Энергетика ислоҳотига биринчи қадам қўйилди. Кейинги қадамлар қанақа бўлиши керак?
1 майдан маиший истеъмолчилар учун электр энергияси ва табиий газ бўйича ижтимоий норма кучга кириб, янги дифференциал тарифлар амал қила бошлайди. Kun.uz мухбири бу жараёнда пайдо бўлаётган қатор саволларни иқтисодчи Отабек Бакиров билан муҳокама қилди.
Аввалига бу суҳбатда иштирок этиш учун Энергетика вазирлиги бўлим бошлиғи Нодирбек Пўлатов ва вазирлик матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев ҳам Kun.uz студиясига келишганди. Лекин интервю бошлангач, электр энергияси ва табиий газ бўйича таннарх қандай шакллангани борасидаги саволдан кейин вазирлик масъуллари бу саволларга вазир ёки вазир ўринбосари даражасидаги масъуллар жавоб бериши керак деган фикрга келди ва студияни тарк этди. Вазирлик матбуот котиби янги тарифлар кучга киргунга қадар раҳбарлар билан интервю ташкил қилиб берилишини ваъда қилди.
Шу сабабли суҳбат фақат Отабек Бакиров билан кечди.
– 16 апрел кунги қарорни қандай қабул қилдингиз, ҳужжатда кўзда тутилган янгиликларга муносабатингиз қанақа?
– 2018-2019 йилдан кейин Ўзбекистонда катта ислоҳотлар бошланган пайтда бу масала кўтарилишни бошлаган. Энергетика ислоҳотини ўзимизга тасаввур қилсак, бозорга яқинлашиш учун тарифлар масаласи биринчи қадамда ҳал қилиниши керак бўлган масала эди. Энергетика тарифлари борасида 4-5 йил аввал қандай фикрда бўлган бўлсам, ҳозир ҳам шу фикрдаман. Тарифлар масаласида қўйилган қадам – тўғри қадам, ундан бошқа алтернатив мавжуд эмас, лекин бу қилиниши керак бўлган ишларнинг биттаси холос. Ундан кейин қўйиладиган қадамлар бор. Уларсиз биз реформа, ислоҳотни бошладик десак хато бўлади.
Бу қарор жамоатчилик муҳокамасига қўйилишини хоҳлагандим, хоҳлаймизми-йўқми, оғриқли масалаларни кун тартибига қўяётганда буни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш керак. Жамоатчиликни эшитиш, мураккаб саволларга жавоб бериш керак бўлади, чунки энг тўғри қонунлар жамоатчилик келишуви асосида қабул қилинган қонунлардир.
Иккинчиси, 16 апрел куни қарор қабул қилингач, қарор қабул қилувчилар, хусусан Энергетика вазирлиги халққа юзланади, ўзлари тушунтиради, ўтган йил юз берган ҳолатлар, хатолар ҳақида гапирилади, керак бўлса масъулиятни олиб, олдинда бизни кутаётган истиқбол ҳақида очиқ-ойдин гапирилади, коммуникация бошланади деб ўйлаган эдим, афсуски, ундай бўлмади. Лекин ҳалиям умид бор, энергетика соҳасидаги раҳбарлар халқ билан ўртада ишонч тикланиши учун мулоқотни йўлга қўйишларига умид қиламан.
Доим шок қарорларни қабул қилганда, шок бир марта рўй бериши керак деб айтаман. Икки, уч мартага қолдирилган шокларнинг фойдасидан зиёни кўп бўлади. Касал қўлни бир мартада кесиб ташлаш керак, бемор оғриқни икки марта ҳис қилмаслиги керак. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилганда фикримни билдирган бўлардим. Масаланинг бир қисмини кейинги йилга қолдирмаслик керак эди. Биз токи регуляция қилинадиган бозорга етгунимизгача бир марта тарифлар оширилиши ва масалага нуқта қўйилиши ҳамда ундан кейин бозор хатти-ҳаракатларини бошлаш тўғри бўларди.
— Аслида бу савол Энергетика вазирлиги масъуллари учун эди. 2022 йил май ойида берилган расмий маълумотда 1 kWh электр энергиясининг таннархи 800 сўм, 1 куб метр табиий газнинг таннархи 1400 сўм экани айтилган эди. Ҳозир бу миқдор мос равишда 990 сўм ва 1961 сўм экани айтиляпти. 2 йил ичида электр таннархи 24 фоизга, газ таннархи 40 фоизга қимматлашган. Бу борада фикрингиз қандай?
— Сизга бошқачароқ айтаман, Ўзи савол 2022 йил эълон қилинган таннарх рақамларига бўлиши керак. Ўтган йил эълон қилинган рақамларни ҳам биз ишончли, мустақил, аниқ манбалардан олганимиз йўқ. Таннархни тинимсиз оширишдан манфаатдор муассасалар баён қиляпти бу рақамларни. Таннарх ҳақида гап кетганда биринчи мен айтадиган нарса – бу бўйича ҳисоб-китоблар очиқ ва шаффоф бўлиши керак. Иккинчидан, таннарх қандай шакллангани бўйича ҳисоб-китобларни текшириш имконияти бўлиши керак. Уларнинг баёнотлари биз ҳозир реалликда кўраётган, бошқа мутахассислар айтаётган рақамларга мос келмайди.
Масалан, 60 фоиздан кўпроқ газ ишлаб чиқарадиган “Ўзбекнефтгаз” 21 мартдан бошлаб UzGasTrade'га 600 сўмдан сота бошлади. Агар газнинг таннархи бизга айтишганидек 2000 сўм деб оладиган бўлсак, UzGasTrade бошқа газ қазиб чиқарувчилар, шимолликлар, ёки хусусий операторлардан газни 3000-4000 сўмдан сотиб олаётган бўлиб чиқади. Бу эса ноқулай саволларни юзага келтиради: қандай қилиб газ ишлаб чиқарувчидан 600 сўмдан сотиб олиб, бошқа газ ишлаб чиқарувчидан 6-7 баробаргача қиммат нархда газ сотиб олиш мумкин? Очиғини айтиш керак, бу ердан коррупциянинг ҳиди келяпти. Таннархимизни белгилайдиган коррупция эмасми, бунақа юқори таннархнинг илдизи коррупцияга бориб тақалмайдими деган саволлар туғилади.
Ўзи энергетика ислоҳоти деганда фақат нархларни оширишни тушуниш нотўғри, бу истеъмолчиларнинг ҳам кайфиятини бузади, қарор қабул қилувчиларни ҳам боши берк кўчага олиб киради. Биз ислоҳот деганда очиқлик, шаффофлик, нархлар бозор шароитида ёки мустақил регуляция назорати остида шаклланишини кўришимиз керак. Иқтисодчи сифатида ҳам, истеъмолчи сифатида ҳам 2022 йилдаги рақамларга ҳам, 2024 йил апрел ойида эълон қилинган рақамларга ҳам ишончим йўқ. Бу ишончни бизга бериш учун маълумотларни очиқлаш керак.
2022 йил ёзида ягона газ сотиб олувчи сифатида “UzGasTrade” АЖ ташкил этилган. Жамиятнинг бирор раҳбари ёки раҳбари номидан ҳаракат қиладиган масъулларнинг ўзбекистонликларга ҳисобот берганини кўрдингизми? Мен кўрмадим. Ҳозир Ўзбекистонда газ нархи шаклланиши UzGasTrade'га бориб тақалади. Биз шимолдан олаётган газимиз ҳам UzGasTrade томонидан тасдиқланади, “Ўзбекнефтгаз”, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан сотилаётган газ ҳам шу компания томонидан тақсимланади. Мен истаган нарсалардан бири – UzGasTrade халқнинг олдига чиқиши, ҳисобот бериши керак. 1 йилдан ортиқ ҳисоботларини эълон қилганини кўрмадик, бюджетдан 20 трлн сўмдан ортиқ субсидиялар айнан UzGasTrade'га кетади.
— Ўтган йил ёз ойларида, Россиядан газ импорти бошланишидан аввал энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россиядан сотиб олинаётган газ нархи тижорат сири эканини айтганди. Қачон нарх борасида савол берилса, тижорат сири деган жавобни оламиз. Одамлар газ ва свет учун юқорироқ нархда тўлашга ўтаётган экан, улар ўзлари тўлаётган нарх қандай шаклланганини билишга ҳақли. Шу нуқтайи назардан ҳам, электр токи учун 990 сўмлик, электр энергияси учун 1961 сўмлик таннарх қандай шакллангани очиқланиши керак.
— Истеъмолчи пул тўлаётган нарсаси учун тўлақонли ахборот олишга ҳақли.
Бундан буёғига нима бўлади деган саволга истеъмолчи сифатида нимани кутаман? Шу пайтгача биз мактаб, боғча, ўқитувчилардан, пенсионерлардан қисиб, энергетикани молиялаштириб келдик. Ўзи моҳияти шу қисиб келинган, жабрдийда соҳаларнинг тикланиши билан боғлиқ бўлиши керак. Менга ёқмаган ҳолатлардан биттаси – масъуллардан бири субсидиялаш давом этади, уларнинг миқдори 21 трлн сўмдан 10 трлнга яқин суммага тушади деган фикрни билдирди. Ваҳоланки, ҳозирги шаклланган тарифлар энергетика тизимининг тўлақонли ишлашига етарли бўлиши керак. Биз йиллар давомида бюджетимизга юклама бўлиб келган оғирликни энди таълимга, пенсионерларга, инсон ресурсларига сарфлашимиз керак.
Халқда нархнинг ошгани қолди-ку, деган ишончсизлик бўлмаслиги учун биз мактаблардаги юкламани пасайтира оламизми? Ўқитувчиларнинг ойлигини ваъда қилинган даражага етказа оламизми?
— Ўтган йили октябрдан бошлаб бизнес учун тарифлар бозор нархларига яқинлаштирилганди. Шунга қарамай, 2023 йилда энергетика соҳасига субсидиялар анчага ошди. Ёки харажатларнинг ошиши асосан бизнес учун тарифлар ошгунгача бўлган аввалги чоракларга тааллуқлими?
— Шу саволга жавоб бериш учун ҳам тизим шаффофлиги керак. UzGasTrade сайтида очиқ маълумотлар сифатида ҳар бир йирик битим – Saneg'данми, Lukoil'данми, Epsilon'данми, қанчадан сотиб олаётганини очиқ қўйиши керак. Худди шунақа “Миллий электр тармоқлари” иссиқлик станцияларидан, газ поршенли станциялардан, қуёш, шамол станцияларидан қанчадан электр сотиб олаётганини ҳам қўйиши керак.
“Миллий электр тармоқлари”дан “Ҳудудий электр тармоқлари”га етказиш харажатлари қанча бўлаётганини очиқ кўрсатиш керак. Ўзбекистон шунақа уникал мамлакатки, Африкада ҳам унақа ёмон вазият йўқ, электр энергияси транспортировкасидаги йўқотиш ҳаддан зиёд юқори. Расмийларнинг айтишича, биз 25 фоизгача йўқотишларга учраяпмиз. 85 млрд куб электр энергияси ишлаб чиқараётган бўлсак, 68 млрд куби истеъмолчига етиб боряпти. Ўз-ўзидан савол туғилади – бу йўқотишми ёки ўғриликми? Энергетика бизда афсуски, ёпиқ тизим, ҳеч ким четдан келиб тафтиш ўтказа олмайди, ўрганолмайди, ИЭСлар ёқаётган газ ростдан ёқиляптими ёки йўқми? Буни ҳеч ким ўргана олмайди. Фақат шаффофлик буни ўрганишга йўл беради. Мен тармоқлардаги газнинг йўқотилиши 0,8-1 фоиз бўлганда ҳам тушунардим. Расмийларнинг айтишича, 1 млрд кубдан зиёд газ йўқотамиз, бу ҳаддан ташқари юқори рақамлар. Ўзи бу йўқотишми ёки ўғирлашми?
Суҳбатни тўлиқ тарзда видео орқали томоша қилинг.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
20:22 / 30.08.2024
“Бюджет халқники, унинг ҳисобини сўрайвериш керак” — фаоллар билан суҳбат
16:19 / 20.08.2024
GTL заводига сарфланган 3,4 млрд доллар ўзини оқлайдими? Отабек Бакиров билан суҳбат
17:29 / 19.07.2024
«Бу ёлғон» – иқтисодчи Энергетика вазирлигининг юридик шахсларга электр токи учун оширилган тарифлар қўллашга оид аргументларини рад этди
18:00 / 03.07.2024