Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ички ишлар вазирлиги ва “Ўзэнергоинспекция”нинг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.
![](https://storage.kun.uz/source/10/Y7ww5_h_iGYK1Tva5S3EIpyroM6agu-q.jpg)
Хусусан, Янгийўл шаҳрида яшовчи И.Н. 10 дона Antminer L3++ русумли майнинг қурилмаларини ўзбошимчалик билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, майнинг фаолияти билан шуғулланиши натижасида, давлат манфаатларига 1 млрд 19 млн 400 минг сўм миқдорида зарар етказган.
Қибрай туманида истиқомат қилувчи Р.Ж.нинг хонадони кўздан кечирилганда, у ҳеч қандай рухсатномасиз майнинг фаолияти билан шуғулланиб, 685 млн 939 минг сўмлик электр энергиясини талон-торож қилганлиги аниқланди ва ундан 2 та тўпламда бўлган майнинг қурилмалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Қибрай туманида кузатилган яна бир ҳолатда, М.С. ўзининг яшаш манзилида криптовалюта ишлаб чиқариш фаолияти билан қонунга хилоф равишда шуғулланиб, 3 та тўпламда бўлган майнинг қурилмаларидан фойдаланиши натижасида, электр энергияси бўйича давлат манфаатларига 579 млн 474 минг сўм миқдорида зарар етказган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.