Ўзбекистон | 14:26 / 03.09.2024
25830
4 дақиқада ўқилади

“Бадбўй ҳид, бош оғриғи, кўнгил айниши ва ланжлик” – кондаги техноген офатдан кейин бойсунликлар нима демоқда?

Kun.uz бир неча бойсунликлар билан боғланиб, «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида содир бўлган техноген ҳолатдан кейинги вазият ҳақида сўради. Суҳбатдошларга кўра, шаҳар ва унинг атрофини аччиқ хид қоплаб, нафас олиш қийинлашган. Кўпчиликда бош оғриғи, кўнгил айниши ва ланжлик аломатлари кузатилмоқда.

1 сентябр куни Бойсун туманининг «Кўлқамиш» МФЙ ҳудудида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида технологик офат содир бўлди. Олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиб, атрофдаги аҳоли яшаш пунктларига тарқалмоқда. Бу шу ерлик аҳолининг соғлиғига ҳам таъсир қила бошлаган. Kun.uz суҳбатлашган бойсунликлар айни дамдаги ҳолат ҳақидаги таассуротларини айтиб берди.

Шаҳарни ёқимсиз, аччиқ бадбўй ҳид қоплаган. Нафас олиш қийинлашган. Кўп одамлар ўзларида ланжлик ва бош оғриғини ҳис қиляпти”, деди Kun.uz суҳбатдошларидан бири.

Бошқа бир суҳбатдошга кўра, техноген вазият содир бўлган кон шаҳардан тахминан 15 км масофада жойлашган. Ундан ҳалигача олтингугурт гази чиқиши давом этмоқда. “Шаҳарнинг ичига қадар кучли ҳид етиб келмоқда. Менда нафас қисиши сезилмади, аммо бадбўй ҳид шаҳарни ўраб олган”, дейди у.

Kun.uz билан суҳбатлашган яна бир фуқаро Бойсун шаҳрида одамлар тиббий ниқоб тақа бошлаганини, нафас олганда куйган латта ҳидига ўхшаш ҳид сезилаётганини билдирди.

Келаётган бадбўй ҳид шамол йўналишига қараб ўзгариб турибди. Аҳвол жуда ёмонлашиб кетмади, аммо яхшиланаётганиям йўқ, бир меъёрда давом этмоқда. Одамларни туман марказига кўчиришяпти. Хоҳлаганлар ўз машиналарида кетяпти, қолганлар шу ерда. Фалокат оқибатларини бартараф этиш ишлари неча кун давом этиши ҳозирча айтилмади.

Ачиган тухумнинг ҳидига ўхшайди, бошни оғритиб, кўнгилни айнитяпти”, дея маълум қилди яна бир суҳбатдош.

Техноген офат 1 сентябр куни Бойсун туманининг «Кўлқамиш» МФЙ ҳудудида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида содир бўлган. Конга қарашли 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилаётган вақтда технологик жараённинг бузилиши сабабли олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилган.

Ушбу ҳолатдан сўнг Ўзбекистон президенти топшириғига асосан, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, фавқулодда вазиятлар вазири генерал майор Абдулла Қўлдошев, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худояров, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов ҳодиса жойига етиб борди. У ерда барча тегишли вазирлик ва ташкилотларни жалб этган ҳолда тезкор штаб ташкил этилган, техноген офат асоратларини бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилаётгани маълум қилинганди.

Тармоқларда юзлаб одамлар юк машиналарида эвакуация қилинаётгани акс этган видеолавҳалар ҳам тарқалди.

Маълумот учун, водород сулфид – бевосита асаб тизимига таъсир қилувчи заҳарли газ ҳисобланади. У ҳид билиш нервини фалаж қилиш хусусиятига эга, бунинг оқибатида одам бу газнинг ҳидини сезмай қолади. Бу кўпинча токсик манба билан алоқани ўз вақтида аниқлаш ва тўхтатиш қобилияти йўқлиги туфайли кучли заҳарланишга олиб келади. Кам миқдордаги водород сулфиди бўлган ҳаводан нафас олиш бош айланиши, бош оғриғи, кўнгил айниши, қайт қилишга, юқори концентрация эса кома, тутқаноқ, ўпка шиши ва ўлимга олиб келиши мумкин.

Мавзуга оид