Жамият | 19:28 / 04.03.2019
30869
9 дақиқада ўқилади

Қўқон шаҳри ҳокимлиги ва тадбиркор ўртасидаги можаро қандай якун топади?

Мураккаблик нималигини тадбиркор ва ҳокимлик ўртасида узоқ вақт давом этаётган баҳсли ҳолатни ўрганганингизда биласиз...

Тадбиркор бор вазиятни сизга тушунтириш учун бир дунё қоғозлар, қарорлар, баённомалар, суд қарорлари, аризалар ва уларга жавобларни олдингизга ташлайди. Мана шу жойда миянгизнинг охирги ҳужайрасигача ишлатиб, бўлиб ўтган жараён ичига кириб борасиз. Аввалига ўрмондек кўринган ишни таҳлил қилгач, ичидан сўқмоқлар ҳам топилиб қолади. Ҳар икки томонни ҳам тингламасангиз, ишни борича тушуна олмаслигингиз ҳам мумкин.

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида фаолият юритувчи «MIRCURI» жамияти томонидан келган мурожаатни ўрганиш учун бордик.

«MIRCURI» жамияти таъсисчилари Қобул Дадажонов ва Зоҳиджон Меҳмонов ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида 2018 йилнинг 28 июлида Қўқон шаҳри 46-МФЙ Фурқат кўчасида жойлашган «SETUP LINE» оилавий корхонасига қарашли 11000.00 м² ер майдонига эга бўлган бино-иншоотларни нотариал тартибда сотиб олади.

Ушбу ер майдони «SETUP LINE» оилавий корхонаси раҳбари Раҳимжон Нурматовга Қўқон шаҳар ҳокимининг 2015 йил 10 мартдаги №119 сонли қарорига асосан стол тенниси, пейнтбол  ва картинг майдонлари қуриш учун ажратиб берилган. Оилавий корхона номида иншоотларга кадастр ҳужжатлари мавжуд.

«MIRCURI» жамияти таъсисчилари қарийб 250 миллион сўмга сотиб олинган ҳудудда эркаклар учун пальто тикиш цехи, озиқ-овқат қадоқлаш, маиший техника воситалари, кондитер, маиший техника жиҳозлари (дазмол, электр чойнак ишлаб чиқариш) цехларини йўлга қўймоқчи бўлишган. 200 нафар кишига иш ўрни яратишни режа қилган тадбиркор ушбу ер майдонини ишлаб чиқариш тоифасига ўзгартириш учун Қўқон шаҳар ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилади. Бунинг учун Қўқон шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси томонидан «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» ДУК лойиҳалаш институти билан келишиш учун планшет тайёрланиб, Қўқон шаҳар ҳокимияти, шаҳар архитектура ва қурилиш бошқармаси, Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, шаҳар ЁХБ, шаҳар ДСЭНМ, табиатни муҳофаза қилиш Қўқон шаҳар бўлимлари томонидан тасдиқланган.

2018 йилнинг июль-август ойларида «MIRCURI» ходимлари ушбу ҳудудда қурилиш ишларини бошлаш учун ободонлаштириш ишлари олиб бораётган вақтда шаҳар ҳокимлиги ходими Бекзод Каримов келиб, ишларни зудлик билан тўхтатиш кераклигини айтади.   

«Масалани муҳокама қилиш учун шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов қабулига кирганимда, ҳокимимиз ушбу ҳудудни аввалги эгаси ноқонуний равишда ўзлаштирганини ва нотариал олди-сотди шартнома қонуний эмаслигини айтди. Биз танг ҳолатда қолдик. 2018 йил 16 август куни шаҳар ҳокимининг ер майдонини шаҳар ҳокимлиги захирасига олиб, «Ёшлар боғи»га бириктириб бериш тўғрисидаги 2018 йил 15 август кунги 652-сонли қарорини беришди.

Ҳоким қароридан норози бўлиб, 2018 йил 20 август куни шаҳар прокурори Ш. Турдалиев номига ариза билан мурожаат қилдик. Прокурор ҳоким қарорига протест киритди, лекин Қўқон шаҳар ҳокимининг 709-сонли қарори билан протест рад этилди. Қўқон шаҳар ҳокимлиги ҳудуднинг собиқ эгаси «SETUP LINE» раҳбари майдонни ноқонуний эгаллаганини ўрганиш учун прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига мурожаат қилди. Департамент ишни ўрганиб чиқиб, барча ҳужжатлар қонунийлиги ҳақида хулоса берган. Лекин, ушбу хулосага ҳокимият вакиллари эътибор қаратишмади», дейди «MIRCURI» жамияти таъсисчиси Зоҳиджон Меҳмонов.

Шундан сўнг тадбиркор турли ташкилотларга мурожаат қилишга ҳаракат қилди, лекин барча уринишлари бекор кетади.

Қўқон шаҳар прокуратураси 2018 йил 8 ноябрь куни Қўқон шаҳар маъмурий судига яна даъво аризаси билан мурожаат қилади. 

2019 йилнинг 14 февралида Учкўприк туман маъмурий судида Қўқон шаҳар прокурорининг «SETUP LINE» раҳбари ва «MIRCURI» жамияти раҳбарлари манфаатини кўзлаб ёзган аризаси юзасидан маъмурий иш кўриб чиқилди.

Суд қарорига кўра, Қўқон шаҳар прокурорининг аризаси қисман қаноатлантирилиб, Қўқон шаҳар ҳокимининг 2018 йил 15 августдаги қарорининг иккинчи, учинчи бандлари қисман ҳақиқий эмас деб топилган.

Бундан ташқари, суд қарорида шаҳар ҳокимининг 2018 йил 6 сентябрдаги 708-сонли қарори ҳам ҳақиқий эмас деб топилгани қайд этилади.

Зоҳиджон Меҳмоновнинг айтишича, суд қарори чиққанидан сўнг тадбиркор туман ҳокимлиги юристи ва туман ер мулк кадастрига мурожаат қилганида, улардан суд қарори бўйича тегишли изоҳ ололмаган.

«Тортишув кетаётган пайтда ўша ҳудудда шаҳардаги бошқа корхона қурилиши ишларини бошлашга уринаётганини эшитиб ҳайрон бўлиб қолдик. Туман ҳокими ерни бошқа тадбиркорга бериб юборганмиш... », дейди у.

Биз воқеага ойдинлик киритиш учун Қўқон шаҳар ҳокимлигига бордик. Ушбу масала билан ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари шуғулланаётгани, бироқ у ҳозир узоқдалиги маълум қилинди. Шундан сўнг, биз Фарғона вилоят «Ермулккадастр» корхонаси Қўқон шаҳар филиали бошлиғи Насимхон Аҳмедов билан учрашиб, масала юзасидан суҳбатлашдик.

Ушбу мутасадди «SETUP LINE» оилавий корхонаси ер майдонидан мақсадсиз фойдалангани учун ер шаҳар захирасига қайтарилиб, «Ёшлар боғи» ҳудудига бириктирилганини айтиб, қуйидагича изоҳ берди: «SETUP LINE» ва «MIRCURI» ўртасида 2018 йил 28 июль куни нотариал олди-сотти шартномаси тузилган. Амалдаги қонунларга асосан, ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги нотариал тартибда тузилган битимлар уч кун муддат ичида жойлардаги «Ермулккадастри» корхонасидан рўйхатдан ўтказилиши лозим. Бироқ ҳар икки корхона «Ермулкадастр» корхонасига келиб мурожаат қилмаган.

Учкўприк туман суди мажлисида Қўқон шаҳар ҳокимлигининг ишончли вакили сифатида иштирок этдим ва суд қарорини адолатли деб ҳисоблайман. Суд қарорида «Қўқон шаҳар ҳокимининг  2018 йил 15 августдаги 652-қароридаги 2-3-бандлар қисман ҳақиқий эмас», деб топилсин дейилган. Суд ер майдонини захирага олишни кучида қолдириб, бинога оид қисмини тадбиркорга қолдирмоқда».

Суд қароридаги «қисман» деган жойи роса ўйлантирди. Суд қарорида шаҳар ҳокими 2015 йил 10 мартдаги 652–қарори биринчи бандидаги «Нурматов Раҳимжонга ажратилган ер майдони шаҳар захирасига олиниб, «Ёшлар боғи» ҳудудига бириктирилсин», дейилган банди амалда қолган.

Айни шу ер майдони ҳақида қарорнинг иккинчи ва учинчи бандларида ҳам келтирилган бўлса-да, тадбиркор ер майдонисиз қолмоқда. Учинчи банд «қисман ҳақиқий эмас» деб топилиши ҳам ажабланарли. Чунки, унда биттагина гап тузилмаси бор: «Қўқон шаҳар Фурқат кўчаси «Ёшлар боғи» ҳудудига 11000,0 м² бириктириб берилсин».

«Тадбиркорликни бошламоқчи бўлиб турган пайтимизда, ҳокимият томонидан қаршиликка учраб, шошма-шошарлик билан чиқарилган ҳоким қарори билан сотиб олган ер майдонини қайта рўйхатдан ўтказа олмаяпмиз. Натижада, 6 ойдан бери ишлаб чиқаришни йўлга солишимиз саробга айланяпти. Бизда тадбиркорлик учун маблағ етарли. Ҳеч қандай кредитсиз дастгоҳларни олиб келиб ишни бошлашга имкониятимиз бор. Четдан келтирилган хомашёларимиз ишлатилмай омборда туриб муддати ўтиб бормоқда», дейди тадбиркор.

 Ваҳоланки, «MIRCURI» жамиятининг ўзига тегишли ер майдонида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасидаги «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» ДУК лойиҳалаш институти билан келишиш учун тайёрланган жойлашув режаларида шаҳар ҳокимининг «Тасдиқлайман» деган имзоси турибди.  

 Ҳар икки томон ҳали узоқ тортишишига шубҳамиз йўқ. Фақат, ҳокимлик ишлаб чиқариш, тадбиркорлик қилиш, ишчи кучи яратишга давлатдан кредит сўрамай уринаётган тадбиркор томонга бир қадам ташламаётганига ҳайронмиз.  

Ахир, имконияти бор тадбиркорга кўмак бериш керак эмасми? 

Элмурод Эрматов, Фарғона

Тайёрлаган:  Элмурод Эрматов

Мавзуга оид