” агентликлари ва “Ведомости” газетаси ўз манбаларига таяниб, Россия ҳукуматининг қонун лойиҳалари фаолияти бўйича комиссияси мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаганини хабар қилган эди.
Бундан олдин, 2025 йил 8 июл куни, Путин бошқа бир фармонни имзолаган эди — у чет элликларга сафарбарлик даврида Россия армиясида хизмат қилишга рухсат беради.
Ҳужжатга кўра, шартномалар сафарбарлик тугагунча, ҳарбий ҳолат бекор қилингунча ёки уруш вақти муддати тугагунча тузилиши лозим. Шу вақтга қадар чет элликларнинг Россия армиясида хизмат қилиши фақат фавқулодда ҳолат ёки ҳарбий ҳолат шароитида, шунингдек қуролли можаролар даврида мумкин эди.
Путиннинг 2022 йил 21 сентябрда, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши фонида қабул қилинган сафарбарлик ҳақидаги фармони ҳозиргача бекор қилинмаган ва ҳануз амал қилмоқда.
АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Россия қуролли кучлари ҳар ой тахминан 30 минг нафар ҳарбий хизматчини ёллаган, Европа баҳоларига кўра эса бу рақам 40 минг нафарни ташкил қилган.
Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев 2025 йил 2 июл куни йил бошидан бери Украинага қарши урушда қатнашиш учун 210 минг киши Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузганини маълум қилган эди. Бу ҳар ойга ўртача 35 минг кишидан тўғри келади.
Мавзуга оид
09:32
Бокуда саккиз нафар Россия фуқароси қамоқ жазосига ҳукм қилинди
22:13 / 19.06.2026
Зеленский Лукашенкога ультиматум қўйди ва уни бажариш учун бир ҳафта муҳлат берди
12:13 / 19.06.2026
Москвага уруш давридаги энг йирик ҳужум – суратлар
08:28 / 19.06.2026