Жамият | 09:42 / 21.07.2021
12519
3 дақиқада ўқилади

«Россияда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаси Ўзбекистонда алмаштирилиши керак» – Адлия вазирлиги

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳудудида фақат миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари автомобиль бошқариш учун ҳақиқий ҳисобланади. Хорижий мамлакатларда олинган гувоҳномалар тегишли тартибда Ўзбекистоннинг ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилиши керак.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 74-бандига асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун мамлакатимиз ҳудудида фақат Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари автомототранспорт воситаларини бошқариш учун ҳақиқий ҳисобланади.

Низомнинг 76-бандига кўра, бошқа хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий давлатларда олган ҳайдовчилик гувоҳномалари Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштиришдан олдин улар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси орқали Ташқи ишлар вазирлигида текширилади. 

Текшириш натижасида ҳайдовчилик гувоҳномалари тасдиқланган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси, улар тиббий кўрикдан ўтиб, назарий ва амалий имтиҳонларни топширганларидан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилади», дейди Адлия вазири матбуот котиби Севара Ўринбоева.

2018 йил 31 майдаги 408-сонли қарори билан тасдиқланган низомнинг 75-бандида белгиланишича, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ҳамда халқаро, ҳукуматлараро ташкилотлар ваколатхоналари ва хорижий давлатларнинг ҳукумат ташкилотлари бошлиқлари ва бошқа ходимларининг (дипломатик ва маъмурий-техник ходимларнинг), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида аккредитация қилинган хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг Йўл ҳаракати тўғрисидаги Конвенция (Вена, 1968 йил 8 ноябрь) талабларига жавоб бермайдиган миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари белгиланган тартибда Ташқи ишлар вазирлиги орқали ЙҲХББга мурожаат қилиш шарти билан Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирилади. Хорижий фуқароларнинг ушбу тоифаси учун ҳайдовчилик гувоҳномалари имтиҳонлар топширилмасдан алмаштирилади.

Тегишли битим мавжуд бўлган тақдирда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг хорижий ходимларига миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари Адлия вазирлиги орқали ЙҲХББга мурожаат қилиш ва тиббий кўрикдан ўтиш шарти билан Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилиши мумкин. Хорижий фуқароларнинг ушбу тоифаси учун ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш имтиҳонлар топширилгандан кейин амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Россияда ҳам хорижлик ҳайдовчиларга Россия ҳайдовчилик гувоҳномасисиз ишлаш тақиқланади. Россия миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ҳайдовчига автомобиль бошқаришни ишониб топширган иш берувчилар 50 минг рубль миқдорида жаримага тортилади.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид