Ўзбекистон | 09:37 / 10.02.2023
24325
2 дақиқада ўқилади

Фармацевтика агентлиги мансабдор шахслари қамоққа олинди

Фармацевтика агентлигида жуда кўп миқдордаги молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Ҳозирда ДХХ тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, “DOK-1 MАKS” ва "АМБРОНОЛ" сиропи ножўя таъсири сабабли “ўткир буйрак етишмовчилиги” ташхиси билан болалар вафоти бўйича қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида бир қатор мансабдор шахслар қамоққа олинган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКда ўрганиш ўтказилди.

Агентлик хабарида айтилишича, унинг якунларига кўра аниқланган жуда кўп миқдордаги молиявий хато ва камчиликлар ҳамда бюджет маблағларининг сарф қилинишида белгиланган талабларнинг қўпол равишда бузилганлик ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ДХХ тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Шунингдек, “DOK-1 MАKS” ва "АМБРОНОЛ" сиропининг ножўя таъсири сабабли “ўткир буйрак етишмовчилиги” ташхиси билан болалар вафоти бўйича қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида бир қатор мансабдор шахслар қамоққа олинган.

Тўпланган далиллар асосида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори К.С. ҳамда содир этилган жиноятларга алоқадор бўлган унинг бир нечта жиноий шериклари иш бўйича гумон қилиниб ушланиб, уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Дастлабки тергов давомида сифатсиз дори воситаларини Ўзбекистонга импорт қилиб, истеъмолга чиқарилишига рухсат берган масъуллар доирасини аниқлаб, ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришга қаратилган комплекс тергов-тезкор ҳаракатлари ва тегишли экспертизалар ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент Фармацевтика агентлиги раҳбари Сардор Кариевни 2022 йилнинг 30 декабр куни лавозимидан озод қилган эди.

Мавзуга оид