Ўзбекистон | 14:46 / 02.11.2021
7076
3 дақиқада ўқилади

Болалар ковидга қарши эмланиши мажбурий эмас. Аммо баъзи мактабларда бу бошқача талқин қилинмоқда

Ўзбекистонда 12 ёшдан катта болалар ота-онасининг ёки васийларининг розилиги билан COVID-19'га қарши Pfizer вакцинаси билан эмланишига рухсат берилди. Аммо айрим умумтаълим мактабларида ёппасига вакцина олишга мажбурлаш ҳолатлари ҳақида хабарлар келиб тушмоқда.

Фото: inform.kz

Kun.uz'га келиб тушган ва ростлиги суриштирувимиз давомида тасдиқланган аудиода, пойтахтдаги мактаблардан бирида синф раҳбари ўқувчиларга ёппасига вакцина қилиниши ҳақида буйруқ берган. Хабарда умумий ўрта таълим мактабларининг 6–11-синфларида ўқийдиган ўқувчилар ёппасига коронавирусга қарши вакцина олиши кераклиги, шунинг учун ҳар бир ўқувчи биттадан тиббий қўлқоп ва шприц олиб келиши кераклиги айтилади.

“Душанбадан бошлаб 6-синфдан то 11-синфгача барча ўқувчиларга COVID-19'га қарши вакцина қилинар экан. Ота-онангиз билан маслаҳатлашасизми-йўқми, бу сизнинг ишингиз. Кўпчилик ота-оналар телефон қилиб бехабарлигини айтяпти. Маслаҳатлашиш сизнинг ишингиз, лекин эртага ҳамма биттадан қўлқоп ва шприц билан келсин”, – дейди аудио эгаси.

Жорий йилнинг 28 сентябридан бош давлат санитария врачи ва миллий техник-иммунологик эксперт комиссияси қарорига асосан, Ўзбекистонда ота-оналар ва васийларининг розилиги асосида, ихтиёрий равишда 12 ёшдан катта болаларни Pfizer вакцинаси билан эмлашга рухсат берилди. Аммо бу ихтиёрий тарзда амалга оширилади.

Kun.uz ҳолат юзасидан Халқ таълими вазирлиги билан боғланди.

“Халқ таълими вазирлиги томонидан мактаб ўқувчиларини мажбурий эмлаш ҳақида бирор кўрсатма берилмаган. Умуман олганда, ўқувчининг саломатлиги билан боғлиқ топшириқларни бериш ХТВнинг ваколатига кирмайди. Бу соғлиқни сақлаш масаласи бўлиб, бизнинг тизим таълим билан боғлиқ ҳолатларда кўрсатма бериши мумкин”, – деди вазирлик матбуот котиби Лайло Рустамова.

Ўзбекистонда вакцинация жараёнига масъул Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати нафақат болаларни, балки катта ёшлиларни ҳам коронавирусга қарши эмлаш ихтиёрий равишда амалга оширилишини маълум қилди.

“СЭС” матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоровга кўра, олиб борилаётган вакцинация жараёнида бирор фуқародан тиббий қўлқоп ёки шприц талаб қилинмайди. Тиббий анжомлар ва вакцина бепул берилади.

“Шу кунга қадар мамлакатимизда олиб борилаётган вакцинация жараёнида бирор ҳолатда фуқародан тиббий анжомлар, яъни тиббий қўлқоп, шприц, спирт кабилар сўралмади. Чунки буларнинг барчаси вакцинация пунктларига етарлича таъминланган. Айниқса, болалардан буларни сўрашга умуман асос йўқ”, – деди Бозоров Kun.uz билан суҳбатда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотига кўра, 29 октябрь ҳолатига Ўзбекистонда Pfizer вакцинаси билан ихтиёрий равишда эмланган 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар сони 183 025 нафарга етган.

Болаларни ҳам ковиддан эмлаш бошланиши – бу касалликнинг болалар ўртасида тарқалиши кенгайгани ва Ўзбекистонга 2 млн доза Pfizer вакцинаси олиб келингани билан боғлиқ. Куни кеча АҚШда Pfizer билан 5–11 ёшли болаларни ҳам эмлашга рухсат берилди.

Мавзуга оид