Жамият | 17:06 / 08.09.2020
19204
4 дақиқада ўқилади

«Тадбирни ўтказишга жиддий қаршиликлар бўлган» — бундан 3 йил олдин Тошкентда 8 тонналик ош дамланган эди

Бундан 3 йил олдин – 2017 йил 8 сентябрда Тошкентда «Ўзбегим» номи остида йирик фестивал бўлиб ўтган ва унда дамланган 8 тонналик ош Гиннеснинг «Рекордлар» китобига киритилган эди.

Пойтахт марказидаги Амир Темур хиёбонида ўтказилган оммавий тадбир халқ сайлига айланиб кетган, унда Тошкент учун ноодатий тарзда бир неча ўн минглаб кишилар қатнашган эди.

Фестивал ташкилотчиларидан бири – Масс-медиа фонди раҳбари Комил Алламжонов Telegram'даги саҳифасида уч йил олдинги тадбирни ёдга олиб, уни ташкил этиш осон кечмагани, «акахонлар» томонидан қаршиликлар бўлгани, бирор кор-ҳол бўлса, уни ўша заҳоти қамаш билан таҳдид қилингани кабилар ҳақида ҳикоя қилиб берди.

«Албатта, ушбу тадбирни ташкиллаштириш осон кечмаган. 8 тонналик қозондан тортиб, унга мос махсус капгирлар, қозон ўчоғи-ю, уни қиздириш учун газ ҳажми бехато олиниши зарур эди. Акс ҳолда, миллионлаб одамлар орасида шарманда бўлиш ҳеч гап эмас.

Яна бир масала, ош пишса-ю, лекин рекорд ўрнатилмай қолса, унда нима бўлади, деган хавотирда эдим. Яна ҳам даҳшатлиси, кутилмаганда қозон оғирликка дош беролмай, ёрилиб кетса-чи, деган қўрқув бор эди. Нафақат мен, балки ошпазларнинг ўзи ҳам озгина саросимада. Бир сирни айтай, 8 тонна ош дамлаш учун керак бўлган қозон чизмасини тайёрлаб беришни сўраб, сув ҳавзаси (бассейн) яратувчи лойиҳачиларга буюртма берганмиз.

Қозонни эса Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбари бошчилигидаги гуруҳ чўяндан қуйиб берган. Қозон тайёр бўлганда, тадбирдан аввал унда бир неча тонна ёғни яхшилаб қиздириб, тоблаб, сўнг ўша заводнинг ўзида бир маротаба ош дамлаб кўришга қарор қилдик. Биринчи ош ҳам жуда ширин чиқди. Энди шунча ошни нима қиламиз, деб ўйлаб тургандик, ишонасизми, бир неча тонна ошни завод ходимларининг ўзи бир соатга қолмай паққос тушириб, тугатиб қўйишди.

Ниҳоят, 8 сентябрда тадбиримиз бошланди. Кутилмаганда шаҳар марказига ёғилиб келган минглаб, ўн минглаб одамнинг ҳаммаси қозон томон ёпирилди. Ўша лаҳзада мени росмана ваҳима босди. Аллоҳдан фақат тадбиримиз тинчлик билан, нохушликларсиз ўтишини сўрадим.

Агар ўша пайтда бирор бир одамга шикаст етса, тамом бўлардик. Тадбирни ўтказишга яхшигина қаршиликлар ҳам бўлган ва ҳатти-ҳаракатларимни «лупа остидан» кузатиб, хато қилишимни пойлаб турган «акахонлар» ҳам бор эди. «Агар бирор кор-ҳол бўлса, сизни ўша заҳоти қамаймиз», деган гапларни ҳам бир неча маротаба эшитганмиз. Юз минглаб ОДАМ келади, бирон фавқулодда ҳолат бўлиб қолса, унга ким жавоб беради, деган зиддиятли муҳокамалар... (Оҳҳҳ!) Мен ҳам «албатта, мен ўзим жавоб бераман!» деб қўрқмай гапирган эканман ўшанда. Ҳозир эсласам, ўзим ваҳимага тушиб кетаман.

Ўша пайтда менга куч берган инсон бу – президентимиз эдилар. Улар менга ишондилар. Хуллас, ниҳоят тарихий воқеа юз берди. Ўзбек палови Гиннесснинг рекордлар китобига киритилди», – деб ёзади Комил Алламжонов.

У тадбирга ошпаз Баҳриддин Чустий ва блогер Хушнудбек Худойбердиев бош-қош бўлганини таъкидлаган; рекорд миқдордаги палов дамлаш ғояси Баҳриддин Чустийдан чиққанини эслаб, айни кунларда коронавирусдан даволанаётган таниқли рестораторга саломатлик тилаган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид