Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2025 йил 1 январдан давлат ва кўчма циркларда (шапито) ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва улардан цирк томошалари учун фойдаланиш тақиқланди. Ҳукуматнинг 5 йил олдинги бошқа бир қарорида эса “Ўзбек давлат цирки”га туташ ҳудудда қўшимча ҳайвонларни сақлаш учун бино-иншоотлар ва ўргатиш майдонлари қуриш, бюджет маблағлари ҳисобидан эса экзотик ҳайвонларни сотиб олиш назарда тутилганди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат билан жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати ҳамда ушбу рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни юридик шахслар томонидан сақлаш тартиби тасдиқланди.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар тақиқланади:

  • жисмоний шахслар томонидан рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш жойларида ёки тутқунликда сақлаш;
  • давлат ва кўчма циркларда (шапито) ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва улардан цирк томошалари учун фойдаланиш;
  • рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг рухсатномалари асосида белгиланган тартибда юридик шахслар томонидан ташкил этилган ҳайвонот боғларида ва (ёки) питомникларда сақланиши мумкин.

Жисмоний шахслар, шунингдек, давлат ва мобил цирклар (шапитолар) ихтиёридаги ёввойи ҳайвонлар шартнома асосида ҳайвонот боғлари ва питомникларга пулли ёки бепул топширилиши мумкин. Ўзбекистон фаунасига мансуб бўлганида, улар учун мос бўлган табиий яшаш муҳитига, мансуб бўлмаганда эса Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқариб юборилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда жисмоний шахслар ва циркларда сақланаётган рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларнинг 2026 йил 1 январгача ҳайвонот боғлари ёки питомникларга топширилишини таъминлаш топширилган.

2019 йил 23 январ куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ва «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Мазкур қарорда «Ўзбек давлат цирки»га туташ ҳудудда қўшимча ҳайвонларни сақлаш учун бино-иншоотлар ва ўргатиш майдонлари қуриш назарда тутилган.