Ўзбекистон | 12:52 / 27.02.2021
2768
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 35та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилади

Вилоятлардаги шаҳар ва туманларни қамраб олган ҳолда, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибида 35та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда айтилишича, қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликларидан ўлим даражаси юқорилигича қолиб, 56,2 фоизни ташкил этади (ҳар 100 минг кишига юрак-қон томир касалликларидан вафот этганлар сони - 375 нафар, Россияда – 834, Украинада – 1038 нафар). Юрак қон-томир касалликлари Ўзбекистон аҳолисининг ногиронлиги сабаблари орасида биринчи ўринни эгаллайди ва ногиронлик улуши 25 фоиздан ошади.

Таъкидланишича, 2016-2020 йиллар давомида биргина Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалларига йўл-транспорт ҳодисалари юзасидан жами 69 612та мурожаатлар бўлган.

Ўзбекистонда инсулт билан касалланиш йилига 40 мингдан ошади. Тошкент шаҳрида ҳар куни инсултга чалинган 18-20 нафар бемор касалхоналарга ётқизилади. Ҳозирги вақтда инсулт ташхиси ва ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатилиши зарур бўлган “терапевтик дераза”дан ёки “олтин соат”дан кечикиб келмоқда, бу турли хил этиологияли қон-томир касалликларининг мураккаб шакллари билан келаётган беморлар сони кўпайишига олиб келади.

Ҳужжатда айтилишича, коронар аралашувлар пайтида (коронароангиопластика) ўткир коронар синдром (ОКС) бўлган беморларда “олтин соат” тамойилига кўра, миокард ишемияси ривожланишининг олдини олиш ёки сезиларли даражада камайтириш мумкин, бу нафақат ўлимни камайтиради, балки ушбу оғир тоифадаги беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилайди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, сўнгги 5 йил ичида ўткир коронар синдром (ОКС) билан оғриган беморлар сони 1,5 мартадан кўпроқ ошган.

Қўшма шикастланишлар ва юрак қон-томир касалликларидан ўлим ва ногиронликни камайтириш учун тиббий ёрдам босқичларида узлуксизликни яхшилаш, “олтин соат”ни ҳисобга олган ҳолда беморларнинг қўшни ҳудудлардан ўз вақтида келишини ташкил қилиш ва республика бош тиббий ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда вилоятлардаги шаҳар ва туманларни қамраб олган ҳолда, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибида 35та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини ташкил этиш таклиф этилмоқда.

Лойиҳада қуйидагилар кўзда тутилган:

халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига янги ташкил этилган марказларни тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш;

туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида хирург, травматолог, нейрохирург, анестезиолог-реаниматолог, МСКТ/рентгенолог, невролог, нефролог, лаборант шифокор, ўрта ва кичик тиббий ходимлар кун-у тун постларини ташкил қилиш.

Шунингдек, ушбу марказларда ўткир ва сурункали буйрак етишмовчилиги бор беморларга гемодиализ хизматини кўрсатиш учун диализ аппаратлари ва унга мос равишда бошқа сарфлов воситалари харид қилиниб, республикадаги гемодиализ муолажасига муҳтож беморлар тиббий хизмат билан бепул қамраб олинади.

Умумий ҳисобда туманлараро марказларни тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун 37,7 млн АҚШ доллари, гемодиализ муолажасига муҳтож беморларга диализ аппаратлари ва унга мос равишда бошқа сарфлов воситаларини харид қилиш учун 137,7 млрд сўм талаб қилинади. Мутахассис постларни ташкил этиш учун йилига 71,7 млрд сўм маблағ сарфланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид