Жамият | 18:54 / 01.08.2024
52281
10 дақиқада ўқилади

“Ўлиб-тирилиб тестларга тайёрлангандик” – бир гуруҳ абитуриентлар Билимларни баҳолаш агентлигини судга бермоқчи

Ҳуқуқ фанидан давлат имтиҳонида қатнашган абитуриентларнинг норозилиги давом этяпти. Улар Билимларни баҳолаш агентлиги дарсликка киритилмаган саволлардан фойдалангани, тестларда тўғри жавоблар сони бир нечта экани, имтиҳондаги тестлар намунавий тестлардан фарқ қилганини айтяпти.

Ҳуқуқ фанидан тест ечган абитуриентлар имтиҳондан анча норози кайфиятда чиқишган. Бир гуруҳ абитуриентлар ва уларнинг ўқитувчиси Kun.uz’га мурожаат қилиб, ҳуқуқ фанидан дарсликка киритилмаган маълумотлардан тест тузилганидан шикоятчи эканини маълум қилди.

Деярли 10тача савол дарсликдан ташқари тузилган эди. Масалан, давлат рамзларига ҳурматсизлик қилинадиган бўлса, қандай санкциялар қўлланади, деган саволлар тушган. ЖК ва МЖтК, Бюджет кодексларининг дарсликка қўшилмаган жойларини савол қилиб беришган. Бизнинг бошқа иложимиз бўлмагани учун тахмин қилишимизга тўғри келди. Ҳуқуқ фанидан 23 та саволга тўғри жавоб топа олганман. Бу ерда 8 та саволга тахмин жавобни белгилаган бўлсам, 1 та тахминим тўғри чиққан, қолган 7 та савол эса нотўғри чиққан”, – дейди абитуриентлардан бири Бегойим Қаҳрамонова.

Худди шундай ўқувчилардан бири Малика Раимжонова ҳам шеригининг фикрини қўллаб-қувватлади. У санкциялар ҳақида дарсликда ҳам борлиги, лекин тестда дарсликда бўлмаган санкциялар сўралганини айтади.

Бюджет кодексидан савол тушди: 161-моддаси, молия назоратини ким олиб боради? Бу ерда 4 та шахс берилган, тўғри жавобни тахмин қилдим, лекин нотўғри чиқди. Референдумлар, сайловлар ва мадҳия соат нечада жорий қилинади деган савол тушди. Биз биламиз, сайловлар соат 8 дан 20 гача ташкил этилади, мадҳия соат 8 да бўладими ёки йўқми, тўғриси, билмасдим. Бунақа маълумотларни дарсликда учратмаганмиз. 30 та саволдан 20 тасини ўз билимим билан ишладим дея оламан, 10 тасини тахмин қилиб белгилаганман. 10 та тахминимдан 2 таси тўғри чиқди, 8 таси хато чиқди”, – дейди Малика.

Моҳира Абдуқаҳҳорова эса ўзи талаба бўлишига қарамасдан, грантга кириш учун ўз имкониятини синаб қайта тестга кирганини айтади. У тестларга жуда қийинчилик билан тайёрлангани ва шунга яраша натижа кутганини ҳам қўшимча қилди.

Бир саволда мансабдор шахснинг хонасига оддий фуқаро кирганда қандай санкция берилиши сўралган. Бу ерда мурожаат қилиб кирилиши мумкин, бошқа иши билан кириши мумкин. Ёки директорнинг хонасига кирганимизда бизга санкция берилганми? Яна бир саволлардан бири: аҳоли турар жойларида ит ва мушукларни сақлаганга қандай санкция берилиши ҳақида. Дарсликнинг қаерида ит ва мушуклар ҳақида келтирилган?” – деди у.

Моҳира тестларга қийинчилик билан тайёрлангани, агентлик белгилаб берган 4 та китоб ва эски ҳамда янги Конституцияларнинг иккаласини ҳам солиштириб, жуда яхши ўзлаштирганини айтади.

Мактабдаги билим билан ўқувчи талаба бўла олмайди. Чунки у мактабда ўқитувчи ҳуқуқ фанини яхши ўта олмайди. Сабаби у юрист эмас. Тестларда эса қонуний ечимлар сўраляпти, буни юрист тушуна олади. Мен 9-синфдан бери тайёргарлик кўраман. Бир ярим йил кунига 4 соат ухлаганман холос. Устозим ҳар куни сўрар эди неча соат ухлаганимни, агар 4 соатдан кўп бўлса “яхши гаплар”ни гапирар эди. Ота-онам бошқаларга менинг бу тайёргарлигимни шундай таърифлашяпти: “Худди манқуртга ўхшаб ўқидинг”. Негаки, бир хонага кириб олиб, фақат китоб ўқирдим 12 соатлаб. Энергия берувчи ичимликлар, бош оғриғини қолдирувчи дорилар олдимда доим турарди. Олдимда китоблар сочилган ҳамма ёққа. Ўқиш! Ўқиш! 24 соат ухламаган пайтларим бўлди. Кодексларда принциплар бор, ҳар бир кодексда инсонийлик, одамийлик принципи бор. Бу дегани ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ҳам сен одамсан, буни ёдингдан чиқарма деган фикр бор. Одамнинг ҳаётида нимадир қиласан деган ғоя бор. Шу принципни Билимларни баҳолаш агентлиги ҳам ўзига қўлласа, жуда яхши бўларди”, – дейди Моҳира.

Ўқувчиларнинг эътирозини 10 йилдан ошиқ вақт давомида абитуриент тайёрлаб келаётган ҳуқуқшунос Элдор Асадов ҳам қўллаб-қувватлаяпти. У Билимларни баҳолаш агентлиги тест тузишда бир нечта хатога йўл қўйганини айтиб, агентликдан саволлар тушиши мумкин бўлган чегарани аниқ белгилаб беришни сўраяпти.

2024 йилнинг 3 май санасида ҳуқуқшунослик фанларидан миллий сертификатининг синов имтиҳонларида Асадовнинг ўзи ҳам қатнашган. Унинг айтишича, тест тугаганидан кейин экспертларга тестлардаги камчиликларни маълум қилган. “Тест саволларини 20 дақиқада тугатдим. Саволлар бўйича эътирозимларимни тест тузувчиларга айтдим. Президент қарорига кўра, тест топшириқлари абитуриентнинг мантиқий фикрлаш кўникмасини аниқлашга йўналтирилиши кераклиги айтилган. Абитуриентдан санкцияни сўраш, мантиқий фикрлаш тугул, уни хотирасини синашга ҳам арзийдиган савол эмас.

Уларга ҳуқуқшунослардан санкциялар қисмини сўраш тўғри эмаслигини, биз юридикда 4 йил ўқиган бўлсак, имтиҳонларда биздан ҳам санкция сўралмаганини тушунтирдим. Лекин буни реал имтиҳонларда инобатга олишмабди", – деди у.

Шунингдек, Асадов агентлик берган баёнот бўйича ҳам эътирозлари борлигини айтди. Маълумот учун, ҳуқуқ фанидан тест ечган абитуриентларнинг норозилиги кўпайгач, ББА баёнот бериб, тест тузишда ўқув дастури ва ДТСдан четга чиқилмаганини маълум қилган эди.

Лекин ўқув дастурига таяниб тест тузиш дегани бу Ўзбекистондаги жамики ҳуқуқий норматив ҳужжатлардан тест тузиш мумкинлигини англатмайди. Ўқув дастуридан савол туздим дегани агентликни оқлай олади, лекин бу ўқув дастурининг чегараси қаерда, мана шу чегарани 10 йиллик ҳуқуқшунос, устоз сифатида мен ҳам билмайман. Илтимос бизга чегарани аниқ кўрсатинглар”, – деди Асадов.

Асадовнинг яна бир шикояти йил давомида агентлик ўтказган диагностик тестларда нега санкцияга оид саволлар берилмаганида. У 10га яқин диагностик тестларни бутун Ўзбекистондаги репетиторлар харид қилгани, бунга пул сарфлашганини айтяпти.

Унинг навбатдаги эътирози саволларда тўғри жавоблар сони бирдан ортиқ эканида. “8-синф дарслигида ҳуқуқ нормасининг 3га бўлиниши келтирилган. Гипотеза, диспозиция ва санкция. Лекин шу савол сўралган тестда 2та тўғри жавоб бор. Абитуриент қайсини танлаши керак? Худди шу савол учун ҳам абитуриентларим ва мен агентликни маъмурий судга берамиз”, – деди у.

Репетитор тестда саволлар тақсимотига ҳам риоя қилинмади деган фикрда. “Шунақанги ҳолатлар бўлди, айрим абитуриентга Конституциядан 7та савол тушяпти, лекин бошқасида 2та тушяпти. Айримларига афоризмлардан 2тадан савол тушса, айримига умуман бундай савол тушмаган. Агентлик ўзининг расмий саҳифасида саволлар тақсимотини келтирган. Лекин унга ўзи амал қилмаяпти”, – деди у.

У сўзи охирида масъуллардан ёшларнинг ватанпарварлик руҳини синдирмасликни, ўқувчиларда Ўзбекистонда ўқимаслик кайфияти пайдо бўлиб қолаётганидан хавотирда эканини айтди.

Эслатиб ўтамиз, худди шу муаммо бундан бир неча кун олдин турли сайт ва Telegram-каналларида тарқалган эди. Шундан кейин ҳолатга Билимларни баҳолаш агентлиги муносабат билдириб, тест тузишда амалдаги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларидан четга чиқиш ҳолатлари бўлмаганини маълум қилган. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев эса агентликнинг бу баёнотини “ёлғон ва сафсата” деб атаганди.

БМБА сайтида ҳуқуқшунослик фанидан тавсия этилган адабиётлар рўйхатида фақат 5 та манба берилган холос. Уларнинг 4 таси дарслик, 1 таси Ўзбекистон Конституцияси. Ушбу манбаларда мавжуд бўлмаган бирорта савол беришга БМБАнинг ҳаққи йўқ”, – деб ёзган у.

Шунингдек, баёнотда савол тузишда қонун ҳужжатларига белгиланган тартибда ўзгартириш киритилганда қонуннинг асл манбайи – lex.uz сайтига мурожаат қилинади дейилган. Хушнудбек Худойбердиев агентлик шу жумлани нотўғри талқин қиляпти деган фикрда.

Яъни изоҳда саволлар энг охирги ўзгариш ва қўшимчаларни инобатга олиб тузилади дейилган. Лекин бу дегани биз исталган норматив-ҳуқуқий ҳужжатдан савол тузишга ҳаққимиз бор, дегани эмас. Бу шунчаки юқоридаги 5 та манбадан савол тузилаётганда қонунчиликдаги ўзгаришларга қараймиз дегани. БМБАнинг бу иши ҳуқуқий асосга эга эмас ва бу қонунбузилиши деб баҳоланиши керак”, – деб ёзган ҳуқуқшунос.

Бундан ташқари, агентлик саволда қайсидир қилмиш учун ЖК ва МЖтКда қанақа жазо берилгани, яъни санкцияси сўралганини тўғри деб ҳисоблашини айтган. Бунга жавобан ҳуқуқшунос санкциялар юридик олийгоҳ талабаларига ҳам ёдлатилмаслиги, ҳаттоки судялар ва орган ходимларининг имтиҳон ва аттестацияларида ҳам сўралмаслигини таъкидлаган.

Тошкент давлат юридик университет ректори Исломбек Рустамбеков эса бу масалалар бўйича ҳозирда ТДЮУ ва Адлия вазирлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ташкил этилаётганини маълум қилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан тегишли маълумотлар олиниб ўрганилади ҳамда қонуний хулоса қилинади. Аниқ баҳо бериш учун низом талабларини кўриб чиқиш, тест саволлари ҳамда мактабларда ўқитиладиган дастурлар, улардаги адабиётлар ва мавзуларни таҳлил қилиб, хулоса қилиш керак бўлади”, – деди у.

Kun.uz’нинг ЖК ва МЖтКда қанақа жазо белгилангани, яъни санкцияларни тўлиқ эсда сақлашнинг имкони бор деб ҳисоблайсизми, деган саволига ректор шундай жавоб берди:

Айрим муҳим моддаларни эслаб қолиш табиий, лекин тўлиқ билиб бўлмайди, билишга зарурат ҳам йўқ”, – деди у.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Мавзуга оид