Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда кутилаётган эко-объектлар: жамоат парки, сунъий кўллар, дендрология боғлари ва ОТМда фавворалар
Тошкент шаҳар онкология шифохонаси ўрнида йил охиригача яшил жамоат парки ташкил этилиши керак. Бу йил шаҳарда 4 та сунъий кўл ёки сув ҳавзалари пайдо бўлиши ҳам кутилмоқда. Пойтахтдаги 15 та ОТМ ҳудудида фавворалар қурилади. Ядро физикаси институти ва Green University олдидаги майдонларда дендрология боғларини ташкил этиш ишлари 1 апрелдан бошланиши белгиланди.
Фото: Kun.uz
“Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш юзасидан президент фармони қабул қилинди.
Унга кўра, 2026 йил якунига қадар:
- Чилонзор тумани Лутфий маҳалласи Боғистон кўчасида жойлашган Тошкент шаҳри онкология шифохонаси ўрнидаги 4,36 гектарда яшил жамоат парки ташкил этилиши;
- Тошкент шаҳрида 4 та сунъий кўл ёки сув ҳавзалари ташкил этилиши лозим.
2026 йил 1 апрелдан қуйидаги экологик объектларни барпо этишни ҳам бошлаш вазифаси қўйилди:
- Мирзо Улуғбек туманидаги Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти ва унга туташ бўлган 250 гектарда дендрология боғи (Ёқилғи-энергетика ва кимё саноати соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда “Ўзбекистон-Корея кимё технологиялари инновация маркази”ни ташкил қилишга мўлжалланган ер майдони бундан мустасно);
- Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) қаршисидаги Тошкент ва Қибрай туманларидаги 83 гектарда дендрология боғи;
- чанг бўронларининг олдини олиш учун Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида “яшил девор”лар;
- Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган давлат олий таълим муассасалари ҳудудида камида 1 та, жами 15 та фаввора;
- Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида шаҳарсозлик нормаларидан келиб чиқиб камида биттадан фаввора.
Жаҳон банкининг “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳаси доирасида кўзда тутилган маблағларнинг бир қисмини Тошкент шаҳри атрофида “яшил белбоғ” барпо этиш лойиҳасига йўналтириш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақдаги қарор лойиҳасини 1 ой муддатда киритиш вазифаси белгиланди.