Ўзбекистон | 16:21 / 24.01.2025
2424
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қадоқлаш харажатларининг бир қисми қоплаб берилиши мумкин

Савдо-саноат палатаси томонидан мева-сабзавот етиштирувчилари, картон қутилар, пластик ва қоғоз идишлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар билан учрашув ташкил қилинди.

Унда соҳага оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси муҳокамаси ўтказилиб, мева-сабзавот маҳсулотларининг халқаро бозорда рақобатбардошлигини ошириш учун тадбиркорларнинг таклифлари тингланди.

Тадбирда қарор қабул қилиниши билан, маҳсулот нархининг кўтарилиши, ретаиллар билан ишлаш тизими яратилиши ва соҳада бир қатор енгилликлар киритилиши кутилаётгани таъкидланди.

Жумладан, замонавий қадоқланган ҳолда хўл мева-сабзавот, дуккакли ва полиз маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи ставкалари 1 фоиз этиб белгиланиши кўзда тутилмоқда.

Хусусан, ҳар ойда ҳар бир ходимга иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда, шу билан бирга, замонавий қадоқланган хўл мева-сабзавот, дуккакли ва полиз маҳсулотлари ҳамда қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини сотуви билан шуғулланувчилар учун ушбу маҳсулотларни солиқ даврида реализация қилишдан тушган умумий тушуми жами товарларни реализация қилишдан олинган даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этганда қўлланади.

“Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан замонавий қадоқланган ҳолда хўл мева-сабзавот, дуккакли ва полиз маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига замонавий қадоқ учун компенсация қилиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини калибровка қилиш ҳамда махсус идишларда қадоқлаш лойиҳалари ва айланма маблағларини тўлдириш учун тадбиркорлик субъектларига маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Тадбирда маълум қилинишича, мазкур қарор билан бенгиланган янгиликлар ҳаётга татбиқ қилинса, мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларининг замонавий қадоқланиши нафақат маҳсулотнинг ташқи кўринишини яхшилайди, балки унинг сифатини сақлаш ва экспортбоплигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Мавзуга оид