Жамият | 08:10 / 17.06.2024
6884
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ўзганинг пластик картасидан 110 млн сўм ўғирлаган шахс ушланди 

У жабрланувчининг қўл телефонига қўнғироқ қилган ва ўзини тўлов хизматларидан бирининг ходими сифатида таништириб, пластик картага киберҳужум бўлаётганини айтган. Ушбу шахс СМС хабарнома юбориш орқали бошқарув ҳуқуқини қўлга киритиб, 110 млн сўм миқдоридаги пулларни ўтказиб олган.

Фото: Getty Images

Тошкент шаҳрида яшовчи 28 ёшли аёл Н.А. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан жами 110 млн сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Тошкент шаҳрида яшовчи Х.Р. содир этганлиги аниқланган.

Унга кўра, Х.Р. жабрланувчи Н.А.нинг қўл телефонига қўнғироқ қилган ва ўзини тўлов хизматларидан бирининг ходими сифатида таништириб, унинг банк пластик картасига киберҳужум бўлаётганлигини айтиб, СМС хабарнома юбориш орқали  бошқарув ҳуқуқини қўлга киритиб, 110 млн сўм миқдоридаги пулларни ўтказиб олганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Х.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Қонунга мувофиқ, ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми "б" бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Мавзуга оид