Ўзбекистон | 08:36 / 12.09.2022
6558
4 дақиқада ўқилади

Оилавий боғча фаолиятини бошлаш учун белгиланган талаблардан бири бекор қилинади

Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган ва фаолият юритаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун қулай шарт-шароитлар яратилиши муносабати билан президент айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Фото: Kun.uz

Президент айрим ҳужжатларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши режалаштирилмоқда:

оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қатнаётган ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари ва махсус контингентлар сони жами тарбияланувчилар сони 70 фоизидан кам бўлган қисмига шу жойдаги давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган ота-оналар тўлови миқдорида бошқа оилалар болаларини қабул қилиш;

оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини бошлаш учун соғлиқни сақлаш органлари билан мажбурий равишда тарбияланувчиларга тиббий ёрдам кўрсатишга оид шартнома тузиш тартибини бекор қилиш;

давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган мактабгача таълим ташкилотларида, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланадиган субсидия ва компенсациялар миқдорини ҳисоблашда мактабгача таълим ташкилотига қатнаётган 3 ёш ва ундан катта ёшдаги (боқувчисини йўқотган аёллар 2 ёш ва ундан катта ёшдаги), лекин 7 йил 8 ойдан катта бўлмаган ёшдаги тарбияланувчиларни ҳисобга олиш;

давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган мактабгача таълим ташкилотларида, оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида ота-оналар тўлови миқдорини мустақил равишда белгилаган ҳолда субсидиялар ажратилмаслиги шарти билан (боқувчисини йўқотган аёллар 2-3 ёшдаги фарзандлари бундан мустасно) 3 ёшга тўлмаган болаларни ҳам қабул қилиш;

табиий газ учун компенсация марказлашган табиий газ таъминоти мавжуд бўлмаган, лекин иситиш бошқа турларидан, суюлтирилган газ ёки кўмир маҳсулотларидан фойдаланаётган давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ҳам тўлаш (оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари бундан мустасно);

нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини бошқариш бўйича ахборот тизимида давлат-хусусий шериклик битимларини электрон шаклда тузиш ва тарафлар электрон рақамли имзоси билан имзолаш;

оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мавжуд қувватига қараб 12 нафардан 50 нафаргача болаларни тарбиялашга ҳамда тарбиячи ва тарбиячи-ёрдамчи лавозимлари учун 4,5 тагача штат бирлигини ажратиш (Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида — 2,25 тадан) ва шу штат бирликлари бўйича субсидия тўлаш;

умумий қиймати 1 миллион АҚШ долларига қадар бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини тасдиқлаш, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш давлат шериги томонидан мустақил равишда амалга оширилиши, 10 миллион АҚШ долларига қадар бўлган лойиҳаларни Давлат-хусусий шериклик агентлиги билан келишувга кўра амалга оширилиши, 10 миллион доллардан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини тасдиқлаш, унга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилишига аниқлик киритиш;

ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ва махсус контингент оилалари фарзандлари учун йўлланмаларни шакллантириш ва бу йўлланмалар асосида болаларни ташкилотларга қабул қилиш бўйича электрон навбатни шакллантиришни ахборот тизими томонидан автоматик равишда амалга ошириш;

давлат-хусусий шериклик битими имзоланиб, молиялаштирилмаган лойиҳаларни амалга оширилмаганлик сабабларини ўрганиб, лойиҳага ўз улушини киритмаган ёки гаров таъминотига эга бўлмаган ёки бошқа муаммоли лойиҳалар билан битимларни бекор қилиш чораларини кўриш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид