Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўлида бола билан ўқиётган талабалар. Уларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиладими?
Ўзбекистонда қизларнинг турмушга чиқиш ва таълим ёши деярли тенг. Талабалар сони йилдан йилга ошиб бораётгани ҳисобига, оилали студент-аёлларни қўллаб-қувватлаш зарурати ҳам ортмоқда. ОТМларда бу борада илғор хориж тажрибасини жорий этишни кечиктирмаслик лозим.
Фотоколлаж: Kun.uz
1-сценарий: Қиз мактабни ёки лицей/коллежни тугатиб ўқишга кира олмади. Яна қайта уринди, кира олмади, иш топади ёки уйда ўтиради. Ё бирор ҳунар ўрганиши мумкин. Тезроқ унга куёв топиб, узатиб юборишлари мумкин. “Ўқимаса, олиб ўтириб нима қиламиз”.
2-сценарий: Қиз ўқишга кирди. Яхши баҳолар билан ўқияпти. Грант бўлса, 1–2-курсда ўқиётганидаёқ, контрактда ўқиса, тахминан 3-курсда ўқиётганида совчилари кўпаяди. Кўплаб ҳолатларда қиз бакалавриат ё магистратурадаги ўқишини тугатмасдан турмушга чиқиб кетади. “Ўзимиз ўқитиб оламиз, ўқишига бемалол бораверади”, дейди куёв томон.
Лекин турмушга чиққандан кейин қизлар вақтларини иккига: ўқиш ва оилага тақсимлашларига тўғри келади. Агар фарзандли бўлса, унда учга.
Ҳар учта қиздан биттаси 20 ёшга тўлмай турмушга чиқмоқда
Статистика қўмитаси тақдим этган маълумотга кўра, 2021 йилда 305 мингдан ортиқ никоҳ қайд этилган. Шундан 93,2 мингта ҳолатда келинлар ҳали 20 ёшга тўлмаган бўлган, 186,7 нафар келин эса оила қуриш пайтида 20–30 ёш оралиғида бўлган.
Агар қиз бола мактабга 7 ёшда борса ва 18 ёшда 11 йиллик таълимни тугатиб, ўз вақтида ОТМга кирса, бакалавриатни 22 ёшида, магистратурани эса 24 ёшида тугатади. Ўртада танаффуслар ҳам бўлиши эҳтимолини ҳисобга олсак, хотин-қизлар 25–26 ёшигача ҳам таълим олиши мумкин.
Рақамлардан кичик хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда аксар қизлар таълим олиш ёшида турмушга чиқади. Балки шунинг учун ҳам улар кўпроқ нисбатан осон йўналишларда таълим олишни маъқул кўришади: ОТМларда таҳсил олаётган 260 минг талаба қизларнинг қарийб ярми – 126,3 минг нафари педагогика йўналишида таҳсил олади. Солиштириш учун: табиий фанлар йўналишларида 14,1 минг нафар, математика фанларида эса 5,4 минг нафар қизлар ўқийди.
Турмушга чиқиб ўқиётган қизлар муаммолари ҳақида Facebook ижтимоий тармоғидаги хотин-қизлар гуруҳларидаги фикрларни ўрганиб кўрдим. Ўзи ёки яқин қариндоши бўлган қизларнинг турмушга чиқиб ўқишини давом эттиргани ҳақида тахминан 80 киши фикр билдирди. Асосий жавоблар – турмуш қургандан сўнг таълим олиш сифати тушиб кетгани ҳақида бўлди. Аксар респондентлар яхши ўқишгани ҳақида фақатгина ОТМдаги дарсларига вақтида бориб келганини айтиш билан чегараланди, бироқ таълим олиш сифати пасайганини билдирган. Мўъжаз тадқиқот респондентилар кузатишлари ва жавобларига кўра, янги хонадонда келиннинг етарли даражада таълим олишини қўллаб-қувватловчилар ҳам бор, лекин улар камчилик.
Турмушга чиққач, ёш она бўлган талабаларнинг ҳолатини тасаввур қилиб кўриш мумкин. Агар боласига қараб турадиган яқинлари бўлса, 2-3 пара дарсларга бориб келиши мумкин, агар бўлмаса-чи? Боласи эмизикли бўлса-чи? Хуллас, ўқиш, оила ва фарзанди ўртасида мувозанатни сақлаб, сифатли ўқий олиш – талаба бўлган ёш оналар учун жуда катта вазифа.
Талаба-оналар учун муқобил вариант таклиф қилиниши керак
Саодат Абдураҳмонова, ЎзЖОКУ магистратура босқичи талабаси, ёш она:
— Турмушга чиққанимда магистратурада биринчи курс, фарзандли бўлганимда эса иккинчи курс эдим. Биринчи курсда карантин сабабли ўқиш онлайн бўлган, қийинчилик йўқ эди, аммо масофавий таълим сифатли бўлди, деб айта олмайман.
Иккинчи курсдан эса дарсларга қатнаш мажбурий қилиб қўйилди. Қариндошлари томонидан ёрдам бўлган оналар қатнай олди, бундай ёрдам бўлмаганлар эса ўқишга келгани ҳам йўқ. Фикримча, ёш оналар учун муқобил вариант ўлароқ сифатли онлайн таълим таклиф қилиниши керак. Балки бу қўшимча тўловларни талаб қилар, аммо имконият таклиф қилиниши керак.
Она оғир танлов қаршисида ёлғизлатиб қўйилган: ёки ўқиши, ўзини ривожлантириши керак, ёки карьера қилишдан умид узиб, бола тарбияси билан шуғулланиши керак. Лекин номига эмас, чин маънода илм олиш учун бола тарбиясини қўл учида қилишига тўғри келади.
Рисоладагидек аёл ҳаммасига улгура олади деган гап сафсата: иккисига бирдек улгуриш имконсиз, ё ўқиш ўлда-жўлда бўлади, ё тарбия.
Фарзандимни катта қилиб олгандан кейин ўқирман/ишларман деганлар эса вақт нуқтайи назаридан ўзига тенгдош эркакларга қараганда жуда кўп нарсани бой беради, улгуриб олиш учун каррасига кўпроқ меҳнат қилиши керак бўлади. Ўз-ўзидан бу унинг ривожланишдаги имкониятларига ҳам, руҳий ва жисмоний саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ўзим мисолимда ҳам шундай бўлган: ҳам болани, ҳам ўқишни кўнгилдагидек уддалашга ҳаракат қилганман ва қиляпман, лекин бундан руҳий ҳолатим жиддий талафот кўряпти.
Умуман олганда, жамият ёш оналарга мос қулайликлар таклиф қилмайди. Жамоат жойларида эмизиш учун алоҳида хоналар, биноларга кириш-чиқишда болалар аравачаси учун пандуслар йўқлиги (борлари ҳам номига қўйилган, амалда у орқали аравачани олиб ўтиш имконсиз, айниқса зиналари жуда кўп, эскалаторлар кунига бир неча соатгина ишлайдиган ёки умуман ишламайдиган кўприкларни гапирмаса ҳам бўлади), иш ва ўқишда улар учун муқобил форматлар таклиф қилинмаслиги кабиларни келтириш мумкин.
***
Юқоридаги фикрлар – жамиятда ўз ўрнини топиб, яхши кадр сифатида илмий салоҳиятини оширишни хоҳлаган, параллел оилани ҳам эплашга, фарзандини эътибор билан катта қилишга ҳаракат қилаётган ўзбек аёлларидан бирининг фикри. Бундай хотин-қизлар жуда кўп ва улар жамиятнинг қўллаб-қувватловисиз қийналмоқда.
Хотин-қизларнинг иш ва ўқиш фаолиятида маълум муддат – фарзандли бўлиш ва фарзандларини катта қилиш даврида – танаффус бўлишига табиий қаралади. Оналик таътили ҳамма давлатларда ҳам бор ва оналарнинг жисмоний, руҳий ҳолати инобатга олинса, бу – энг яхши вариант. Лекин ўқиётган ва талаба пайти ҳомиладорлик, ёш оналик даврини бошдан ўтказадиган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва таълими учун қулай шароит яратиб бериш масаласини ҳал қилмасликни бошқа сабаблар ортига бекитиб бўлмайди.
Халқаро тажриба: Ҳомиладорлик ва ёш болалилик ўқишга тўсиқ бўлмайди
Англиянинг Йорк университети
Англиянинг Йорк шаҳрида жойлашган Йорк университети “Талабанинг ҳомиладорлиги, оналик, оталик ва фарзанд асраб олиш сиёсати”ни ишлаб чиққан. Унда ҳомиладор ва ёш болали талаба оналар учун қулайликлар ва таълим олиши учун мослашувчан шароит қилиб бериш назарда тутилган. Университет ҳомиладор ёки ёш болали бўлиш таълим олишга тўсиқ бўлмайди, деб ҳисоблайди ва бу ҳолатдаги талабаларга қулай шароит яратиб беради.
Аввало, ҳомиладор талаба ўз соғлиги ҳақида университетни хабардор қилиши керак. Агар хабардор қилмаса, соғлиги ёки турли тиббий кўриклар сабаб дарсларда ёки имтиҳонларда қатнаша олмай қолган ҳолатларда унинг ҳолатини махсус кўриб чиқиш имкони бўлмаслиги мумкин.
Талаба ҳомиладорлиги ҳақида кафедрадаги ўзи бириктирилган ходим билан учрашиб, ҳолатини билдириши ва оналик режасини тўлдириши керак бўлади. Бундай режа талабага ўқишда мослашувчан графикни тақдим этиши мумкин ва графикни ўқитувчилари ҳам кўриб чиққан бўлиши керак.
Фарзандли бўлганда эса талабага камида 2 ҳафталик таътил берилади. Яна бир қизиқ тарафи: ҳатто ота бўлган талаба ҳам боласи туғилгандан то 8 ҳафталик бўлгунча муддатда 1-2 ҳафталик таътил олиши мумкин.
Эмизиш хоналари ва болалар парвариши хизматлари
Йорк университетида ходимлар, талабаларнинг фарзандлари учун алоҳида боғча ташкил қилинган. Боғчалар тўловли бўлиб, 3 ойликдан то мактаб ёшигача бўлган болалар қабул қилинади. Масалан, ёш болали талабалар ҳам фарзанди билан ўқишга келиб, уни университетнинг махсус боғчасига жойлаштириб дарсларда қатнашиши, кутубхоналардан фойдаланиши мумкин.
Университет кампусида эмизиш учун махсус эмизиш хоналари ҳам бор ва улар 24 соат ишлайди.

Лестер университети
Буюк Британиянинг яна бир университети – Лестер университетида ҳам деярли худди шундай тартиб ишлаб чиқилган. Ҳомиладорлиги ва ёш болали эканини маълум қилиб қўйган талабалар учун алоҳида дастур ишлаб чиқилади, академик стандартларни бузмаган ҳолда унинг ўқиши учун мослашувчан шароит қилиб берилади.
Фарзандли бўлгач эса унда танлаш имкони бор: ё бир йиллик бола парвариши таътили олиш, буни хоҳламаганда эса унга туғуруқдан сўнг 2 ҳафталик таътил берилади.
Кембриж университети
Британиядаги машҳур университетлардан яна бири – Кембриж университети ҳомиладор ва ёш болали талабалар учун алоҳида йўриқнома ишлаб чиққан. Унда ҳам ҳомиладор талабалар учун шароит қилиб берилиши мумкинлиги, туғуруқдан сўнг ўртача 2 ҳафта таътил олиш мумкинлиги қайд этилган.
Кембриж университети ҳам эмизикли ва 6 ойликкача бўлган талаба оналар учун алоҳида шароит яратган. Талабалар деканатлар билан келишган ҳолда эмизиш хоналаридан, университетдаги музлаткичлардан фойдаланиши мумкин.
Ўзбекистонда ҳомиладор ва ёш она бўлган талабалар учун қандай имтиёз ва шароитлар бор?
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, талаба хотин-қизлар ҳомиладорлик ва туғиш, болаларни парвариш қилиш учун академик таътил олишлари мумкин. Академик таътил ўқишдан четлаштириш ҳисобланмайди. Академик таътил олган талаба агар ўқишни давом эттира олишига ишонса, аризасига кўра ОТМ ректорининг буйруғига мувофиқ, ўқишини академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи ёки масофавий ёки экстернат (мустақил таълим) таълим шаклига ўтказиши мумкин.
Бунда, ОТМда муайян бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги) бўйича сиртқи ёки масофавий таълим шакли мавжуд бўлган тақдирда, талабанинг ўқиши аризасига кўра белгиланган муддатга ушбу таълим шаклига ўтказилади. Қолаверса, талаба ўқиётган таълим йўналишининг хусусиятлари ҳам инобатга олинади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, ҳали ОТМларда экстернат ва масофавий таълим жорий этилмаган. Масофавий таълим шаклига 2022/2023 ўқув йилидан ўтилиши режа қилинган. Бироқ ОТМ ректорининг қарорига мувофиқ, талаба академик таътил даврида ўқишини масофавий тарзда давом эттира олиши мумкин, бу ОТМ томонидан чиқариладиган ички тартиб ва ректор буйруғи билан амалга оширилади.
Лекин аксар ҳолатда ёш болали талабада масофавий ёки экстернат таълимни танлаш имкони деярли кам ва унда 3 та танлов бўлиши мумкин: уйда қаровчиси бўлса, эмизикли боласини қолдириб, дарсларга ўлда-жўлда қатнаш, академик таътил олиш ёки (агар ўқиётган йўналишида сиртқи таълим шакли мавжуд бўлса) сиртқи шаклда ўқиш.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги берган маълумотга кўра, туғуруқдан сўнг қисқа муддатли таътил олиш амалиёти ҳам ОТМларда мавжуд. Бунда талаба саломатлиги тўғрисидаги тиббий хулосани илова қилган ҳолда ариза ёзади ва ҳар бир ОТМнинг ички тартиб-қоидаси асосида унга қисқа муддатли таътил берилади.
ОТМларда ҳомиладор, ёш болали аёллар учун шароит борми?
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, ҳозирча ОТМларда ходимлар, талабаларнинг болалари учун махсус боғчалар, эмизиш хоналари ташкил қилинмаган.
Юқорида таҳлил қилганимиздек ҳозир давлат ОТМларида ҳомиладор, ёш болали талаба қизлар таълим олиши бошқа талабаларга нисбатан қийинроқ. Улар ўзлари учун шароит қилиб ҳаракат қилишга мажбур.
Лекин юрт келажаги ҳақида гап кетаркан, биринчи навбатда фарзандлар тарбиясига масъул оналар илмли бўлиши кераклигини инкор қилиб бўлмайди. Замонавий илм-фандан хабардор, олий таълимни сифатли ўқиб тугатган хотин-қизлар оиладаги ролидан ташқари меҳнат бозорида ҳам жуда керакли. Шунинг учун ҳам уларни, аввало, оилада, жамиятда, таълим даргоҳларида қўллаб-қувватлаш ва шунчаки ОТМни тугатиши учун эмас, сифатли ўқиб тугатиши учун шароит қилиб бериш муҳимдир.
Бунинг учун хориж ОТМларида ташкил қилинган шароитларни ўрганиш ва амалга татбиқ этишнинг ўзи ҳам катта қадам бўлиши мумкин.
Зилола Ғайбуллаева
Мавзуга оид
20:04 / 01.01.2026
Янги Ўзбекистон университетининг кампуси 200 млн долларга баҳоланмоқда
08:45 / 25.12.2025
ОТМ давлат аккредитацияси: баҳолаш тартиби ва мажбурий индикаторлар белгиланди
15:15 / 23.12.2025
Россияда университетлардаги 45 минг пулли ўрин қисқартиради
09:53 / 11.12.2025