Ўзбекистон | 17:48 / 14.09.2021
41225
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Афғонистонга гуманитар ёрдам юборди

Ўзбекистон Афғонистонга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва кийим-кечаклардан иборат бўлган 1,3 минг тонналик инсонпарварлик ёрдами жўнатди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Ўзбекистон ҳукумати Балх вилоятининг шимолидаги Ҳайратон чегара ўтказиш пункти орқали Афғонистонга катта миқдорда гуманитар ёрдам жўнатди. Бу ҳақда Ariana News маълумот бермоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва кийим-кечаклардан иборат бўлган 1,3 минг тонналик инсонпарварлик ёрдами афғон расмийларига топширилган.

Ўзбекистон ТИВ маълумот беришича, маросимда сўзга чиққан Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид бутун афғон халқи номидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга бугунги синовли даврда мамлакатга кўрсатаётган юксак эътибори, қўллаб-қувватлаши ва бирдамлиги учун чуқур миннатдорлик билдирган.

 

Балх вилояти губернатори Қудратилло Абу Ҳамзанинг сўзларига кўра, бу ёрдам аслида Афғонистонга пандемия оқибатларини бартараф этишга, шунингдек, мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган гуманитар ва озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга хизмат қилади.

Гуманитар ёрдам бутун мамлакат бўйлаб муҳтож афғонларга тарқатилиши кўзда тутилган.

Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати гуманитар ёрдам юбориш жараёнидан суратларни эълон қилди.

Аввалроқ Reuters агентлиги хорижий молиявий ёрдамнинг тўхтатилиши, валюта ҳисобларининг музлатилиши ортидан Афғонистонда нақд пул етишмаслиги туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёнилғи нархи кун сайин ошаётгани ҳақида хабар қилганди.

Мавзуга оид