Ўзбекистон | 12:03 / 13.11.2024
76825
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда мактаб ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрланди

8-синфда ўқийдиган қиз икки ҳафта бедарак кетган ва 6 октябр куни танасида зўравонлик излари билан топилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши орадан бир ой ўтиб қўзғатилган. Қизга аризасини қайтариб олиш учун босим ўтказилаётгани айтилмоқда. Гумонланувчилар ҳали ушланмаган.

Самарқанд вилояти Қўшработ туманида 8-синф ўқувчиси бўлган қиз бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилган ва зўрланган. Бу ҳақда “Сукут сақлама” (Nemolchi.uz) лойиҳаси хабар бермоқда.

Қизнинг яқинларига кўра, у 2024 йил 23 сентябр куни ўғирлаб кетилган. Орадан маълум вақт ўтгач, қариндошлари қиз йўқолгани ҳақида ариза ёзишган. Жабрланувчи орадан 13 кун ўтиб, 6 октябр куни баданида зўравонлик излари билан топилган.

Қизнинг айтишича, уни бир неча кун калтаклаб, спиртли ичимликлар ва ноқонуний моддалар қабул қилишга мажбурлаб, иродасига қарши ушлаб туришган ва зўрлашган. Яқинлари уни шифокорга олиб боришган.

Болалар омбудсмани бу ишни ўз ваколати доирасида кузатиб бораётганини маълум қилди. Воқеа бўйича “жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вояга етмаган қизга нисбатан суд-тиббий ва биологик экспертизалари тайинланган.

Айни пайтда, қизнинг яқинлари “Сукут сақлама” лойиҳаси билан суҳбатда жиноят иши қўзғатиш ортга суриб келингани, иш бор-йўғи бир-икки кун аввал очилгани, зўрлаганлар орасида прокуратурада ишловчи шахс ҳам бўлиши мумкинлиги, лекин у эски сана билан ишдан бўшатилганини айтишган. Уларнинг фикрича, ишнинг кеч очилгани ва гумонланувчилар ҳали ҳам озодликда юрганига сабаб шу (собиқ) прокуратура ходими бўлиши мумкин.

“Сукут сақлама” лойиҳаси тегишли идоралар бу ишга “қанчалик беписандлик билан” ёндашганидан хавотир билдирган, бу хавотирга жабрланувчининг яқинлари билдирган қуйидаги даъволарни асос сифатида келтирган:

  • 7 октябр куни (қиз топилганнинг эртасига) терговчи уни гумонланувчилар билан битта машинада, лекин ота-онасисиз кўрикдан ўтказиш учун олиб кетган. Қиз эса эксперт эркак бўлгани учун экспертизадан бош тортган. Шунинг учун экспертиза 10 октябр куни (яна қариндошларсиз) ўтказилган. Аммо қонида алкогол ёки зарарли моддалар бор-йўқлигини текшириш учун ундан қон олинмаган.
  • Қизнинг қариндошлари прокуратурага боришганида, ташқарида уларни психиатрик бригада кутиб турган, уларни участка нозири чақирган бўлган. Ваҳоланки, қизга психиатрик эмас, психологик ёрдам керак бўлган.
  • Жабрланувчи қиз билан мактаб психологи ҳам ишлаши мумкин эди, лекин мактабда унга бундай ёрдам тақдим этилмаган. Лекин қиз мактабга бормагани учун унинг ота-онаси жаримага тортилган. Кўп болали оилага (5 нафар фарзанди бор) 1,2 млн сўм миқдорда жарима солинган. Айни дамда қиз мактабга боришдан қўрқиб турибди, негаки бўлган воқеадан ҳамма хабардор.
  • Иш одам ўғирлаш, унинг эркига қарши зўрлик ишлатиб уни ушлаб туриш, қийноққа солиш моддаларисиз, фақат 119-модда билан очилган.
  • Оилани ҳеч ким “Инсон” ижтимоий ҳимоя марказига йўналтирмаган.

Nemolchi.uz. қизга аризасини қайтариб олиши учун ҳар турли босим ўтказилаётганини ҳам ёзган.

Манбада ёзилишича, қизни ўғирлаганлардан бири Туркияга қочиб кетган бўлиши мумкин.

Kun.uz ҳодиса ҳақида маълумот олиш учун Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Саъдуллаевга мурожаат қилди. Бироқ у саволларни жавобсиз қолдирди.

UPD. Қиз 7 ноябр эмас 7 октябр куни (қиз топилганнинг эртасига) терговчи уни гумонланувчилар билан битта машинада, лекин ота-онасисиз кўрикдан ўтказиш учун олиб кетган. Қиз эса эксперт эркак бўлгани учун экспертизадан бош тортган. Шунинг учун экспертиза 10 ноябрда эмас, 10 октябр куни (яна қариндошларсиз) ўтказилган. Nemolchi.uz тарқатган хабарда саналар хато кетиб қолган. Нашр хабарни таҳрирлаб хатоларни ўғирлаб қўйди.

Мавзуга оид