Жамият | 21:06 / 26.09.2022
34954
10 дақиқада ўқилади

«Бу ислоҳотни шу шармандаларсиз амалга оширайлик!» — Тошкентда тезликни пасайтириш масаласи қандай акс-садо берди?

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашида пойтахтнинг айрим кўчаларида ҳаракатланиш белгиланган тезликни 70 км/соатдан 60 км/соат қилиб белгилаш талаби рад этилгани ижтимоий тармоқ ва блогосферада катта резонанс келтириб чиқарди.

Фото: Тошкент шаҳри ҳокимлиги

Тошкент ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Носиров халқ депутатлари пойтахт кенгашининг 16 сентябрдаги сессиясида Тошкентнинг айрим кўчаларида энг юқори тезликни 60 км/соатгача чеклаш таклифи билан чиқиш қилган.

Gazeta.uz сайтининг сессиядан қилган репортажига кўра, депутатларнинг бир қисми бунга қарши чиққан, бошқалари эса бу чора самарадорлигига шубҳа билдирган.

Алалхусус, таклиф қабул қилинмаган, шу сабабли кенгаш ушбу масалани кўриб чиқишни кейинги сессияга қолдирган.

Бу ҳол ижтимоий тармоқларда қаттиқ танқид остига олингач, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши расмий муносабат билан чиқиш қилди.

Кенгаш муносабатида депутатлар томонидан мазкур таклиф рад этилмагани, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси муҳокамасига қайта киритиш тўғрисида қарор қабул қилингани маълум қилинади.

Муносабатда «Ҳурматли блогерлар» сўзи қўштирноқ ичига олиниб, масалани шов-шув қилган блогерлар ҳурматга лойиқ эмаслиги ҳам писанда қилинган.

Хўш, депутатлар нимага қарши бўлишди?

Ўзи, бундай олиб қаралса масалани чуқур муҳокама қилишга эҳтиёж йўқ. Белгиланган тезлик 10 км/соатга пасайтирилади. Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари барча важларни санаб ўтган.

Фото: Шерзод Носиров / Тошкент шаҳар ҳокимлиги

«Биз тезликни 70 км/соатдан 60 км/соатгача камайтириш масаласига устувор аҳамият қаратишимиз керак. Йўлларда ўлим ҳолатларининг олдини оламизми ёки машиналарни тезликда ҳаракатлантиришни танлаймизми? Такрор айтаман: инсон ҳаёти бебаҳо, тезликни пасайтириш орқали одамлар ҳаётини сақлаб қолсак, бу катта ютуқ бўлади. Бу ўнлаб, юзлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолади», — деган Ш.Носиров.

Унинг «агар биз тезликни камида 10 км/соатга пасайтирсак, ўлимлар сонини нисбатан камайтиришимиз мумкин», — деганига жавобан залдан норози овозлар эшитилган.

Депутат Муродхон Жўраев комиссиянинг аввалги йиғилишида тезликни камайтиришга қарши чиққанини айтади.

Муродхон Жўраев

«Аварияларда 70 км/соат тезлик бўлмайди. 70 км/соат — шусиз ҳам паст тезлик. Бу авариялар 100 км/соат, 150 км/соат тезликда, йўл ҳаракати қоидалари бузилган ҳолда содир бўлади. Ҳаёт шиддат билан ривожланмоқда, биз эса тезликни секинлаштирмоқчимиз. Ҳозир машиналарнинг сифати аввалгидек эмас. «Жигули», «Волга» ва «Москвич»лар замони ўтди. Ҳозирги машиналар замонавий ва инновацион [механизмларга] эга», — деган у.

Депутатга кўра, тезлик 60 км/соат қилиб белгиланиши коррупцияга олиб келади. Эртага жуда паст тезлик учун ҳам ҳайдовчилар жаримага тортилади. Жарималарни текширишда коррупция ҳолатлари аниқланиши мумкин. Мен бу таклифни қўллаб-қувватламайман, деган у.

Фанлар академияси Тарих институти директори ўринбосари Азамат Зиё ёмғир пайтида барча ҳаракат иштирокчилари тезликни пасайтириши ҳамда тирбандлик юзага келишини таъкидлади.

Азамат Зиё (пастки қаторда чапда).

«Демак, гап фақат тезликни камайтириш ҳақида эмас. Эски шаҳарни олайлик… Менимча, бу ерда пиёдаларнинг ҳам ҳиссаси катта. Тезликни соатига 60 км.га камайтириш қанчалик ёрдам беришини билмайман», — деган у.

Ўзини таништирмаган депутатлардан бири эса ёши катталар 60 км/соат тезлик чегарасини сақлаб қолиши мумкинлигини, аммо «ёшлар катта тезликда ҳайдаши, уларни 60 км/соат тезлик билан тузатиб бўлмаслиги»ни айтган.

Блогосферада бу қандай акс-садо берди?

Сессияда кўрилган масала ва қабул қилинган мужмал қарор ижтимоий тармоқларда катта резонанс келтириб чиқарди. Айрим фойдаланувчиларгина депутатлар тўғри қарорга келишганини айтган, аммо бу мавзуда хорижий тажрибаларни аллақачон Ўзбекистонда ҳам жорий этиш кераклиги ҳақида айтиб келадиган журналистлар ва блогерлар депутатларнинг қарорини қоралаган.

Блогер DavletozUz шундай ёзади:

«На жамоат транспортида, на пиёда юрадиган одамлар, жумладан, шаҳримиз депутатлари қарор қабул қилса шунақа бўлади. Ваҳоланки, Тошкент кўчалари аллақачон ўлим трассаларига айланиб бўлди».

Никита Макаренко эса қарорни депутатлар тасдиғисиз қабул қилиш кераклигини таъкидлаган:

«Барча олимлар ва халқаро ташкилотлар тезликни 10 км/соатга камайтириш ҳам пиёдалар жароҳатланишини 30 фоизга камайтиришини исботлаган.

Кенгашдагилар, сиз заррача ачинмайсиз. Чорраҳаларда босиб кетилган болаларнинг қони қўлларингиздан пастга томади, оёқларингизга сачрайди, иш ҳақларингиз эвазига сотиб олган «Мерседес Гелендваген»ларингиз шиналарига оқади.

Ҳурматли Ўзбекистон раҳбарияти, илтимос, келинглар, ушбу муҳим ислоҳотни шу шармандалар иштирокисиз амалга оширайлик!»

Ҳарвард университети илмий тадқиқотчиси Ботир Қобиловнинг фикри:

«Аслида, Тошкент каби зич шаҳар ичида 60 км/соат ҳам катта тезлик, ундан ҳам пастроқ бўлиши керак. 21-асрда инсон ҳаётининг қадри бор жамиятларда бу ҳақда ҳеч қандай баҳс ва мунозараларга ўрин қолмаган.

Депутатларнинг фикрига кўра, ҳаёт жуда тез олдинлаб кетаётган экан ва биз эса уни секинлаштирмоқчи эканмиз. Кечирасиз, нима? Кўчадаги ўлимларни тезда тўхтатиш ўрнига, болаларимизни мактабга кузатаётганда уйга қайтиб кела олармикан деган қўрқувларни камайтириш ўрнига бу каби демагогия билан яна қачонгача шуғулланамиз?!»

Журналист Шуҳрат Шокиржонов масала келгусида қай тариқа ҳал қилиниши ҳажв остига олган:

«Қайта киритса қабул қиласизларми? Ўзи масала битта эдию? 70 км/соатни 60 км/соат қилиш? Икки-уч ҳафтада фикрларинг ўзгариб қолиб, 60 км/соатни қабул қиласизларми? Ёки масала сессия муҳокамасига қайта киритилса, тезликни 70 лигича қолдирасизларми? Унда рад этган бўласизлар-ку барибир? Ёки ГорГАИнинг замига «сеникияммас, бизникияммас — 65!» деб қўл ташлашасизларми?»

Журналист ва блогер Элдор Асановга кўра, депутатлар ва аксар одамларнинг нотўғри фикрда эканлигига сабаб илмга ҳурмат йўқлигида:

«Бундай шармандали ҳолатлар-у, ҳар бир оғзи бор ўзини эксперт деб ўйлашининг сабаби оддий — илмга ҳурмат йўқлигида. Одамларимизда, ҳатто зиёлиларимизда, сиёсатчиларимизда илм-фан билан ҳисоблашиш, олимларнинг тадқиқотларига кўз қирини ташлаб қўйиш одати йўқ, шу туриши ҳам тарихни/тилни/сиёсатни/урбанистикани етарли даражада биламан, деб босаверишади.

Тезликнинг туширилиши авариялар сонига ва ўлим хавфига бевосита таъсир қилиши ҳақида кўп илмий тадқиқотлар олиб борилган. 80 км/соат тезликдаги ҳаракат чоғида аварияда жароҳат олиш эҳтимоли 69 фоизни, жиддий жароҳат олиш эҳтимоли 52 фоизни ташкил қилади. Баъзилар ўйлагандай, 10–20 км — кичик фарқ эмас. Тезликка 1 км/соат қўшилиши жароҳат хавфини 4-5 фоизга оширади. Тезликнинг 10–20 км.га туширилиши эса, аксинча, хавфни бир неча баробар камайтиради. Тормоз йўли қанчалар ўзгаришини (зарур бўлганда машинани тўхтатиш тезлигини) ҳисоблаб чиқсангиз, бундай тезликда ўлим билан тугайдиган ЙТҲ хавфи амалда йўқ бўлишини кўрасиз».

Тошкентлик тревел-экспертлардан бири бошқа йирик шаҳарлар билан таққос келтиради:

«Тошкент шаҳри ичида максимал рухсат этилган тезлик туширилмайди. Тошкент ҳокими қарорни имзолабди.

Шу воқеалар билан бир вақтда Алмати шаҳрида 2025 йилдан шаҳарнинг тартибга солинган магистрал кўчаларида ҳамда маҳаллий ва туман аҳамиятига эга йўлларида тезлик 30–50 км/соат қилиб чекланиши ҳақидаги ҳужжат тасдиқланди.

Ривожланган давлатларнинг мегаполисларида ҳаттоки 60 км/соат ҳам — аллақачон рухсат этилмайдиган тезлик. Чунки у пиёдалар учун ўлим хавфини келтириб чиқаради».

Маълумот учун, бугунги кунда энг максимал тезликлар:

  • Парижда — 30 км/соат
  • Лондонда — 20 мил/соат (32 км/соат), айрим кўчаларда 30 мил/соат (48 км/соат)
  • Нью-Йоркда — 25 мил/соат (40 км/соат)
  • Истанбулда — 50 км/соат
  • Москвада — МКАДдан бошқа барча йўлларда 60 км/соат.

Аслида ўзимизда ҳам шаҳарларнинг айрим кўчаларида тезликни чегаралаш янгилик эмас. Масалан, Навоий шаҳрининг бир қатор марказий кўчаларида тезлик 50 км/соат қилиб чегараланган.

Йирик шаҳарларнинг пиёдалар гавжум марказий қисмларида тезликни кескин чегаралаш йўлдаги ўлимлар сонини камайтириши ҳақида урбанистика йўналишида ёзувчи журналистлар ва блогерлар тинмасдан чиқиш қилишади.

Барча мактаблар, боғчалар, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари ҳамда савдо марказлари ва хиёбонлар олдида ҳам тезликни 30 км/соат қилиб белгилаш ишига ҳам етарли эътибор қаратилмаяпти.

2021 йил давомида Ўзбекистон йўлларида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари илмий-амалий таҳлилига эътибор берилса, энг кўп қоидабузарликлар айнан белгиланган тезликни ошириш ортидан келиб чиққани маълум бўлади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил феврал ойида Самарқанд шаҳрига қилган ташрифи чоғида «яқинда Тошкент шаҳрида тезлик кўпи билан 60 км/соатгача белгилангани ҳақида қарор чиқади» деганди. «2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси»да шаҳарлар ва аҳоли пунктларида транспорт ҳаракатининг максимал рухсат этилган тезлигини 60 км/соатгача тушириш кўзда тутилганди, аммо якунда бу таклиф маъқулланмаганди.

Мавзуга оид