«МИСиС»нинг Олмалиқдаги филиалида кириш имтиҳонлари бошланди – фоторепортаж
Янги ўқув йилида Миллий технологик тадқиқотлар университетининг Олмалиқ шаҳридаги филиалига 250 нафар талаба қабул қилинади.
20 август куни Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСиС» Олмалиқ филиалида кириш имтиҳонлари бошланди, деб хабар бермоқда Тошкент вилояти ҳокимлигининг ахборот хизмати.
«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖга қарашли «Металлург» спорт мажмуасининг стадионида ўтказилаётган имтиҳонлар 20-22 август кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Миллий технологик тадқиқотлар университетининг Олмалиқ филиалига 1309 нафар абитуриент ҳужжат топширган.
Қайд этилишича, имтиҳонлар «Математика», «Физика», «Информатика» («Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш» таълим йўналиши учун) ва «Рус тили» фанларидан ёзма равишда ўтказилмоқда. Жараён шаффоф ва объектив ўтишини таъминлаш мақсадида филиалнинг профессор-ўқитувчилари, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖнинг Ёшлар иттифоқи вакилларидан иборат кузатувчилар томонидан назорат қилинмоқда.
Имтиҳондан аввал «Металлург» стадионининг кириш жойларига дезинфекция тунеллари, видеокузатув ускуналари, ёритиш мосламалари ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Ўзбекистонда тест синовлари стадионлар ва хиёбонларда ўтказилиши тасдиқланган.
«Тошкент вилоятидаги умумтаълим мактаблари ҳамда касб-ҳунар коллежларининг 52 мингдан зиёд битирувчиларидан қарийб 40 минг нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган.
Вилоятдаги мавжуд 5 та олий таълим муассасаларига 2020–2021-ўқув йили учун 7825 нафар (4 650 нафари кундузги, 2 725 нафари сиртқи ва 450 нафари кечки таълим учун ҳужжат топширган) талаба қабул қилиш режаси белгиланган. Шунингдек, бу йил хотин-қизлар учун ҳам алоҳида грантлар ажратилди.
Шунга асосан вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига вилоят бўйича жами 1714 нафар хотин-қиз ҳужжат топширган бўлиб, комиссия томонидан ҳужжатлар низом асосида ўрганилган ва уларнинг 1142 нафарига тавсиялар берилди», дея Тошкент вилояти ҳокимининг матбуот котиби Беҳзод Қобуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
16:48 / 04.11.2024
Россияда мигрантлар учун имтиҳонларнинг ягона нархлари белгиланади
17:32 / 08.08.2024
Давлат имтиҳонларида қанча абитуриент 189 ва ундан юқори балл олгани маълум қилинди
18:54 / 01.08.2024
“Ўлиб-тирилиб тестларга тайёрлангандик” – бир гуруҳ абитуриентлар Билимларни баҳолаш агентлигини судга бермоқчи
07:08 / 23.07.2024