Жаҳон | 00:50 / 21.01.2021
104217
15 дақиқада ўқилади

Путиннинг миллиард долларлик саройи борми? Навальнийнинг сенсацион суриштируви эълон қилинди

Россиялик мухолиф сиёсатчи, Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси Алексей Навальнийнинг YouTube'даги саҳифасида янги сенсацион суриштирув эълон қилинди. Сиёсатчининг ўзи қўлга олинган бир вақтда эълон қилинган бу суриштирувни аллақачон 30 миллиондан ортиқ одам кўриб бўлган.

Навальнийнинг бу галги суриштируви «Путин учун сарой. Энг катта пора тарихи» деб аталади. Суриштирув Германиянинг Дрезден шаҳридан бошланади. Навальний Владимир Путин Германияда ишлаган вақтида яшаган уй ва бино олдида туриб Россиянинг амалдаги президенти Германияда нима иш қилгани ҳақида гапиради. Видео аввалида экранда кўринган титрда Навальний август ойида шахсан Владимир Путиннинг топшириғига кўра «Новичок» билан заҳарлангани айтилади. Шунингдек, 18 январ куни Россияга қайтиши билан қўлга олинган Навальний учун курашиш вақти келгани айтилиб, одамлар 23 январ куни 14:00да кўчаларга чиқишга чорланган.

«Бош қаҳрамон мени қўрқди деб ўйламасин»

Навальний кириш қисмини шундай бошлайди: «Сиз бу видеони кўраётганда мен аллақачон Москвада бўламан. Чунки суриштирувнинг асосий қаҳрамони бўлган инсон (Путин назарда тутилмоқда) унинг энг катта сири ҳақида хорижда туриб гапираётганим сабаб мени қўрқоқликда айблашини истамайман. Бугунги фильмда оддий совет офицери қандай қилиб ақлдан оздирар даражада бойиб кетгани ҳақида ҳикоя қиламиз».

Навальний Путин Германиядаги хизмат фаолияти вақтида яшаганини айтган уй олдида туриб гапирар экан, уни сайёранинг энг бой одами деб атайди. У Путиннинг Германиядаги фаолияти ҳақида шундай дейди: «КГБнинг оддий офицери Владимир Путин Дрезденга 1985 йилда келган. Путин биз у ҳақда «Вау, разведчик!» деб ўйлашимизни истайди, лекин аслида бундай эмас. У КГБнинг ўша даврдаги дўст мамлакат бўлган Шарқий Германиядаги (Германия демократик республикаси) расмий вакили бўлган. Ҳатто яширин бўлинмада ҳам барча танийдиган расмий вакил бўлган. Ҳозир кўпчилик Путиннинг ўша даврдаги фаолиятини романтиклаштириб «У душманнинг ичига сездирмай кирган», деб алқашади, бироқ у мана бу шинамгина бинода ўзи каби қатор бекорчилар билан бирга вақт ўтказган. Улар бир-бирларига совға бериш билан банд бўлишган. Худди ҳозирги каби».

Навальний айни дамда Россиядаги «Транснефт» компанияси раҳбари Николай Токарев ҳам Путин билан бирга КГБнинг Дрездендаги ваколатхонасида ишлаганини аниқлаган. Навальнийнинг айтишича, Токарев Федерал хавфсизлик хизматида (ФХХ) ишлаганини тан олмаган, лекин у истеъфодаги ФХХ генерали экани маълум. Видео давомида Навальний Путин айнан Дрезденда келажакдаги фаолияти пойдеворини қурганини айтади. Унинг иддаосича, Россиянинг амалдаги етакчиси қуйидаги шиорларни ҳаётининг муҳим омиллари деб ҳисоблаган: 1. Доим бир гапни айтиб, бошқасини қил; 2. Коррупция – ишонч гарови; 3. Асосийси, пул ҳеч қачон керагидан ортиқ бўлмайди.

Навальний Путин университетга ишга ўтганини эслаш баҳонасида ҳам бир «чақиб олади»: «Германиядан қайтгач, келажаги унчалик ёрқин бўлмаган университетга ишга юборишганидан Путин «қанчалик зўр» айғоқчи бўлганини билиш мумкин».

Келажак белгиланган парта

Суриштирувда Путин ҳукумат тепасига кўтарилишида Петербургдаги фаолияти ва дўстлари қанчалик муҳим бўлганига алоҳида урғу берилган. Масалан, Николай Егоров Путин билан битта партада ўтиргани ва айнан у Путиннинг фаолиятини ўзгартириб юборган таклифни бергани айтилади – айнан Егоров Путинни Анатолий Собчакка тавсия қилган. Собчак (ҳа, журналист Ксения Собчакнинг отаси) ўша вақтда Санкт-Петербург шаҳри мэри бўлган. У тарихда Путиннинг она шаҳрида мэр сифатида ишлаган биринчи ва охирги раҳбар бўлиб қолади. Чунки ундан кейинги барча раҳбарлар губернатор деб аталган.

«Путин СССР тарқалиб кетишини катта хато деб кўп марта такрорлаган, лекин у ўша даврда СССРнинг энг ашаддий танқидчиларидан бўлган радикал демократ Собчакнинг жамоасида бўлган. У ерда Путин ўзи орзу қилган лавозимни топди ва экспорт учун лицензия бериш билан шуғулланди. У ёғоч, нефть, алюминий ва ҳар қандай хомашё экспорт қилувчи фирмаларга лицензия бериш билан шуғулланган. Келишувга кўра, хомашё ўрнига озиқ-овқат маҳсулотлари келиши керак бўлган. Масалан, нефть маҳсулотлари ўрнига гўшт, картошка, шакар, ёғоч ўрнига болалар озуқаси ва қуритилган сут. Аммо! Хомашёлар борган, лекин алмашиш келишилган маҳсулотлар келмаган», дейди Навальний.

Навальнийнинг аниқлашича, нефть маҳсулотлари хорижга Геннадий Тимченко томонидан чиқарилган. Айни дамда Volga Group раҳбари ҳисобланган Тимченконинг бойлиги 20 миллиард доллардан кўпроқ экани маълум. Навальний нефть маҳсулотлари савдосини Путиннинг асосий бизнеси деб атаган: «Россия мустақилликка эришгач, мамлакатдаги энг йирик 5та нефть компаниясидан 4таси нефтни хорижга тўғридан тўғри эмас, Швейцариядаги Gunvor номли ўртакаш фирма орқали экспорт қилган. Шу тариқа, Тимченко турган жойида ҳеч иш қилмай ақл бовар қилмас даражада катта пулларга эга бўлган. Gunvor компаниясида Путиннинг улуши борлиги ҳақида жуда кўп ёзилган, хусусан, АҚШ молия вазирлиги Путинда Gunvor'даги пуллардан фойдаланишга имкони борлиги ҳақида расман маълум қилган. Gunvor'да кўпчилик танимайдиган акционер ҳам бўлган. Унинг исми Петр Колбин. Бу ким дейсизми? Журналистлар аниқлашди. У Путиннинг ёшликдаги дўсти. Бундан тушуниш мумкинки, Колбин Путиннинг пулларини сақлаган».

Миллер ва конвертда пул

Суриштирувнинг энг шов-шувли қисмларидан бирида Навальний Путинга Санкт-Петербург мэриясида ишлаган вақтида конвертда пора беришгани ҳақида гапирган: «Нима, Путинга конвертда пора берилганми, деб ҳайрон қоляпсизми? Ҳа! Айнан шундай бўлган. У экспорт учун лицензия олмоқчи бўлганлар билан учрашувда иқтисодий ҳамкорлик аҳамияти ҳақида узундан узун нутқ сўзланган, кейин эса Путин қоғозга қанча пул бериш кераклигини (кўп эмас, 10-20 минг доллар) ёзиб узатган ва лицензия унинг ёрдамчиси Алексей Миллер орқали расмийлаштирилган. Миллерни таништиришга эса ҳожат йўқ. У 20 йилдан «Газпром»ни бошқариб келмоқда. Бу тизим қандай ишлагани ҳақида 90-йилларда Петербургдаги кўча жангларида қатнашган Максим Фрейдзон интервьюсида айтиб берган. Кўриниб турибдики, Миллер бу тизимни нефть компаниясидан яхшироқ бошқарган.

«Дарвоқе, 2008 йилда Миллер «Газпром»нинг капитализацияси 7-8 йил ўтиб 1 триллион долларга етиши ва у дунёнинг энг бой компаниясига айланишини айтганди. Ўша вақтда «Газпром»нинг капитализацияси 360 миллиард доллар бўлган, 12 йил ўтиб эса 70 миллиард долларгача арзонлаб кетди. 5 баравар кам. Путин жамоасининг қандай ишлашига ажойиб мисол», деган Навальний.

Людмила Путинанинг мактублари

Навальний суриштирув давомида яна бир қизиқарли аргументни келтиради. У Путиннинг собиқ (ва ягона) турмуш ўртоғи Людмила Путинанинг германиялик таниши Ирен Питч билан ёзишмаларини топишга муваффақ бўлган. Унда бўлажак президентнинг оиласи ҳақида жуда кўп маълумотларга ойдинлик киритилган. Хусусан, қизиқ бир воқеа бор. 1998 йил Путин Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари этиб тайинланган вақтда Болтиқ бўйида дам олаётган бўлгани айтилган (Путиннинг биографиясида). Людмила Путинанинг дугонасига ёзган ўша вақтлардаги мактубида эса Путинлар оиласи Болтиқ бўйида эмас, Франциянинг Кан шаҳрида дам олаётган бўлгани айтилган.

Бош прокурор ва Елцин оиласи

Навалний суриштирувда Россиянинг собиқ бош прокурори Юрий Скуратов қандай ишдан кетганини ҳақидаги воқеани ҳам эслаган. Ўшанда Россия президенти Борис Елциннинг оиласига алоқадор коррупцион ҳаракатлар борасида суриштирув ўтказаётган бўлган. Бироқ бу ишдан кўп ўтмай, Россия федерал телеканалларида Скуратовнинг хулқи бузуқ қизлар даврасида тушган сурати эълон қилинади (бу ҳолатнинг видеоси ҳам тарқалиб кетганди). Путин бу борада чиқиш қилиб Россия бош прокурори истеъфога чиқиши кераклигини айтади ва Навальнийнинг айтишича, шу тариқа Елциннинг оиласи можародан қуруқ чиқади. Навальний кейинчалик айнан Елцинлар оиласи Путинни паноҳ бўлиши учун аввал бош вазирликка, кейин президентликка олиб борганини таъкидлайди.

1 миллиард долларга сарой

Навальний суриштирувнинг энг асосий объекти Краснодар ўлкасининг Геленжик шаҳрида жойлашган улкан сарой ҳақида. Навальний бу сарой Путинга тегишли экани ҳақида кўплаб мисоллар келтирган. Қора денгиз бўйидаги жуда гўзал табиат қўйнида 15 йилдан буён даҳшатли даражада катта сарой қурилаётгани кўпчилик орасида машҳур миш-мишга айланиб бўлган. Унинг суратлари ҳам анча олдин интернетда тарқалганди. Навальнийнинг ҳисоб-китобларига кўра, саройнинг қурилиш ишлари ҳамон давом этмоқда ва унга аллақачон 1 миллиард доллар пул сарфланган.

Сарой ва атрофдаги майдон катталиги Монако қироллигидан 39 марта каттароқ. Сарой унинг атрофидаги боғлар билан бирга 7 800 гектарни эгаллайди. Сарой ҳудудида 300 гектар узумзор, уларни қайта ишловчи вино заводи, ёзги сарой, ҳатто устрица фермаси ҳам бор. Саройга кириб чиқиш қатъий назорат қилинади, у ерда ишловчи юзлаб одамларнинг бирортаси камерали телефон ишлатмайди.

Саройнинг устидан учиб ўтиш мумкин эмас (учиш тақиқланган ҳудуд), саройга яқин сувлардан сузиб ўтиш мумкин эмас.

Путинники экани айтилган саройнинг ичида 5 қаватли бинога тенг ҳоккей майдони бор. Манеж ер остида жойлашган ва уни юқоридан бўртиб тургани сабаб ҳоккей майдони эканини билиш мумкин. Дарвоқе, Навальнийнинг ходимлари суриштирув давомида катта қийинчилик билан саройни дрон орқали кузатишни уддалаган. Сарой ичидаги тасвирлар бир неча йил аввал интернетда тарқалган. Уларни саройда ишлаган усталар тарқатишган. Навальний эса саройнинг макети тасвирланган лойиҳа видеосини топган ва уни усталар тарқатган видео билан солиштирган – аниқлик 99 фоиз!

Саройдан ер ости орқали махсус йўлак бор ва у ердан соҳилга чиқилади. Сувдан анча тепада бўлган бу соҳилда махсус балкон бор ва у ердан Қора денгиз мавжлари жуда яхши кўринади. Сарой ҳудудида ноодатий архитектурадаги кўприк, деворлар, ноёб дарахтлар ва ҳатто очиқ амфитеатр бор. Ўсимликлар учун 40дан ортиқ боғбонлар жавоб беради. Сарой ҳудуди ФХХга тегишли ва 2068 йилгача балиқчиликни ривожлантириш билан шуғулланувчи фирмага ижарага берилган.

Навальнийнинг вакилларидан бири балиқчи сифатида сарой атрофида балиқ овламоқчи бўлиб мурожаат қилган ва бу учун ФХХдан рухсат олиш кераклиги айтилган. Бироқ ФХХдагилар сарой атрофида балиқ овлаш мумкин эмаслиги, уни 2 км айланиб ўтиш кераклигини маълум қилишган. Нима учун деган саволга махсус хизмат вакиллари аниқ жавоб беришмаган.

Навальнийнинг айтишича, бир вақтлар «Лирус» деган компания тузилган. Унинг таъсисчилари Путиннинг бўлажак қудаси (Навальнийнинг айтишича) Николай Шамалов, истеъфодаги КГБ полковниги Дмитрий Горелов ва тадбиркор Сергей Колесиков бўлган. Улар айнан ҳозирги сарой ҳудудида болалар лагери қуриш учун рухсатнома олишади. Колесников бу ҳақда гапириб берган. Унинг айтишича, Путин президентлик ваколати тугаётгани сабаб Қора денгиз бўйида «кичкина уйча» қуришни хоҳлаган, лекин қурилиш бутун бошли саройга айланиб кетган.

Сарой қайси пулга қурилган?

Колесников ва Горелов ўз вақтида «Петромед» номли фирма очишган. Петербург мэриясининг ҳам фирмада улуши бўлган ва Навальнийнинг айтишича, бу улуш тўғридан тўғри Путинга тегишли бўлган. Кейинчалик фирмага Николай Шамалов ҳам қўшилган. Кейинчалик Роман Абрамович ва Алексей Мордашов каби миллиардерлар «Петромед»ни ривожлантириш учун пул ажратишади. Пуллар эса гўёки тиббиётни ривожлантиришга йўналтирилади. Пулларнинг 35 фоизи махсус офшор фирмага ўтказилган. Офшордаги пулларнинг 94 фоизи, Навальнийнинг иддаосича, Путинга кетган. Айнан мана шу пуллар сарой қурилишига сарфланган.

Навальний суриштирув давомида Путин билан боғлиқ жуда кўп маълумотларни келтирган ва барчасига исбот тақдим этишга уринган. Навальний бутун суриштирув давомида Путинни сайёранинг энг бой одам деб атайди. Интервьюни Навальнийнинг YouTube каналида томоша қилиш мумкин. Видео жойланганидан бир кун ўтиб 30 миллион мартадан ортиқ кўрилди.

Қаср ҳақида биринчи марта 2010 йилдаёқ маълум бўлган — у ҳақда бизнесмен Сергей Колесников гапириб берган, у қурилиш лойиҳасига жалб қилинганини айтганди. Бизнесмен қурилиш билан боғлиқ сметалар, шартномалар ва бошқа ҳужжатларни эълон қилиб, лойиҳага бизнесмен Николай Шамалов Владимир Путиннинг манфаатлари йўлида раҳбарлик қилганини билдирди. Бу ОАВда катта шов-шувга олиб келди ва бир неча ойдан кейин Шамалов қасрни бизнесмен Александр Пономаренкога сотди, у эса лойиҳани меҳмонхона мажмуаси сифатида қуриб битказишини маълум қилди.

Коррупцияга қарши кураш фонди даъво қилишича, олди-сотди сохталаштирилган — Пономаренко қаср учун бор-йўғи 350 минг доллар (ОАВларда айтилган нархдан минг марта пастроқ). Шамаловнинг фирмаларидан бири тез орада объектда бошқарувчи компанияга айланди.

Президент матбуот котиби Дмитрий Песков Навальнийнинг тадқиқотини шундай изоҳлади: «Пластинка жуда чайналиб кетди. Кўп йиллар олдин биз Путиннинг ҳеч қанақа қасри йўқлигини тушунтириб бўлганмиз».

Эслатиб ўтамиз, 20 август куни Томскдан Москвага қайтаётган Навальний самолётда ўзини ёмон ҳис қилган ва самолёт Омск шаҳрига фавқулодда қўнишга мажбур бўлганди. Кейинчалик Навальний Россияда ишлаб чиқилган «Новичок» билан заҳарлангани маълум бўлди. Навальний ўзининг заҳарланиши Путиннинг топшириғи билан амалга оширилганини кўп марта таъкидлаган. У 22 августдан Германиянинг Берлин шаҳрида даволанди ва 7 сентябр куни комадан чиқди.

14 январь куни Жазоларни ижро этиш федерал хизмати сиёсатчи 29 декабрь куни департамент ташаббуси билан қидирувга берилганини хабар қилди. Хизмат уни «Ив Роше» иши бўйича режимни бузган, унга мувофиқ Навальний ойда икки марта Жазоларни ижро этиш федерал хизмати органларига бориб, рўйхатдан ўтиши керак бўлган. Даволанишдан кейинги реабилитация, хизматнинг фикрича, рўйхатга олишга келмаслик учун асос бўлолмайди.

Навальний 17 январ куни Россияга қайтди ва аэропортнинг ўзида қўлга олинди. 18 январ куни Химки шаҳар суди Алексей Навальнийни 15 февралга қадар қамоққа олиш бўйича ҳукм чиқарди.

Мавзуга оид