Ўзбекистон | 16:36 / 08.02.2019
5391
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбек Давлат цирки» дастурлари ранг-баранглиги оширилади

Бугун, 8 февраль куни «Ўзбек Давлат цирки»да оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкиллаштирилди ва бу маскан фаолияти ҳамда режалари таништирилди.

2019 йилдан бошлаб давлат раҳбари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Ўзбек цирк санъатининг жамиятдаги ролини ошириш, цирк дастурлари ва спектаклларининг бадиий савияси ва қамровини кенгайтириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш, циркнинг ёш мутахассисларини тайёрлаш, «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасаси ва унинг таркибидаги кўчма цирклар (шапитолар)нинг фаолияти, ўзбек цирк санъатига давлат-хусусий шериклик тамойилларини кенг жорий қилиш орқали инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, аҳолига тақдим этилаётган цирк хизматларининг натижадорлиги ва сифатини ошириш режалаштирилган.

Kun.uz мухбири пресс-тур доирасида цирк раҳбари Рустам Мажидов билан қисқа суҳбат қилди.

«2019 йил «Ўзбек Давлат цирки» фаолиятида бурилиш йили бўлиши лозим. Чунки президентимиз талаби шундай. Вазирлар Маҳкамаси қўллаб-қувватлаши билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан циркимиз бўйича махсус дастур ишлаб чиқилган. Унга кўра, биноларимиз тўлиқ реконструкциядан чиқарилиши, моддий техник базамиз кучайтирилиши, дастурларимиз ранг-баранглиги оширилиши лозим. Циркимиз жамоаси ҳозирданоқ бунга тайёргарлик кўрмоқда. Кўриб турганингиздек, артист жониворларимизни янги томошаларга ўргатяпмиз, кўчма цирклар бўйича махсус жадвал тузиб чиқяпмиз.

Энг муҳими, хорижий давлатлар билан тажриба алмашиш бўйича вазирлигимиз томонидан алоҳида ишлар олиб бориляпти. Бир гуруҳ ходимларимиз қўшни давлатларга, Россияга бориб малака ошириб келишди. Биз ҳам яқинда уларнинг ташрифини кутяпмиз», – дея Рустам Мажидовнинг сўзларини келтирмоқда Кun.uz мухбири.

Ҳаким Зарипов, 95 ёшда. У 1930 йилдан буён циркда ишлаб келмоқда

 

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид